18 Mart 2022 Yil 1012

ОДАМЛАРНИНГ ҚУВОНЧУ ТАШВИШИГА ШЕРИК

Мартнинг 17 санасида Эсон ака ва Дилбар опа хонадонида ўғил фарзанд дунёга келди. Эр-хотин халқимизнинг азалий байрами бўлмиш – янги кун, янгиланиш ва яшариш айёми арафасида таваллуд топган ўғлонига яхши ниятлар билан Наврўз дея исм қўйишди.

Наврўзбек вояга етиб, ўрта мактабни битириб ҳарбий хизматга отланди. Йигитлик бурчини адо этиб қайтгач, Жиззах политехника институтига ўқишга кирди. Олий таълим муассасасини тугатгач, бир муддат Нарпай туманидаги «Оқтош Шаҳзод транс» корхонасида ишлади. Кунларнинг бирида у Тошкент шаҳар ИИББ идора ва тизимларида вакант жойлар бўйича берилган эълонни ўқиб қолиб, ҳужжатларини топширди. Номзодларни саралаш жараёнларидан муваффақиятли ўтган қаҳрамонимиз 2021 йилнинг 19 июлидан эътиборан пойтахтимизнинг Сергели тумани ИИОФМБ 4-сонли ИИБда фаолият юритиб келмоқда.
Лейтенант Наврўзжон Холов ҳозирда туманда «Бирдамлик» маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган 216-сонли ҳуқуқ-тартибот масканида профилактика инспектори лавозимида хизмат қилади. Бу ерда устози, профилактика катта инспектори, майор Бахтиёр Эшмирзаевдан соҳага оид сир-асрорларни ўрганиб, олган билим ва тажрибасини фаолияти давомида қўллаб келмоқда.

Лейтенант Н. Холов хизматни бошлаганига ҳали кўп вақт бўлгани йўқ. Лекин ўтган қисқа вақт ичида маҳалла аҳолиси билан тезда тил топишиб кетди. Уларнинг қувончу ташвишига бирдек шерик бўлмоқда. Муаммоларини ҳал этиш йўлида бор имкониятини ишга солиб ҳаракат қилмоқда.
Яқинда маҳаллада истиқомат қилувчи Лобар Расулова уйида ишсиз ўтириб моддий жиҳатдан қийналиб қолганлиги бўйича мурожаат этган эди. У тикувчилик курсида ўқитилиб, сўнгра тикув машинаси олиб берилди. Ҳозирда ўз ҳунари ортидан рўзғорини тебратмоқда. Мана шу каби кўпгина хайрли ишларни амалга оширишда маҳалла фаоллари билан биргаликда лейтенант Наврўз Холовнинг ҳам ҳиссаси бор, албатта.

Сарвар СОБИРОВ,
«Postda» мухбири

Barcha yangiliklar

Text to speech