Учтепа тумани ИИОФМБ ЖТСБ саф бўлинмаси ППХ ходимлари ҳам қаровсиз қолдирилган автотранспорт воситалари, велисопед, скутер, самокад ва болалар аравачаси кабилар билан боғлиқ жиноятларнинг олдини олиш мақсадида профилактик-огоҳлантирув тадбирлари ўтказиб келишмоқда. Кўча ва жамоат жойларида криминоген вазияти оғир бўлган маҳаллалар ҳудудида қўшимча патруль йўналишлари ташкил этилиб, ўткир тиғли жисмлар билан содир этилиши мумкин бўлган жиноятларнинг олдини олиш юзасидан “Тиғ” профилактик тадбири кучайтирилган тартибда олиб борилмоқда. Натижада, ППХ ходимлари томонидан йил бошидан шу кунга қадар жами 1000 дан ортиқ ўткир тиғли ва бошқа шубҳали буюмлар фуқаролар томонидан мақсадсиз олиб юрилганлиги сабабли олиб қўйилган. Шу йилнинг ўтган даври мобайнида туман ИИОФМБ ЖТСБ саф бўлинмаси ППХ ходимлари томонидан кўча ва жамоат жойларида содир этилган 100 га яқин жиноят соҳавий хизмат ходимлари билан ҳамкорликда, шундан 6 таси эса ППХ ходимлари томонидан шахсан фош этилишига эришилган. Шунингдек, 65 нафар қидирувда бўлган шахслар соҳавий хизмат ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирлар давомида ушланган. Жорий йилнинг 28 июнь куни тахминан соат 16:00 лар атрофида Учтепа тумани 14-даҳа Лутфий кўчасида тан жароҳати етказиш билан боғлиқ жиноят юзасидан хабар тушади. ППХ ходимлари зудлик билан воқеа жойига етиб боради. Жабрланувчи 2000 йилда туғилган Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида истиқомат қилувчи У.Ю. исмли аёлни Қашқадарё вилояти Китоб туманида яшовчи 1997 йилда туғилган таниши ўзаро келишмовчилик оқибатида баданининг турли жойларига тан жароҳати етказиб қочиб кетганлиги маълум бўлади. Ходимларнинг тезкор чора-тадбирлари натижасида гумонланувчи узоққа кетиб улгурмасидан ушланади ва қонун ҳукмига топширилади. Куну тун хизматда бўлган ходимлар ўзлари фаолият олиб бораётган йўналишда фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш учун доимо ҳушёр туришади. Тунда, яъни шу йилнинг 11 июль куни тахминан соат 02:00 ларда содир этилган жиноят фикримизнинг исботидир. Учтепа тумани 30-даҳасидаги мебель дўкони олдида «Спарк» русумли автоуловдан бир йигит тушиб, йўл кира ҳақини беради ва йўлдан ўтиб кўп қаватли уйлар томон ҳаракатлана бошлайди. Шубҳали кўринган шахс хизмат вазифасини ўтаб юрган ходимлар унинг ортидан тушишади. Осойишталик посбонларининг шубҳалангани бежиз эмас экан. Ёш йигит қўрқиб кетиб, чўнтагидаги нарсани йўл четидаги бетон ариққа ташлаб юбориб ўзи қочишга тушади. Аммо абжир ва чаққон ходимлар унинг ортидан етиб бориб қўлга олишади. Ариққа ташлаб юборилган нарса эса «Кент» русумли сигарет пачкаси ичида оқ рангли қоғозга ўралган ва 1 дона 1000 сўмлик купюрага ўралган сигарет маҳоркасига аралаштирилган ўткир ҳидли тўқ жигар рангли гиёҳвандлик воситаси эканлиги маълум бўлади. – Юқоридаги каби жиноятларни «иссиқ изида» очишда жонбозлик кўрсатган ва ҳамкасбларига ҳар томонлама намуна бўлаётган ходимларимиз талайгина, – дейди туман ИИОФМБ ЖТСБ катта инспектори, капитан Фатхулла Эшонхўжаев. – Улар ЖТСБ саф бўлинмаси ППХ 1-отряд гуруҳ командирлари, сафдорлар сардор Йигиталиев, Саидакбар Шомуродов, Мардонбек Раҳмоналиев ҳамда сафдор ходимлар Ойбек Тоштемиров ва Раҳматжон Хожиматовлардир.