Юрти ва халқи тарихини ўрганиш – етук инсон бўлиб етишиш йўлидаги муҳим қадамдир
Маънавият ҳар қандай шахснинг шахсиятини шакллантиришда катта роль ўйнайди. Шу боис, Тошкент шаҳар ИИББ Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази қошида ташкил этилган махсус ўқув курслари тингловчилари учун Зангиота зиёратгоҳига ташриф уюштирилди.
Ёдгорлик мажмуасига мақбара, минора, масжид, Зангиотанинг рафиқаси Анбар Биби мақбараси жойлашган қабристон, шунингдек, катта ва чиройли боғга эга бўлган ҳовли киради. Мажмуа ўзининг гўзаллиги билан бетакрор бўлиб, мусулмонлар учун муҳим маънавий аҳамиятга эгадир.
Шундан сўнг тингловчилар баландлиги 375 метр бўлган Тошкент телеминорасига ташриф буюрдилар. У Марказий Осиёда иккинчи энг баланд минора ҳисобланади. Масъул ходим уларга телеминора қурилиши 1978 йилда бошланган бўлиб, 6 йил давом этганлиги ҳамда қурилиш тарихи ҳақида сўзлаб берди. Сўнгра ёшлар “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуасига ташриф буюришиб, хиёбон марказида жойлашган зангори гумбазни томоша қилдилар.
Мажмуага ташриф тингловчиларда катта таассурот қолдирди.