27-июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан Тошкент шаҳар ИИББда фаолият юритаётган соҳа вакилларини тақдирлаш тадбири ўтказилди. Унда ИИББ раҳбарияти, Ахборот мультимедия маркази ва ИИББ ЙҲХБ Ахборот хизмати ходимлари иштирок этди. Пойтахт ИИББ бошлиғи, генерал-майор Азиз Ташпулатов ахборот хизмати жамоасини касб байрами билан табриклар экан, ўз табрик сўзида бугунги шиддат билан ривожланаётган замонда ахборотлар оқимининг ранг-баранглиги, маълумотларга бўлган эҳтиёжлар фуқароларимизнинг ҳаётида муҳим аҳамиятга эгалигини таъкидлади. Аҳолимиз эътиборига тўғри, ҳаққоний ва холис маълумотларни етказиш борасидаги журналистлар, блогерлар ва матбуот хизмати вакилларининг машаққатли меҳнатларига тўхталди. Чунончи, пойтахтимизда тинчлик ва осойишталикни сақлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жиноятчиликка қарши кураш, аҳолининг ҳуқуқий билим ва савияларини ошириш, уларнинг мурожаатлари ва эҳтиёжларини ўрганиш, ҳал этишда, жамоатчилик фикрини шакллантиришда ахборот хизмати томонидан амалга оширилаётган ишларни эътироф этди.
Пойтахт ИИББ Ахборот ва мултимедиа маркази ходимларининг меҳнатларини юксак эътирофи сифатида ходимларга Фахрий ёрлиқ ва пул мукофотлари тантанали тарзда топширилди.