8 Yanvar 2022 Yil 1647

Инсонпарварлик намунаси

«УМРИМНИНГ САЛКАМ ЯРМИНИ ҚАМОҚДА ЎТКАЗИБМАН» дейди Конституциямиз қабул қилинганининг 29 йиллиги арафасида Давлатимиз раҳбарининг фармони билан афв этилган Маъруфхўжа УМАРОВ

– Туманимизда истиқомат қилувчи икки нафар фуқаро афв билан озодликка чиқди, – дейди Тошкент шаҳар Олмазор тумани ИИОФМБ Пробация бўлими бошлиғи, капитан Улуғбек Мусаев. – «Чиғатой дарвоза» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи, 1976 йилда туғилган Маъруфхўжа Умаров 2000 йилда озодликдан маҳрум қилиниб, ўталмай қолган 4 йил 3 ой жазосини ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод этилди. Қорақамиш даҳасида яшовчи, 2001 йилда туғилган Абдусалом Ғанибоев эса 2020 йили озодликдан маҳрум қилинган бўлиб, ўталмаган 3 йил 7 ой 25 кун озодликдан маҳрум қилиш жазосидан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди. 

Уларга қандай ёрдам кўрсатилгани ҳақида пробация бўлими инс­пектори, катта лейтенант Ихтиёр Ўринов қуйидаги маълумотларни берди:

– Ҳокимият томонидан 1485000 сўм бир марталик моддий ёрдам ажратилди, туман тиббиёт бирлашмаси томонидан тиббий кўрикдан ўтказилди, фуқаролик паспорти олишда ёрдам бердик.

– Диний илмим етарли бўлмагани боис бузғунчилар тузоғига тушиб қолдим, – дейди Маъруф у билан суҳбатда. – Уларнинг сохта гапларига учиб, манқуртга айланаёздим. Жазони ижро этиш муассасасида мен каби адашган маҳкумларга ходимлар томонидан олиб борилган тарбиявий тушунтиришлар натижасида диний оқимларнинг асл мақсадини англаб етдим. Қилмишимдан пушаймонман, адашдим. Президентимиздан, халқимиздан кечирим сўрадим. Кечиришди. Имкон беришди. Энди бу имкониятдан фақат яхшилик, эзгулик йўлида фойдаланаман.

Қамоқда юрган вақтимда оиламни, ота-онамни соғиниб, кўзимда ёш билан кўп ўйлардим. Нима бўлди, нега адашдим, деб ўзимни тинимсиз саволга тутардим. Саволларимнинг жавоби йўқ эди. Англаганим – эркак бошимни эгиб, фақат ва фақат афсус чекиш, тўрт девор ичида йиллаб ўтириш бўлди, холос...

Мени кута-кута кексайган ота-онам кўзларига қарашга ҳаддим сиғмаяпти, виждоним қийналяпти. Отамнинг, онамнинг юзидаги ҳар бир ажин изи, ҳар тола оқ сочи мен туфайлидир. Хушхабарни эшитиб йўқлаб келгувчи дўстларимнинг ҳаёти қувончу ширин ташвишларга тўла: бири ўғлини уйламоқчи, бири қизини узатмоқчи, бири набира тўйига ҳаракатда эканини айтганида шу-унча умрим дарё мисоли оқиб кетганига афсусландим... Куни кеча, 17 декабрь куни 45 ёшга тўлдим. Умримнинг салкам ярмини қамоқда ўтказибман... Йиллар менга етарлича сабоқ берди... Ҳозир оилам даврасидаман. Ота-онам, акам, келинойим билан яшаяпман. Менга билдирилган ишончни албатта, оқлайман.

Олмазор тумани ИИОФМБ Пробация бўлимидан яхши таассуротлар билан қайтар эканмиз, йўл-йўлакай «Чиғатой дарвоза» маҳалла фуқаролар йиғинига ҳам кириб ўтиш истаги туғилди. Раис Ҳабибулла Абдуллаев бизни очиқ чеҳра билан кутиб олди. Маъруфхўжа Умаров ва унинг оиласи ҳақида сўраганимизда, у киши чуқур хўрсиниб қўйди.

– Бу оила маҳалладаги намунали, тинч оилалардан бири, – деб гап бошлади. – Ҳамма ҳам хато қилади, адашади. Маъруфхўжа ҳам билиб-билмай қилган ишидан пушаймонда бўлди. Ота-оналари жуда яхши инсон, маҳалла фаолларидан. Бу оилага, Маъруфхўжага ишончимиз бўлгани учун ҳам ҳеч иккиланмай кафиллик хати бериш қарорига келдик. Уни ўзимиз кутиб олдик. Ўша куни уйида чинакам байрам бўлиб кетди. Кейин маҳалла идорасида унга мураббий тайинлаш тўғрисида йиғилиш ўтказилди. Профилактика инспектори, капитан Камолиддин Саидазимов билан биргаликда у билан доимий равишда тушунтириш ишлари олиб бориш, оила ва кўчада ўзини тутишини назоратга олиш лозимлиги таъкидланди. Эндиги вазифамиз Маъруфхўжани ўзига ёққан касбга йўналтириб, унинг бандлигини таъминлашни мақсад қилганмиз.

Кези келганда айтиб ўтиш жоизки, бундай қувончли хабарлар юртимизда кўп бўлади. Аммо ўзига берилган имкониятдан ҳар ким ҳам тўғри фойдаланавермайди. Умид қиламизки, Маъруфхўжа Умаров асло улардек бўлмайди. Озодликнинг қадрига етиб, фаровон ҳаёт кечиради.

 

Адолат ФАЙЗИЕВА, «Postda» мухбири. 

Barcha yangiliklar

Text to speech