15 Aprel 2022 Yil 583

Тошкент шаҳар ИИББ карталардаги пулларни ўғирлашнинг янги усули пайдо бўлгани ҳақида огоҳлантирди

Тошкент шаҳар ИИББ ўзбекистонликларни пластик карталардаги пулларни ўғирлашнинг янги усули пайдо бўлгани ҳақида огоҳлантирди.  

Фото: Тошкент шаҳар ИИББ

Қайд этилишича, сўнгги пайтларда Тошкент шаҳар ИИББга ўзгалар пластик карталаридан пул маблағларини ўзлаштиришнинг янги фирибгарлик йўллари ҳақидаги мурожаатлар келиб тушиши кўпайиб бормоқда.

Номаълум шахслар ўзи танлаган маълум бир гуруҳ аъзоларига гуруҳ маъмурлари номидан тасодифий тарзда аниқланадиган “акцияда” ғолиб бўлгани ҳақида хабар юбормоқда. Шундан сўнг, улар пул мукофотини ғолиб бўлган фойдаланувчи пластик картасига ўтказишга тайёр эканига ишонтириб, бунинг учун ҳаволага амал қилишни сўрайди.

Билдирилишича, бундай ҳаволалар эса Ўзбекистонда маълум бўлган тўлов тизимлари сайтларига олиб борувчи ҳаволаларга ўхшашлиги сабабли, кўпчилик фуқароларнинг эътиборсизлиги ва янглишиб қолиши оқибатида салбий ҳолатларга олиб келмоқда.

 

Тошкент шаҳар ИИББ интернет фойдаланувчиларини ҳушёр ҳамда эътиборли бўлишга, турли хил лотереялардаги “тасодифий” ютуқларга ишонмасликка, шубҳали ҳаволаларга кирмасликка ва пластик карталари маълумотларини киритмасликка чақирган. 

“Айниқса, картангизнинг амал қилиш муддатини кўрсатиш ва SMS орқали келган “тасдиқлаш коди”ни юбориш ҳақидаги сўров шубҳа уйғотиш учун асос бўлади.

Агар, ҳозирда сизнинг пластик картангизда пул маблағлари бўлмаса ҳам, махфий маълумотларни киритиш фирибгарлар учун келажакда сизнинг картангиздан ғараз ниятларда фойдаланиб, ҳисобингиздаги барча пулларингизни ечиб олиш имконини беради.

Илтимос, интернет тармоғи орқали сизга келаётган ҳар қандай хабарлардан огоҳ бўлинг”, дейилади расмий хабарда.

Barcha yangiliklar

Text to speech