Айни пайтда мамлакатимиз бўйлаб “Темир интизом ва ҳалоллик – муваффақият калити” шиори остида “Интизом ойлиги” ўтказилмоқда. Тизимда хизмат интизоми ва қонуннийликни мустаҳкамлаш мақсад қилинган мазкур ойлик пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур тумани ИИОФМБ томонидан ҳам уюшқоқликда ўтказилмоқда.
– Ойлик доирасида бир қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда, – дейди Шайхонтоҳур тумани ИИОФМБ гуруҳ катта инспектори, майор Ҳусниддин Раҳматуллаев. – Ҳар куни хизмат фаолиятини эрталабки йўриқномадан бошлаб, раҳбариятнинг топшириғини етказамиз. Давлатимиз ва дунёда юз бераётган янгиликлардан воқиф этамиз. Ходимларнинг оиласи ва хизматда муаммолар бор-йўқлиги бўйича улар билан якка тартибда суҳбат ўтказамиз. Ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган ходимларнинг хонадонига бориб, оиласини ўрганяпмиз. Зарур ҳолларда уларга ижтимоий-моддий кўмак берилмоқда. Шунингдек, ҳар куни ходимлар юритувида бўлган ҳужжатларнинг муддати сабабсиз ўтиб кетишининг олдини олиш борасида иш ҳужжатлари текшириб келинмоқда. Маъмурий бино ва унинг атрофи санитария ҳолатини яхшилаш мақсадида бино атрофига ҳар хил турдаги гуллар ва манзарали дарахт кўчатлари экилди.
Ойлик доирасида ходимларнинг хизмат ва шахсий автотранспорт воситаларини қонуний асосда, йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилган ҳолда бошқаришлари текширилиб, шу мақсадда рейд тадбирлари ўтказиб келинмоқда.
Жисмонан соғлом, маънан етук инсонгина жамиятга наф келтиради. Бажараётган ишида самарадорлик бўлади. Шуни назарда тутган ҳолда бошқарма раҳбарияти томонидан ходимларнинг саломатлигига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда шахсий таркиб тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилди.