Тошкент – Чимкент автомобиль йўлидаги ЙПХ маскани халқимиз тилига «Уч қаҳрамон» ибораси билан анча сингиб кетган. Шу боис пойтахтнинг Юнусобод туманини Тошкент вилояти Тошкент тумани билан боғловчи йўлдаги ушбу ҳудудга ортиқча таъриф беришнинг ҳожати йўқ. Таҳририятимизга соҳа фахрийлари, кенг жамоатчилик томонидан мазкур ҳудуднинг «Уч қаҳрамон» номи билан аталишига қарамай, осойишталик посбонларига ўрнатилган ҳайкалнинг олиб ташлангани, айни пайтда, унинг қаерда эканлиги билан боғлиқ саволлар, мурожаатлар келиб тушди.
Тарихга бир назар
Бу мудҳиш воқеа 1988 йилнинг июнида эрта тонгда юз берган эди. Шаҳар чеккасидаги «Чимкент» постида навбатчилик қилаётган ДАН ходимларига қуролли жиноятчилар ҳужум қилишади. Бундан олдин ҳам кўплаб оғир жиноятлар, шу жумладан, қатор қотилликлар содир этган жиноятчилар шу тарзда яна қуролга эга бўлмоқчи эдилар. Қаттол жиноятчилар билан шафқатсиз олишувда Тошкент шаҳар ИИББ ДАНБ патруль-пост хизмати нозирлари – милиция старшиналари Олимжон Асқаров ва Муса Гашимов ўз жанговар постида ҳалок бўлишади. Қочишга уринган жиноятчилардан бирини тутиш пайтида патруль-пост хизмати нозири, милиция катта лейтенанти Маткарим Матчанов оғир яраланди ва касалхонада вафот этди.
Кўрсатган мардлиги ва қаҳрамонлиги, ғоят хавфли жиноятчиларни ушлаш ҳамда зарарсизлантириш чоғида моҳирона ҳамда қатъият билан ҳаракат қилганлари учун учала ходим «Қизил Юлдуз» ордени билан мукофотланади. ДАН пости эса уларнинг шарафига «Уч қаҳрамон» номини олади.
Мурожаатни ўрганиб
Хўш, бугун ушбу ҳайкал қаерда? Унинг кейинги тақдири нима бўлади? Ушбу саволлар билан биринчи юзланган манзилимиз Тошкент вилояти Тошкент тумани «Авлиё ота» МФЙ бўлди.
– «Уч қаҳрамон» ҳайкали чамаси 2–3 йил аввал бузилганди, – дейди маҳалла раиси Абдумалик Салимов. – Ҳайкал ўрнатилган ҳудуд маҳалламизга тегишли. Лекин унинг бугунги тақдири ҳақида аниқ бир маълумотга эга эмасмиз.
Саволимизга жавоб излаб тегишли ташкилот ва идора масъуллари, хусусан, «Уч қаҳрамон» ЙПХ маскани бошлиғи, Тошкент ҳалқа автомобиль йўли муҳандиси, Тошкент тумани ҳоким ўринбосари, Юнусобод тумани ИИБ бошлиғи ва ниҳоят пойтахт ИИББ Ахборот хизмати билан боғландик. Ва суриштирувларимиз натижасида кенг жамоатчиликни қизиқтирган саволларга жўяли жавобни Тошкент шаҳар ИИББдан олганимиздан мамнунмиз.
Яъни, ҳозирда Тошкент шаҳар ИИББ томонидан пойтахт ҳудудида жамоат тартибини сақлаш, жиноятчиликка қарши курашиш чоғида қаҳрамонларча ҳалок бўлган ходимларнинг хотирасини абадийлаштириш, ушбу ҳудуднинг замонавий, кўркам қиёфасини тиклаш ҳамда ободонлаштириш бўйича бир қатор манзилли ишлар бошланган. Айни пайтда «Уч қаҳрамон» ҳайкали ҳайкалтарош усталар томонидан янада бойитилган ҳолда ўрнатиш учун ҳозирлаб қўйилган. Ушбу ҳудуд яқин кунларда қайтадан замонавий кўриниш олади.
Бундан ташқари, Тошкент шаҳар ИИББ «Шон-шараф» музейида сўнгги нафасигача ўз касбига ва қасамёдига содиқ қолган мард ва жасур ходимларнинг кўрсатган жасорати ҳақидаги алоҳида кўргазмали стенд ўрнатилган. Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги арафасида тайёрланган «Тошкент шаҳар ички ишлар органлари: кеча ва бугун» номли китоб-альбомда ҳам уларнинг қаҳрамонликлари ёритилган.
Қаҳрамонлар номи барҳаёт
Ҳақиқатан ҳам шундай. Юртдошларимиздек бағрикенг, жонкуяр, инсоний фазилатларни қадрловчи, кўнгли очиқ, сахий ва бунёдкор инсонлар дунёда кам бўлса керак. Бу «Уч қаҳрамон» ЙПХ масканига бориб, бевосита ўрганишларимиз чоғида кенг жамоатчиликнинг фикрида «Бу ҳайкал нафақат хушманзара хотира хиёбони, балки етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган инсонлар қалбида ватанпарварлик туйғусини мустаҳкамлаб, саодатли тонглар шавқини туйиб, уни қадрлашга ўргатади», деган мулоҳазанинг устувор эканлигида янада яққол намоён бўлди.
-----
|
|
|
Милиция старшинаси
Муса Гашимов
1950 йил 12 июлда Озарбайжоннинг Дзегам шаҳарчасида туғилган.
У хизмат фаолиятини 1973 йилда Тошкент шаҳар ДАН бошқармаси ЙПХ 2-алоҳида дивизиони инспекторлигидан бошлаган. 1987 йилдан ЙПХ полки 1-дивизиони инспектори лавозимида хизмат қилган.
Муса Гашимов хизматдаги ютуқлари учун раҳбарият томонидан кўп маротаба фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланади. Собиқ иттифоқ ИИВнинг буйруғи билан 1981 йилда III даражали, 1986 йилда эса II даражали «Бенуқсон хизматлари учун» медаллари билан мукофотланган.
Касбига содиқ ходимнинг хотирасини абадийлаштириш мақсадида унинг оиласи истиқомат қилаётган уйга ёдгорлик ўрнатилган.
|
Милиция катта лейтенанти
Маткарим Матчанов
1958 йил 21 апрелда Тошкент шаҳрида туғилган.
У хизмат фаолиятини 1979 йилнинг февраль ойида Тошкент шаҳар ИИБ Милиция мотодивизиони милиционери лавозимида бошлаган. Кейинчалик Тошкент шаҳар ИИБ ЙҲХХда турли лавозимларда хизмат қилган. 1987 йилда Тошкент шаҳар ИИБ ДАН ЙПХ полки қидирув бўйича инспектор лавозимига тайинланган.
Тошкент шаҳар ИИББ раҳбарияти ташаббуси билан эл-юрт осойишталиги йўлида ўз жонини фидо қилган жасур ходим Маткарим Матчановнинг хотирасини абадийлаштириш мақсадида у таҳсил олган Олмазор туманидаги 22-сонли ўрта мактабда ёдгорлик ўрнатилган.
|
Милиция старшинаси
Олимжон Асқаров
1951 йил 10 октябрда Тошкент вилояти Янгийўл туманида туғилган.
1976 йилда Тошкент шаҳар ИИБ ДАН бошқармаси 2-алоҳида дивизиони йўл назорати инспектори лавозимига тайинланган.
Унинг хизматлари инобатга олиниб, 1984 йилда собиқ иттифоқ ИИВнинг буйруғи билан III даражали «Бенуқсон хизматлари учун» медали билан мукофотланган.
Унинг кенжа фарзанди Жамшид Асқаров ота касбини танлаган. Ҳозирги кунда Сергели туман ИИОФМБ қўриқлаш ва хизмат кўрсатиш гуруҳи сафдор ходими сифатида хизмат қилиб келмоқда. Фидойи ходимнинг хотирасини абадийлаштириш мақсадида у таҳсил олган мактабда ёдгорлик ўрнатилган.
|
Гулноза ТУРҒУНБОЕВА,
«Postda» мухбири