11 Fevral 2022 Yil 1662

Профилактика инспекторининг бир куни. Фидойилик шиордир унга

Ота-онасининг дуосини олиб хизматга отланган Яшнобод тумани ИИОФМБ 4-сонли ИИБ ҲПБ профилактика инспектори, капитан Убайдулла Абдурашидов дастлаб 4-сонли ИИБ навбатчилик қисмига кириб, тун давомида содир этилган воқеа-ҳодисалардан воқиф бўлди, кейин ўзига бириктирилган Катта Қўйлиқ маҳалласини пиёда айланиб чиқди.  

Соат миллари 08:30ни кўрсатарди. Ҳамкасблари –  289-ҳуқуқ-тартибот маскани профилактика катта инспектори, капитан Иқбол Бойхонов ва профилактика инспектори, лейтенант Азамат Ахматов билан 4-сонли ИИБда ўтказилган йўриқномада қатнашиб, раҳбарият томонидан берилган кўрсатма ҳамда топшириқларни иш дафтарига қайд этиб қўйди.

Соат 9:00ларда ҳакмкасблари ҳамроҳлигида туманинг Тошкент ҳалқа айланма йўли кўчасида жойлашган фуқароларни бир маротаба иш билан таъминлаш марказига бориб, ёлланма ишчилар билан профилактик суҳбат ўтказди. Уларга ҳуқуқларини тушунтириб, қонунчилик юзасидан маълумотлар бериб ўтди. Ёлланма ишчилар томонидан берилган саволларга батафсил жавоб қайтарди, муаммоси борларининг масаласи ҳал этилиши борасида тегишли чоралар кўрилди.

Шу тариқа, орадан бир соатча вақт ўтди. Маҳалла фуқаролар йиғини раиси Фаррух Раҳимов ҳамроҳлигида кўп қаватли хонадонларда яшовчи «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган хонадонларга кириб, оилавий шароити ўрганилди. Муаммоси борларига амалий ёрдам бериш режага киритилди ва ҳуқуқий тушунчалар берилди. Боқувчисини йўқотган ва ногиронлиги бор фуқаролар ҳолидан хабар олинди.

Соат 11:00да жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди ва 4-сонли ИИБ билан видеоконференцалоқа тарзидаги очиқ суд мажлиси ўтказилди. Унда ҳуқуқбузар В.Э.нинг масаласи кўриб чиқилди. Яъни, у жорий йилнинг 21 январь куни кафеда спиртли ичимлик истеъмол қилиб, сўнгра маст ҳолида «102»га қўнғироқ қилиб, уяли алоқа телефонини кимдир ўғирлаб кетганлиги тўғрисида хабар беради. У ерга ҳудуди бўйича профилактика инспекторлари етиб келади. Хабари ёлғон бўлган, боз устига, жамиятда юриш-туриш қоидаларини бузган фуқаро шу ердаги одамларни куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақорат қилади ҳамда осойишталик посбонларининг қонуний талабларини бажармасдан, уларга қаршилик кўрсатади.

Суд мажлисида ҳуқуқбузар қилган қилмишидан пушаймон эканлиги, ушбу ҳолат бошқа қайтарилмаслигини билдирган. Қонун барчага баравар. Суд унга нисбатан  Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаларига биноан жазо тайинлади.

Суд мажлисидан чиққан қаҳрамонимиз ўзининг хизмат хонасига келди. 4–5 чоғли мурожаатчиларнинг муаммоларини тинглаб, ҳолат юзасидан керакли қонуний ва амалий ёрдам берилишини тушунтирди.

Тушликдан сўнг ҳудуддаги қурилиш иншоотларида меҳнат қилаётган ишчилар билан суҳбатлашиб, иш жараёнида эҳтиёт чораларини кўрган ҳолда, техника хавфсизлиги қоидаларига эътиборлироқ бўлишларини эслатди.

Маҳалла идорасига қайтаётганида Серекбой Турсуновга дуч келди.

– Ўғлим, отангга раҳмат, – деди отахон Убайдулланинг елкасига қўлини қўйиб. – Баракалла, ҳамкасбларинг билан маҳалламиз осойишталигини таъминланлашда фидойилик кўрсатяпсан. Маҳалла оқсоқоли ва фаоллари билан ҳамкорликда ҳудудимиз янаям обод бўлишида ўз ҳиссангни қўшяпсан. Биз кексалар доим дуодамиз. Чарчама, сендай ўғилни тарбиялаган ота-онангга минг раҳмат.

Соат 18:00дан 20:00га қадар эса устози – профилактика инспектори, капитан Иқбол Бойхонов билан кўп қаватли хонадонларда ижарада яшаётган фуқароларга берилган муддат ичида вақтинчалик  рўйхатдан ўтиб олиши тўғрисида тушунтириш ишларини олиб борди. Ёрдам сўраганларининг масаласини дафтарига қайд этиб қўйди.

У. Абдурашидов 21:00да 4-сонли ИИБда кечки йўриқномада қатнашди.  Кун давомида амалга оширган ишлари юзасидан бўлим раҳбариятига ҳисобот берди. Шу тариқа, кун кўнгилсиз ҳодисаларсиз ўтди. Бундан хотиржам бўлган осойишталик посбони уйига йўл олди.

Уйида уни ота-онаси, турмуш ўртоғи ва фарзандлари кутиб ўтирарди. Дастурхон ёзилди. Оила катталари дуо қилишди. Овқатланганидан сўнг ота-онаси билан бироз суҳбат қурди. Бугунги куни баракали ва унумли ўтганидан масрур У. Абдурашидов фарзандлари билан болаларча ўйнади. Буларнинг барчаси эртанги хизмати учун куч-қувват бағишлаши шубҳасиз.

Сарвар СОБИРОВ, «Postda» мухбири.

Абу КЕНЖАЕВ олган суратлар.

 

Barcha yangiliklar

Text to speech