13 Август 2024 йил 1116

Андишанинг оти «қўрқоқ»...ми?!

         Фарҳоднинг негадир бугун ишга боргиси келмади. Аммо шундоқ ҳам шериги Дилмурод савдода ғирромлик қилаётгани уни ишга отланишга мажбур қилди. Дилмурод Фарҳоднинг йўқлигида харидорларга маҳсулотларнинг нархини белгиланганидан ошириб айтар, натижада харидорлар олмай кетарди. Фарҳод ўзи савдо қилган кунлари эса савдо кўнгилдагидай кечарди. Дилмуроднинг тушумларда ҳам қўли эгрилигидан шубҳа қилган Фарҳод шунча пайт андиша қилгани, бугун эса очиқчасига гаплашишни кўнглига тугди: ахир қачонгача чидайди, таниши бўлса ундан нари. Нима учун унга «қоровул» бўлиши керак, уни деб зарар кўриши керак?! Негаям уни ишга олган ўзи, одам қуригандек?! Таниш-билишликнинг оқибати шундай бўлиши керакми?!


         Ўшанда 2023 йилнинг 27 май куни эди. Фарҳод оёғи тортмаганига қарамай, соат ўн яримларда дўконга кириб келди. У келганда бир-икки харидор афтидан,  кийимларнинг нархини сўрагану, қимматлигидан норози бўлиб чиқиб кетишаётганди. Фарҳод дабдурустдан Дилмуродга қараб:


       – Тўғрисини айт, нима сўрагандию, нархини қанча дединг?!


       – Ҳеч нарса сўрашмади. Қараб-қараб, индамай чиқиб кетишди.


       Аммо Фарҳод Дилмуроднинг кўзларини олиб қочиб гапиришидан алдаётганини сезиб, уни ёлғончиликда ва қинғирликда айблай бошлади. Дилмурод ҳам жим турмади:


       - Э-э-э, олсанг ишингни оласан, жонимни олармидинг?! Қўлингда осмон бўлса, ташлаб юбор, ҳе сени...– дея баланд келиб, ҳақоратлади.


        Ҳақоратдан жаҳлини жиловлай олмаган Фарҳод пештахта устида турган қайчини олиб, жон-жаҳди билан Дилмуродга санча кетди. Яхшиямки, ёнидаги дўкон сотувчиси ва расталарни айланиб юрган харидорлар уларни ажратиб, тегишли жойларга қўнғироқ қилишди.


          – Жаҳл келганда, ақл кетар, деб донолар бежиз айтишмаган, – дейди Чилонзор тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, лейтенант Баҳром Эгамбердиев. – Фарҳод шеригининг қинғир ишларидан хабардор экан, айбларини айтиб, оддийгина ишдан бўшатиб юбориши мумкин эди. Афсуски, таниши бўлгани учун юзидан ўта олмаган. Охири эса ўзига жабр бўлди.


          Суд-тиббий экспертизаси жабрланувчига ҳаёт учун хавфли жароҳатлар етказилганлиги, умумий меҳнат фаолиятининг 33 фоизини йўқотишга сабаб бўлганлигини тасдиқлади.


          1999 йилда туғилган, маълумоти ўрта, икки нафар фарзандли, илгари судланмаган Фарҳод Жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани суди томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми «л» банди («Қасддан баданга оғир шикаст етказиш») билан айбдор, деб топилди. Суд мазкур кодекснинг 57-моддасини қўллаб, Фарҳодни ҳар ойлик иш ҳақининг 30 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда, 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига ҳукм қилди.

Барча янгиликлар

Text to speech