Турдибой аканинг фаолияти спорт билан боғлиқ бўлгани боис, фарзандларини спортга ошно қилди. Ёшликдан спорт билан чиниққан, жисмоний соғлом ва бақувват бўлиб вояга етган Баҳодир ички ишлар идораларига хизматга кирди. Унинг жиноятчиликка қарши кураш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасидаги хизматлари, ўзини тутиши, юриш-туриши, ҳарбий тартиб ва интизоми, мавқеи ва шижоатига ҳавас қилган Бекзод Усманов ҳам акасининг изидан боришга аҳд қилди. 2008 йилда Олимпия заҳиралари спорт мактабини эркин кураш йўналиши бўйича тамомлаган қаҳрамонимиз иккиланмай ҳужжатларини Тошкент шаҳар ИИББга топширди. Спорт устаси мақомини олган, жисмонан соғлом, иродаси мустаҳкам, интилувчан, дунёқараши шаклланган Бекзод имтиҳон ва синовлардан муваффақиятли ўтиб, Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги “Қўриқлаш” бўлимида хизматни бошлади. Ёш ва зийрак, мақсади ва қарори қатъий бўлган Бекзодга катта сержант Одил Майлиев устозлик қилди. Унинг ёрдамида Бекзод хизмат кўникмалари, ўзига хос жиҳатларини ўзлаштириб, вазифаларини сидқидилдан бажариб келди. Хизмати давомида кўплаб ташкилот ва корхоналарда талон-тарожлик, хонадон ўғирликлари, безорилик каби жиноятларнинг олдини олишга муваффақ бўлди. Бунда унинг спорт маҳорати, чаққон ва абжирлиги иш берди. Оммавий тадбирлар, тантаналар, байрамлар, халқ сайиллари, жамоатчилик гавжум жойларда қўлига эрк берган муштумзўр, зўравонларнинг шаштини кураш усулларини қўллаб жиловлашга, “қайноқ” бошларини “совутиб” қўйишга тўғри келган пайтлар ҳам кўп бўлган.
2014 йилдан буён сафдор Бекзод Усманов пойтахтимизнинг Яшнобод тумани ИИО ФМБ қўриқлаш ва хизмат кўрсатиш ходими лавозимида хизматни давом эттириб келмоқда. Хизматдан бўш вақтларида ўз жисмоний мақомини йўқотмаслик, маҳоратини ошириш мақсадида спорт билан шуғулланишни канда қилмайди. Хизматлари давомида республика ИИВ ва Тошкент шаҳар ИИББ раҳбарияти томонидан ташаккурномалар, фахрий ёрлиқлар ва бошқа мукофотлар билан тақдирланган. Уч қиз ва бир ўғилнинг отаси бўлган қаҳрамонимиз фарзандлар тарбиясига катта эътибор беради. Бўш вақтларида уларнинг таълим-тарбияси, қизиқиши, машғулотлари, орзулари ҳақида суҳбатлашади. Касб танлашда ўзи адашмагани каби уларнинг ҳам адашмаслигини истайди. Агарда улардан бирида ички ишлар тизимида ишлаш истаги туғилса, қўллаб-қувватлашини таъкидлайди. Зотан, Ватан тинчлик-осойишталигини сақлаш, халқи манфаатларига хизмат қилишдан кўра шарафлироқ ва юксакроқ вазифа йўқ.