26 Июн 2022 йил 2423

Юрт тинчлиги учун жонини фидо қилган мард

Ички ишлар органлари ходимлари фуқаролардан шахсини тасдиқловчи ҳужжатни сўраганида, буни ҳар ким турлича қабул қилади. Айримлар буни тўғри тушуниб, ҳужжатларини тақдим этади, айримлар эса бу жараён жамоат тартибини сақлашда нақадар муҳимлигини англамасдан, норозилик билдиради. Айнан ҳуқуқ тартибот ҳимоячиларининг сергаклиги, ўз касбига содиқлиги - пойтахтимиз тарихида бир неча маротаба фожеаларнинг олдини олишга хизмат қилган. Баъзида, эса юзлаб инсонларнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун ходимлар ўз жонини қурбон қилишларига тўғри келади... 

Шундай қаҳрамонлардан бири, кўп йиллар Тошкент шаҳар ички ишлар органларида хизмат қилган ва хавфли жиноятчилар билан курашда ҳалок бўлган профилактика инспектори капитан Наиль Валиулин эди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1998 йил 13 январдаги Фармони билан Н. Валиулин вафотидан кейин II-даражали “Шон-шараф” ордени билан тақдирланди. Бу ажойиб инсонни ҳамма яхши хотиралар билан ёдга олади.

Декабрь тунларидан бири (1997 йил 2 декабрь куни), Шайхонтоҳур тумани ИИБ профилактика инспектори капитан Наиль Валиулин шогирди старшина Абдурашид Тиркашев билан ўзига бириктирилган ҳудудни кўздан кечириб чиқаётган эди. Ресторан ёнида улар “Жигули” русумли автомобилни кўриб қолишди, бу ҳолат ходимларга ғалати туюлди: сабаби машина кундузи ҳам айнан ўша ерда турган эди. “Жигули” маҳаллада яшовчиларга ҳам, ресторан ишчиларига ҳам тегишли бўлмаган... Улар машинага яқинроқ келганларида, қоронғу салонда кимдир борлигини кўриб сергак тортишди. Автомобил ичидаги уч нафар шахсдан профилактика инспекторлари ҳужжатларини тақдим этишларини сўрайди. Тайинли жавоб ололмагач, уларга шахсини аниқлаш учун таянч пунктига боришларини таклиф қилишди. Капитаннинг илтимосига жавобан ҳайдовчи ўриндиғида ўтирган шахс машина эшиклари қулфланмаслиги сабабли уни тарк этмаслигини маълум қилган. Қолган икки нафар фуқаролар эса Валиулин билан таянч пунктга боришди. Аммо у ерда ҳам фуқаролар ходимнинг саволларига тайинли жавоб бермаган. Капитаннинг шубҳаси кучайгач, у автомобилни кўриб чиқишга қарор қилади.

“Жигули” салонида ўтирган эркак яқинлашиб келаётган ходимларни кўриб, қуролни тайёрлаб нишонга олди. Буни сезган капитан тўппончаси ола туриб, Абдурашид Тиркашевга имкон қадар узоқроқ масофага кетиб эҳтиёт бўлишни буюрган.

Шу пайтда машинада ўтирган шахс ўқ узишни бошлади. Унинг шериклари таянч пункти биносидан югуриб чиқиб, ўртоқларига ёрдамга шошди. Отишма бошланди. Н. Валиулин яралангач ҳам қаҳрамонларча курашишни давом этди. Жиноятчилардан бири қўлига граната олиб, уни кўп қаватли уйлар томон улоқтирмоқчи бўлди. Аммо уни хонадонлар ойнасига улоқтиришга улгурмади: капитан фожеани олдини олишга улгуриб, зарбани ўзи қабул қилди. Жиноятчи воқеа жойида ҳалок бўлди. Профилактика инспектори “тез ёрдам” машинасида ҳаётдан кўз юмди. 

Капитан Н. Валиулиннинг довюраклиги ва жасорати сабабли катта фожеанинг олди олинди. Агарда жиноятчи гранатани улоқтиришга улгурганида, қурбонлар сони кўпроқ бўлар эди. Капитан, шогирди Абдурашид Тиркашевни ҳаётини ҳам асраб қолди.

Н. Валиулин илгари ҳам хавфли жиноятчилар билан тўқнашар эди. Ҳар сафар, ўз ҳаётини хавф остига қўйиб бўлсада, қонунбузарларни тўхтатарди. Унинг ҳаётидаги жиноятчилар билан сўнгги курашиши ҳам аниқлик ва маҳорат билан амалга оширилди. Юрт тинчлиги учун қаҳрамонларча ҳаётдан кўз юмди.

Барча янгиликлар

Text to speech