20 Iyun 2022 Yil 861

БАРЧА АМАЛ ҚИЛСАГИНА...

Пойтахтимизда жорий йилнинг ўтган 5 ойи мобайнида 398 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган. Бунинг оқибатида 54 киши бевақт дунёдан кўз юмган, 344 киши турли даражада жароҳат олган. Албатта, ушбу ҳолатлар йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилинмаслигининг аянчли оқибатидир.
Йўл ҳаракати қоидаларига амал қилинишини таъминлаш фақат соҳа ходимлари зиммасидаги вазифа эмас. Автоҳалокатларнинг олдини олишда кенг жамоатчилик, ҳар бир фуқаро жон куйдириши керак. Шу мақсадда жорий йилнинг 1 июнидан 1 июлига қадар пойтахтимизда «Ҳаракат хавфсизлиги ойлиги» тадбири ўтказилмоқда. Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ходимлари томонидан йўлларда ҳаракат хавфсизлигини яхшилаш ва йўл ҳаракати қоидалари талабларини фуқароларга етказиш бўйича бир қатор тарғибот тадбирлари амалга оширилмоқда.

«Ҳаракат хавфсизлиги ойлиги»нинг дастлабки 15 куни давомида оммавий ахборот воситаларида 91 марта чиқиш қилинди. Жамоат жойларида, маҳаллалар ва автотураргоҳларда 47 дан ошиқ учрашувлар ташкил этилди. Жумладан, Яшнобод туманида жойлашган 2-автобус саройида ҳайдовчилар билан учрашув ташкил этилди. Унда янги таҳрирдаги йўл ҳаракати қоидалари ҳақида маълумот берилди. Ҳайдовчиларнинг гувоҳномалари, автомобиль воситаларининг техник паспортлари назоратдан ўтказилди. Хавфсизлик воситалари, ўт ўчириш ускуналари, тиббиёт қутиси ва бошқа зарур жиҳозларнинг мавжудлиги текширилди. Шунингдек, хавфсизликни таъминлаш, ҳаракатланиш вақтида доим ҳушёр бўлиш, қоидаларга амал қилиш, иш фаолиятини белгиланган талаб ва қоидалар асосида ташкил этиш мақсадга мувофиқ эканлиги яна бир бор эслатилди.

Ойлик доирасида тез тиббий ёрдам бригадаси автокорхоналарида ҳам учрашувлар бўлиб ўтмоқда. Уларда ЙПХ инспекторлари томонидан ҳаракатланиш қоидалари билан бир қаторда, тез тиббий ёрдам машинаси учун махсус имтиёзлар ҳақида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

– Пойтахт кўчаларида ҳаракатланаётган автотранспорт воситалари ҳайдовчилари янги қоидалар билан таништириб бориляпти, – дейди Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ Ахборот хизмати бошлиғи, майор Қаҳрамон Худойберганов. – Бундан ташқари, янги таҳрирдаги қоидаларни бузган ҳайдовчилар огоҳлантирилиб, келгусида бу каби хатоларга йўл қўймаслик уқтирилмоқда. Пиёдалар ўртасида ҳам тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш учун таъсир чораларини кучайтириш, фуқароларни ҳушёрликка чорлаш мақсадида автоҳалокатларда абгор ҳолатга келиб қолган автомобиллар юкланган махсус тарғибот автокарвонлари амалга оширилмоқда. Бундай тадбирлар Шайхонтоҳур туманидаги «Чорсу» бозори, Чилонзор туманидаги «Magic city» кўнгилочар парки ва «FLO-Redtag» савдо маркази автотураргоҳлари олдида ўтказилди.

Ҳаракат хавфсизлиги ойлиги давом этмоқда. Унда барчамиз бирдек масъулият билан иштирок этайлик. Шундагина ўзимизни, яқинларимизни ва ўзгаларнинг ҳаётини сақлаб қолишга ҳисса қўшган бўламиз.

© POSTDA – На посту

Barcha yangiliklar

Text to speech