3 Fevral 2022 Yil 1379

ПОЙТАХТНИНГ КЎЗГА КЎРИНГАН МАСКАНИ

– Хастимом маҳалласи 1997 йилда ташкил топган, – дейди ҳудуддаги 188-сонли ҳуқуқ-тартибот маскани профилактика катта инспектори, подполковник Шодиёр Равшанов. Маҳаллада 440 та ҳовли-жой бўлиб, уларда жами 6300га яқин фуқаро истиқомат қилади.

Жорий – Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йилида инсон қадрини улуғлаш, ҳар бир одамнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш устувор экан, юқоридаги каби оилалар тотувлиги жамиятимиз асоси бўлган маҳалланинг ўзида ҳал этилаётгани ҳам эзгу амаллардан биридир.

Ҳудуд шаҳримизнинг энг кўзга кўринган ва сайёҳлар кўп ташриф буюрадиган масканларидан. Чунки бу ерда «Ҳазрати Имом» мажмуаси жойлашган, унга ҳамоҳанг тарзда Ислом цивилизацияси маркази биноси қурилиши ишлари олиб борилмоқда. Ушбу марказ келажак авлод учун улкан маданий мерос бўлиб қолиши ҳам бизга ғурур бағишлайди. Шунингдек, ҳудуддаги Абдулла Қодирий боғида буюк адибимиз номидаги ижод мактаби, кутубхона ва музей қад кўтарди.

Яқинда Президентимиз ташаббуси билан маҳаллаларда ҳоким ёрдамчиси ва ёшлар етакчиси лавозими жорий этилди. Маҳаллага бириктирилган ҳоким ёрдамчиси Жасурбек Ҳусанов ўз вазифасига тезда киришиб, МФЙ маслаҳатчилари ва фаоллари билан биргаликда аҳоли хонадонларига бирма-бир кириб чиқди. Камбағалликни қисқартиришш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш бўйича йўл харитасини белгилаб олди. 

Дастлабки саъй-ҳаракатлари ҳам ёмонмас. Маҳалладан ўтган канализациядан сув тошиб, 3 та хонадонга зарар етказганлиги бўйича мурожаат тушган эди. Ҳолат юзасидан жойига бориб ўрганилиб, муаммо ҳал қилинди. Икки нафар тадбиркорликка қизиққан фуқаро билан суҳбатлашди. Ҳозир улар тадбиркорликка йўналтирилиб, ўқитилмоқда. Келгусида уларга ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиши учун имтиёзли кредит олишга тавсиянома бериш режалаштириляпти.

Ёшлар етакчиси Абдулатиф Эргашев ҳам яқиндагина фаолиятини бошлади. Ҳозирда маҳалла ёшларининг муаммоларини ўрганмоқда. Унинг вазифаси ёшларнинг вақтини мазмунли ўтказиш, уларни касб-ҳунарга ўргатиш, тадбиркорликка қизиқадиганларини аниқлаб, ўз бизнесини бошлашига шароит яратишдан иборат. Ҳали иш бошлаганига кўп бўлмаса-да, 11-мактабда маҳалладаги ёшлар ўртасида футбол мусобоқасини ташкиллаштирди.

Жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида тарғибот ва ташвиқот ишлари мунтазам равишда олиб борилмоқда. Муқаддам судланган ёки жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган фуқаролар ҳамда жиноят содир этишга мойил бўлган шахслар билан мулоқот ўтказилиб, энг аввало, уларнинг бандлигини таъминлаш, оиласига моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш ишларига алоҳида эътибор қаратиляпти.

Профилактика инспекторлари Нотинч оилалардан хабар олиб, туришади, ҳар куни 20 та оилага кириб профилактик суҳбат олиб боришади. Суҳбат давомида муаммолар ўрганилиб, мутасадди идора вакиллари билан бирга ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.

Жорий йил мобайнида маҳалла ҳудудида бирорта ҳам жиноят содир этилишига йўл қўйилмади. 2021 йилда юз берганларининг барчаси қисўа фурсатларда фош этилди.

– Маҳалламиз кундан-кунга чирой очиб, обод бўлиб бормоқда, – дейди биз билан суҳбатда маҳалла фуқароларидан бири Шарифа Зиёдуллаева. – Профилактика инспекторлари ва фаоллар ҳудуд тинчлиги ва осойишталиги учун фидойиларча хизмат олиб бориши ҳамда фуқароларнинг муаммоларини ўз вақтида бартараф этишдаги жонбозликларидан аҳоли мамнун. Ҳоким ёрдамчиси ва Ёшлар етакчисининг уйма-уй юриб, аҳолининг турмуш шароитини янада юксалтириш йўлида қилаётган саъй-ҳаракатлари ҳам бизни қуонтирмоқда. Ҳудудимизда сайёҳлар энг кўп ташриф буюрадиган “Ҳазрати Имом” мажмуаси жойлашганлиги ва Ислом цивилизацияси марказининг бунёд этилаётганлиги эса кишига ғурур бағишлайди ва бундан биз фахрланамиз, албатта.

Ҳудуд осойишта ва тинч бўлсагина аҳоли фаровонлиги ошиб, юрт обод бўлиб бораверади. Хастимом маҳалласи ҳам ана шундай гўшалардан бири. Бунга биз у ерда олиб борилаётган амалий ишлар билан танишиб яна бир бор амин бўлдик.          

                                                                                       

Сарвар СОБИРОВ, «Postda» мухбири.  

Абу КЕНЖАЕВ олган суратлар.

Barcha yangiliklar

Text to speech