3 Март 2023 йил 711

Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказида ташкил этилган махсус бир ойлик курс якунига етди

Хабарингиз бор Тошкент шаҳар ИИББ томонидан Жорий йилнинг биринчи февраль кунидан бошлаб бир ой давомида “Ҳар бир вояга етмаган ёш тақдири давлат ҳимоясида” шиори остида ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан ёрдамга муҳтож, оилавий шароити оғир бўлган 50 нафар вояга етмаган болалар учун махсус курс ташкил қилинди.

Ойлик доирасида шаҳар ҳокимлиги, Соғлиқни-сақлаш, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик, Ёшлар сиёсати ва спорт бош бошқармаси ҳамда Халқ таълими бош бошқармаси ҳамкорлигида ишчи гуруҳ тузилди. Бир ой давомида вояга етмаган болалар ва уларнинг ота-оналарига тиббий, ижтимоий-ҳуқуқий, педагогик ва психологик ёрдам кўрсатилди. Марказга қабул қилинган болалар бўш вақтларини мазмунли ўтказиши бўйича маънавий ва маърифий тадбирлар, психологик тренинг машғулотлари ва психологик терапиялар, спорт мусобақалари, бошқа кўнгилочар тадбирлар ҳамда давра суҳбатлари ўтказилди. Шунингдек, Марказда вояга етмаганларни касб-ҳунарга йўналтириш, Ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда етук инсон бўлиб етишиши учун профессионал мутахассислар томонидан мотивацион давра суҳбатлари ўтказилди.

Махсус курс якунида 4 нафар болаларнинг қизиқишларидан келиб чиқиб ихтисослаштирилган спорт мактабларига жойлаштириш таклифи берилиб, сертификат топширилиб, спорт кийимлари ва анжомлари совға қилинди. Бир нафарига туғилганлик ҳақида гувоҳнома, икки нафарига 16 ёшга тўлганлиги муносабати билан “ID” паспортлари топширилди. Тиббий ёрдамга муҳтож бир нафар болага Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказига жарроҳлик амалиётини ўтказиш учун имтиёзли йўлланма берилди. вояга етмаган болалар билан яратилган психологик портретлар натижасига кўра 36 нафар вояга етмаган болаларга спорт турига қизиқишларини инобатга олиб Тошкент шаҳар Ёшлар сиёсати ва спорт бош бошқармаси томонидан яшаш ҳудудлари бўйича Спорт мактабларида бепул машғулотлар ўтказишлари учун сертификатлар берилиб, спорт анжомлари совға қилинди. Ота-онасининг қаровисиз қолган 3 нафар вояга етмаган бола Меҳрибонлик уйларига жойлаштирилди.

Шунингдек, болалар учун тантанали кузатув маросими ўтказилди. Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи, шаҳар Солиқ бошқармаси бошлиғи, шаҳар прокуратураси ва бошқа мутасадди ташкилотлар, халқимиз ардоғидаги санъаткорлар иштирок этган тадбирда Марказ тарбияланувчилари ҳамда уларнинг ота-оналари учун байрам дастурхони ёзилди ва концерт дастури намойиш этилди.

Барча янгиликлар

Text to speech