25 Май 2024 йил 1243

«Маъмурий ислоҳотлар доирасида адлия органлари ва муассасаларининг масъулиятини янада ошириш ҳамда ихчам бошқарув тизимини шакллантириш тўғрисида»ги Президент Фармони қабул қилинди

Фармонга кўра адлия органларининг қуйидаги қўшимча 4 та фаолият йўналишлари белгиланди:

аҳолининг кундалик ҳаётида учрайдиган ҳуқуқий муаммоларни аниқлаш, уларни таҳлил қилиш ва бартараф этиш бўйича амалий чоралар кўриб бориш;

жойларда аниқланган тизимли муаммоларни бартараф этишга қаратилган қонунчилик ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш;

фуқароларга бепул бирламчи юридик ёрдам кўрсатиш тизимини йўлга қўйиш ва мувофиқлаштириб бориш;

давлат органлари ва ташкилотлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида

ягона ҳуқуқни қўллаш амалиётини шакллантиришда уларга методик ёрдам кўрсатиб бориш.


Фармон билан, туман (шаҳар) адлия бўлимларига қуйидаги қўшимча вазифалар юклатилди:

аҳоли томонидан кўтарилаётган долзарб муаммоларни кўриб чиқиш ва ҳал этиш учун ҳар ойда маҳаллаларда «Адлия куни» тадбирларини ўтказиш. Бунда олис ҳудудлардаги маҳаллаларда

ҳар ойда камида икки маротаба сайёр давлат хизматларини кўрсатиб бориш;

уйма-уй юриш ва «Ҳуқуқий кўмак» акцияларини ўтказиш орқали фуқаролар кундалик ҳаётида аниқланадиган ҳуқуқий муаммоларни бартараф этиш бўйича қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш;

«маҳалла еттилиги»га қонунчилик ҳужжатларининг моҳияти

ва аҳамиятини оддий ва халқчил тилда етказиш, улар томонидан «Online-mahalla» платформасига киритилган аҳолининг кундалик ҳаётидаги ҳуқуқий масалаларга оид муаммоларини ҳал этиб бориш;

аҳолига, авваламбор «Темир дафтар», «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари» ҳамда «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимига киритилган фуқароларга бепул бирламчи юридик ёрдам кўрсатилишини таъминлаш;

ёшлар, хотин-қизлар, ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларни, шунингдек тадбиркорларни қонунчиликда белгиланган имтиёзлар, преференциялар, субсидиялар, грантлар ҳамда улардан фойдаланиш тартиби ҳақида хабардор қилиш;

давлат органларининг туман (шаҳар) бўлинмалари, ҳокимликлар ҳамда маҳаллаларда ягона ҳуқуқни қўллаш амалиётини шакллантиришда уларга методик ёрдам кўрсатиб бориш.


Фармон билан, аҳоли ва тадбиркорларга давлат хизматларини кўрсатишда қўшимча қулайликлар яратилмоқда:

– 2024 йил якунигача давлат хизматларини кўрсатишда шахсни биометрик идентификация қилиш – Face-ID усули ишга туширилади. Бунда, давлат хизматлари марказига келган фуқаролардан шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиш талаб этилмайди;

– фуқаролар давлат хизматлари марказлари ҳамда нотариал идоралар орқали Mobile-ID тизимида бепул идентификация қилинади;

Mobile-ID – шахсни унинг телефон рақами орқали аниқлаш тизими.

– янги давлат хизматлари кўрсатишни жорий этишдан аввал улар, заруратга кўра, маълум ҳудудда 6 ойлик синовдан ўтказилади;

– давлат хизматлари марказлари ва Ягона портал орқали кўрсатиладиган 13 та янги хизматлар жорий этилмоқда ҳамда

18 турдаги хизматлар проактив ва композит шаклларга ўтказилмоқда;

– айрим давлат хизматларидан маҳалладан чиқмай фойдаланиш учун якка тартибдаги тадбиркорларга агент сифатида 15 турдаги давлат хизматларини кўрсатишга рухсат берилади;

Солиқ қарзи мавжуд эмаслигига оид маълумотномаларни олиш, халқаро имтиҳон бўйича юқори балл олган ёшларга имтиҳон топшириш харажатларини қоплаб бериш ва бошқалар.

– аҳоли гавжум жойларда, маҳаллаларда 24/7 режимида онлайн давлат хизматларини кўрсатадиган интерактив киосклар босқичма-босқич ўрнатилади.


Фармонга кўра:

1) «Маҳалла ҳуқуқшуноси» лойиҳаси амалга оширилади, маҳалла раислари кундалик ҳаётда керак бўладиган ҳуқуқий соҳалар бўйича қисқа муддатли бепул ўқув курсларида ўқитилади;

2) маҳаллаларда ҳафтанинг ҳар чоршанба куни «Ҳуқуқий тарғибот куни» ўтказилади ва қуйидаги тадбирлар амалга оширилади:

– «Online-mahalla» платформасига киритилган ва жойларда аниқланган муаммоларнинг ҳуқуқий ечимларига қаратилган манзилли ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ташкил қилинади;

– аҳоли учун энг долзарб масалаларни аниқлаш орқали улар юзасидан ҳуқуқий тушунтириш ва маслаҳатлар берилади;

– ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламлари учун имтиёзлар

ва моддий ёрдам бериш, нафақа тайинлаш, ишсизликдан ҳимояланиш, вақтинчалик иш билан таъминлаш, ижтимоий ёрдам олиш тартиби бўйича тизимли ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ўтказилади;

– кундалик ҳаётда энг кўп зарур бўладиган давлат хизматларидан фойдаланиш тартиби ҳамда улардан Ягона портал ва бошқа электрон ресурслар орқали фойдаланишнинг афзалликлари тўғрисида ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ташкил қилинади;

3) 2024 йил 1 июлдан фуқароларга бепул бирламчи юридик ёрдам кўрсатиш тартиби жорий қилинади. Бунда, Адлия вазирлиги томонидан «Мадад» ННТ билан ҳамкорликда республиканинг барча туман

ва шаҳарларидаги давлат хизматлари марказларида ҳуқуқий маслаҳат бюролари босқичма-босқич ташкил қилинади.

Ҳуқуқий маслаҳат бюролари томонидан аҳолига бепул ҳуқуқий маслаҳатлар берилади, шунингдек низоларни судгача ва суд орқали

ҳал этишда зарур бўладиган процессуал ҳужжатларни тайёрлашда кўмаклашилади.


Фармонга кўра:


1) ёшларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ҳамда ҳуқуқий иммунитетини шакллантиришга қаратилган «Мамлакат келажаги – қонунга итоаткор ва ҳуқуқбузарликка тоқатсиз ёшлар билан» ғояси асосида:

– ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасизлик муносабатини шакллантириш, уларда қонунларга ҳурмат, мамлакат тақдирига дахлдорлик ҳамда ватанпарварлик ҳиссини кучайтиришга қаратилган комплекс ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ташкил қилинади;

– адлия органларига ёшларнинг ташрифини ташкил қилиш орқали «Тенгдошимга ҳуқуқий ёрдам» тадбирлари ўтказиб борилади;

– ҳуқуқшунослик касбининг обрўси ва нуфузини ошириш, ёшларда ушбу касбга нисбатан ҳурмат ва фахр туйғуларини шакллантириш, уларни ҳуқуқий билим олишга қизиқтириш бўйича амалий тадбирлар ташкил қилинади;

– ёшларнинг ҳуқуқий билимларини юксалтиришга қаратилган онлайн ҳуқуқий саводхонлик мактаби ташкил этилади ва у орқали бепул ҳуқуқий ўқув курслари жорий этилади;

2) мактабларда 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб:

– махсус электрон платформа орқали ҳуқуқ фани ўқитувчиларининг касбий билим ва кўникмаларини узлуксиз ошириб бориш ҳамда уларни методик таъминлаш тизими йўлга қўйилади;

– ўқувчилар ўртасида «Ҳуқуқ билимдони» фан олимпиадаси, ҳуқуқ фани ўқитувчилари ўртасида «Энг яхши ҳуқуқ ўқитувчиси» кўрик-танлови ўтказиб борилади;

– мактаб ўқувчиларининг ҳуқуқий билимларни мустақил ўзлаштиришига қаратилган кўргазмали ўқув қўлланмалари, видеороликлар, компьютер ўйинлари ва мобил иловалар яратилади;

3) мактабларда «Ҳуқуқ синфи» ва ҳуқуқ фанлари чуқурлаштирилган ҳолда ўқитилишини ташкил этиш орқали юридик кадрларни тайёрлашда «мактаб – лицей – техникум – университет» тизими жорий этилади;

4) Наманган ва Самарқанд вилоятлари юридик техникумлари негизида ТДЮУнинг академик лицейлари очилади.

Мазкур лицейларнинг иқтидорли битирувчилари «юриспруденция» йўналишидаги олий таълим муассасаларига суҳбат асосида тест синовларисиз қабул қилинади.


Фармонга кўра:

1) Адлия вазирлиги тизимидаги 4 та малака ошириш ташкилотлари негизида Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти ташкил этилади;

2) Тошкент давлат юридик университети ҳамда Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида қуйидаги йўналишларни қамраб олувчи илмий тадқиқ қилиш тизими йўлга қўйилади:

– адлия органлари фаолияти, ҳуқуқий хизматлар кўрсатиш,

суд экспертиза, архив иши ва иш юритиш соҳаларини илмий-методик

ва консультатив жиҳатдан таъминлаш;

– аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ишлари самарадорлигини илмий тадқиқ этиш ва тавсиялар ишлаб чиқиш;

– ҳуқуқшуносликнинг долзарб масалалари бўйича фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар олиб бориш;

– юридик таълим ва ҳуқуқий хизматлар кўрсатиш соҳаларини ҳуқуқий технологияларни қўллаш орқали ривожлантиришга қаратилган илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш;

– лойиҳавий ёндашув асосида ҳудуд ва соҳалардаги ҳуқуқий муаммоларни жойига чиққан ҳолда тадқиқ қилиш ва таклифлар тайёрлаш.


Унга кўра, 2025 йил 1 январдан Адлия вазирлиги ҳузуридаги Персоналлаштириш агентлиги томонидан юритиладиган Аҳолининг ягона электрон реестри жорий этилади.

Аҳолининг ягона электрон реестри Ўзбекистон фуқаролари, Ўзбекистонда доимий яшовчи чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг шахсга доир маълумотлари ягона электрон базаси ҳисобланади.

Реестр тегишли ахборот тизимлари билан интеграция қилинади ҳамда фуқароларга давлат хизматларини кўрсатиш, нотариал ҳаракатларни расмийлаштириш, банк, коммунал, суғурта ва бошқа оммавий хизматларни кўрсатишда ушбу реестрдан фойдаланилади.


Фармонга мувофиқ, 2024 йил 1 июлдан 2026 йил 1 июлга қадар ҳуқуқий эксперимент тариқасида Тошкент шаҳрида қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган айрим давлат хизматларини кўрсатиш бўйича маъмурий ҳужжатларни судгача кўриб чиқишнинг янги тартиби жорий этилади.

Ҳуқуқий эксперимент доирасида:

– Адлия вазирлиги ҳузурида Олий апелляция кенгаши ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаси ҳузурида Апелляция кенгаши ташкил қилинади;

– апелляция кенгашлари маъмурий органларнинг қонунчиликка мувофиқ бўлмаган давлат хизматларини кўрсатиш соҳасидаги маъмурий ҳужжатларини судгача кўриб чиқиш натижасида ушбу ҳужжатларни ўзгартириш, қисман ёки тўлиқ бекор қилиш тўғрисида қарорлар қабул қилади (бундан қонунчиликка мувофиқ фақат суд тартибида бекор қилинадиган ёки ўзгартириладиган ҳужжатлар мустасно);

– маъмурий органларнинг қонунчиликка мувофиқ бўлмаган давлат хизматларини кўрсатиш соҳасидаги маъмурий ҳужжатларини апелляция кенгашлари томонидан кўриб чиқиш манфаатдор шахсларнинг шикоятлари ҳамда давлат хизматларини кўрсатишни мониторинг қилиш натижаларига кўра амалга оширилади;

– апелляция кенгашларининг қарорлари «E-qaror» электрон тизимида эълон қилиб борилади, шунингдек, маъмурий шикоят бўйича маъмурий иш юритуви иштирокчиларига маълум қилинади ва маъмурий органлар томонидан уларнинг бажарилиши мажбурий ҳисобланади;

– апелляция кенгашларининг қарорлари юзасидан манфаатдор шахс томонидан суд тартибида шикоят қилиниши мумкин, маъмурий органлар учун мазкур қарорлар қатъий ҳисобланади ва уларнинг устидан шикоят қилиниши мумкин эмаслиги белгиланмоқда.


Фармонга кўра, 2024 йил 1 июндан давлат органлари ва ташкилотлари томонидан қонунчилик ҳужжатлари ва ислоҳотлар мазмун-моҳиятини аҳолига етказишнинг янги тартиби жорий қилинади.

Бунда:

– Адлия вазирлиги томонидан давлат органларининг фаолият йўналишларидан келиб чиқиб ҳуқуқий тарғибот материаллари тайёрланади ҳамда уларнинг энг қуйи бўғинигача Ягона ҳуқуқий ахборот алмашиш тизими орқали юборилади;

– давлат органларининг ҳуқуқий ахборотни етказишга оид фаолияти рақамлаштирилади ва ҳуқуқий тарғиботнинг инновацион усуллари кенг татбиқ этилади;

– давлат органларида ўз фаолияти соҳасига оид ҳуқуқий ахборотларни аҳолига етказиш фаолиятини ташкил қилиш ҳамда мувофиқлаштиришга масъул бўлинмалар белгиланади;

– давлат органлари томонидан қонунчилик ҳужжатлари ва ислоҳотлар мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш даражаси ва сифати улар фаолиятининг самарадорлигини баҳолаш мезонларидан бири ҳисобланади.

– давлат органлари ҳуқуқни қўллаш амалиётидаги мавжуд муаммолар, қонунчиликдаги бўшлиқ ва зиддиятларни бартараф этиш бўйича таклифларини Ягона ҳуқуқий ахборот алмашиш тизими орқали Адлия вазирлигига киритади.


Барча янгиликлар

Text to speech