10 Июн 2023 йил 9312

Расмий маълумот

Ижтимоий тармоқларда бир қиз автомобилда ички ишлар ходими кийимида сигарет чекаётгани ва беҳаё сўзларни ишлатаётгани тасвирланган видео тарқалди. Ушбу видео Тошкент шаҳар ИИББ томонидан ўрганилди.

Аниқланишича, мазкур видеодаги қиз мактаб ўқувчиси – вояга етмаган 2006 йилда туғилган С.А. бўлиб, унинг ота-онаси билан бирга профилактик суҳбат ўтказилди. Уларга қиз ички ишлар органлари формасини рухсатсиз кийиш билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 209 прим.1-моддасига кўра, яъни формали кийим-бош кийиб юриши назарда тутилган вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар ҳарбий хизматчилари ҳамда ходимларининг тасдиқланган намунадаги ҳарбий, идоравий ва махсус формали кийим-бошини бундай ҳуқуққа эга бўлмаган шахслар томонидан кийиб юриш тақиқлангани ва бу хатти-ҳаракати билан у қонунни бузгани тушунтирилди. Суҳбат давомида қиз ушбу формани таниши 20 ёшли Ш.М.дан олгани ва ушбу видео унга тегишли бўлган «Cobalt» русумли автомобилда суратга олинганлигини билдирган. Текширув жараёнида Ш.M. ушбу формани қонунга хилоф равишда сақлаганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат бўйича қизнинг онаси В.A.гa нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 47-моддаси (“Фарзандларни тарбиялаш ва ўқитиш бўйича мажбуриятларни бажармаслик”) билан маъмурий баённома расмийлаштирилган. Шунингдек, Ш.М.дан форма ўрнатилган тартибда олиб қўйилган. Ш.M. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 209 прим.1-моддаси (“Вазирлик, идора va ташкилотлар ходимларининг кийим-кечакларини қонунга хилоф равишда кийиш”) билан жавобгарликка тортилган, суд томонидан унга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баробари миқдорида жарима жазоси тайинланган.

Барча янгиликлар

Text to speech