5 Июн 2022 йил 1921

Агар ҳайвонларга нисбатан шафқатсизлик ҳолатларига гувоҳ бўлсангиз зудлик билан ички ишлар органларига хабар беринг

Ижтимоий тармоқларда Юнусобод туманидаги “Қўшчинор” маҳалласида, номаълум шахс мушукни отгани ҳамда ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш ҳолатлари кузатилаётгани ҳақида хабарлар тарқалган. Мазкур ҳолат юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз.

2022 йилнинг 2 июнь куни Юнусобод туманидаги 3-сонли ИИБга, “Қўшчинор” маҳалласида яшовчи 41 ёшли Малика С. мурожаат қилган. У 27 май куни уйидаги мушугини кўчага чиқариб юборганлигини, бир ярим соатдан кейин мушуги қайтиб келганлигини, бироқ унинг бурун қисмидан қон оқаётганлигини ҳамда эрталаб қон тўхтамаганлиги сабабли мушугини ветеринария клиникасига олиб борганлигини маълум қилган.

Текширув давомида, шифокор жарроҳлик йўли билан мушукнинг бурун қисмидан думалоқ металл жисмни олиб ташлади, бу “пневматик” қуролларда ишлатиладиган металл ўқ бўлган. Айни дамда мушукнинг ҳолати яхши бўлганлиги сабабли, эгаси назоратига бериб юборилган.

Ҳозирда аёлнинг аризаси асосида Юнусобод тумани ИИО ФМБ ходимлари томонидан текширув ўтказилмоқда. Шунингдек, ижтимоий тармоқларда “Қўшчинор” маҳалласида бошқа ҳайвонларга нисбатан ҳам шафқатсиз муносабатда бўлиш ҳолатлари ҳақидаги хабарлар тарқалаётганлиги, бироқ бундай ҳолатлар юзасидан ички ишлар органларига ҳеч қандай мурожаат келиб тушмаганлигини маълум қиламиз.

Ҳурматли пойтахтимиз аҳолиси ва меҳмонлари! Aгар сизнинг уй ҳайвонингиз ёки яқин атрофдаги эгасиз жонзотлар кимлардир томонидан жароҳатланаётган бўлса, қонунда белгиланган тартибда ушбу ҳолатлар ҳақида хабар беринг: ҳолатларнинг ҳеч бири эътибордан четда қолмайди ва текширилади.

Барча янгиликлар

Text to speech