Жорий йилнинг 29 февраль куни Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғига бириктирилган ёшлар билан ишлайдиган масъуллар билан ишчи гуруҳ йиғилиши ўтказилди. Унда пойтахт ИИББ бошлиғи генерал-майор Азиз Ташпулатов, Ёшлар ишлари агентлиги, Меҳнат миграцияси Агентлиги, Тошкент шаҳар мономарказ бошлиқлари, ИИББ ва барча туман ИИО ФМБ раҳбарияти ва бошқа масъуллар иштирок этди. Учрашувда Тошкент шаҳридаги 3-сектор раҳбариятига бириктирилган ёшлар билан ишлаш механизмининг ўзига хос жиҳатлари муҳокама қилинди.
Маълумки, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Президент фармонига кўра, алоҳида ишлаш талаб этиладиган, шунингдек, истеъдодли ва иқтидорли ёшлар “Ёшлар баланси” асосида вазирлик ва идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, давлат иштирокидаги корхона ва ташкилотлар ҳамда олий таълим ташкилотлари раҳбарларига бириктирилган. 3-сектордаги ёшларга Ички ишлар вазирлиги масъул этиб белгиланган.
Тадбирда сўзга чиққан Азиз Ташпулатов мазкур йўналишда бир қатор ишлар олиб борилаётганлигини, лекин натижага эришиш учун барча ташкилотлар ҳамкорлик қилиши лозимлигини таъкидлади. Жумладан, ёшларни қўллаб-қувватлаш тадбирларида ички ишлар органлари ходимлари билан бир қаторда ҳамкор ташкилотлар - Республика Ёшлар ишлари агентлиги, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги, “Ишга марҳамат” мономарказининг маҳалла еттилиги билан бирга ишлаш механизми яратилиши керак. Зеро, маҳалла еттилиги, айниқса ҳоким ёрдамчиси ва ёшлар етакчиси ёш ўғил-қизларнинг энг яқин ҳамкори ва ишончли вакилларидир. Уларнинг кўмагида ҳар бир ёш алоҳида ўрганилади, қизиқишларига индивидуал ёндашилади.
Тошкент шаҳридаги 3-секторда истиқомат қилувчи ёшларнинг баланси шакллантирилиб, 7 тоифага ажратилди. Бу тоифадаги ёшларга бошқарма ва бўлимларнинг раҳбарлари масъул этиб бириктирилди. Ҳар бир ёшнинг муаммоси хонадонма-хонадон юриб ўрганилади, ҳаётда ўз йўлини топиши учун нафақат унинг, балки оила аъзоларининг ҳам муаммосини ҳал этиш чоралари кўрилади. Масъул раҳбар ҳар ойда камида бир маротаба ўзларига бириктирилган ёшлар билан учрашиб, уларнинг салоҳиятини юзага чиқаришга, талаб юқори бўлган касб-ҳунарга ўқитиш орқали бандлигини таъминлашга, ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтиришга ҳар томонлама кўмаклашади.
Учрашувда сўзга чиққан ташкилот раҳбарлари ўз йўналишидан келиб чиқиб амалга оширадиган иш режаси ва тадбирлари, жорий этилаётган янги ташаббуслари билан ўртоқлашдилар.
Йиғилиш сўнгида амалга оширилиши керак бўлган ишлар юзасидан масъулларга кўрсатма ва зарур топшириқлар берилди.