Қора дори истеъмол қилганнинг ҳам, унинг савдоси билан шуғулланганнинг ҳам сўнгги борар манзили ўз умрининг заволига бориб тақалади. Мўмай пул эвазига бундай оғу савдоси билан шуғулланадиганларнинг хизматини қилиш эса ҳам ўзининг, ҳам ўзгаларнинг ҳаётини хавф остига қўйиш демакдир. Ички ишлар вазирлиги Тезкор қидирув хизмати департаменти, Жиноят қидирув бош бошқармаси ҳамда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда “Қора дори - 2023” тадбирлари ўтказилмоқда.
Бектемир тумани Абай МФЙ Қўқон дарвоза кўчасида 24 июнь куни икки нафар йигит ўзларининг шубҳали хатти-ҳаракатлари билан ходимлар эътиборини тортди. Улар тўхтатилиб, холислар иштирокида текширилганда йигитлардан бирининг чўнтагидан бир дона қизил рангли елим ўрама, елкасида бўлган портфель ичидан эса 21 дона худди шундай ўрамлардаги жигар рангли ўтсимон ва кристаллсимон аралашма моддалар борлиги аниқланиб, холислар иштирокида расмийлаштириб олинган.
Биринчи гумонланувчи: “Ёзнинг бошида биз дўстим Никита билан иш изладик. Интернатда курьерлик бўйича эълонни кўриб қолиб улар билан боғландик. Дастлаб, биз нима етказиб бериш кераклиги ҳақида билмаган эдик. Дўстим интернетдан бир дастурни юклаб олди ва улар бизга дастур орқали қандай ишлаш кераклигини ўргатишди. Шундан сўнг дўстим уларга олдиндан 500 рубль миқдорида тўлов қилди. Кейин бир кунимиз иш ўрганишга кетди ва биз билдикки, бу тақиқланган гиёҳванд моддалар савдоси экан. Биз бу ишда кўп ишламасликка қарор қилдик”.
Суриштирув ишлари давомида йигитлар ушбу моддани «спайс» номли гиёҳванд моддаси эканлигини, «Хасан» исмли шахс билан ўзаро келишиб, геолокация орқали олганлигини айтишди.
Иккинчи гумонланувчи: “24 июнь куни дўстим билан улар кўрсатган манзил яъни Тошкент вилоятидаги Юқори Чирчиқ туманига бордик. Четроқда дала жойга кўмилган нарсани олдик ва уларга олганимиз ҳақида расм юбордик. Ўралган нарсани очиб кўрганимизда унинг ичидан 25 та ўрамда ҳар бирида 2 граммдан «спайс» бор эди. Кейин улар бизга қаерга бориш кераклиги ҳақида локация юборишди. Манзил Бектемир тумани экан. Улар 3 соат вақт беришар, биз учун бу вақтда ўрамларни белгиланган жойга бориб кўмиб келиш қийин вазифа эди. Сабаби 10 та ўрамни биз кун бўйи жойлаштирганмиз. Вазифани бажараётган вақтимизда эса бизни Ички ишлар ходимлари кўриб қолишди”.
Йигитлар интернетдаги кўринмас наркокурьер томонидан бошқарилган ва уларга доим қисқа вақт ичида топшириқни тезкорлик билан бажариш талаби қўйилган. Агарда улар бу ишдан бош тортишса, уларни аянчли хотима кутиши билан қўрқитиб келинган.
Ҳозирда йигитларга нисбатан Жиноят кодексининг 273-моддаси яъни гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб, қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек, уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш бўйича жиноят иши қўзғатилган.