24 Fevral 2022 Yil 1132

Фахрийлар – фахримиз. МУВАФФАҚИЯТ КАЛИТИ – МЕҲНАТ

Тошкент вилоятининг Тошкент туманида яшовчи Умаржон ака ва рафиқаси Ойша опа ерга меҳр берган, деҳқончиликнинг ҳадисини олган миришкорлардан эди. Улар етиштирган сархил мевалар, айниқса, узумлар тилни ёрар даражадаги ширинлиги билан донг таратганди.

Жамилахон ҳам ота-онасининг ортидан юриб, узумзорлар ичида катта бўлди. Лекин ҳеч ким уни келгусида ички ишлар органлари ходими бўлади, дея ўйламаган эди.  

Жамила оддий деҳқон оиласида туғилса-да, меҳнат қилиш билан бирга, илм олишга қизиқар, тенгдошлари орасида тиришқоқлиги ва интилувчанлиги билан ажралиб турарди. Шунинг учун бўлса керак, у ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ)нинг филология факультетини муваффақиятли тамомлади.

Тақдир экан, ички ишлар органлари ходими бўлиш ҳаваси баланд келиб, соҳада ишлаш учун ҳужжат топширди. Дастлаб Тошкент шаҳар ИИББ комендатурасида хизматни бошлади. Бу ерда жазони ўтаб, колониялардан қайтиб келган аёлларни ишга жойлаштириш ва уларнинг муаммоларини ҳал этиш ходимдан билим, тажриба ва моҳирликни талаб этарди. Бу йўлда унга подполковник Василий Шабанов, майорлар Олег Ерофеев ва Иосиф Левин каби устозлари катта ёрдам берди. Ёш ходим улардан соҳанинг тушунмаган жиҳатларини эринмасдан сўраб ўрганди.

Унинг асосий хизмат йиллари Тошкент шаҳар ИИББ Кадрлар билан ишлаш хизматида ўтди. Мазкур тизимга ўтганида, анчайин тажрибали ва ўз касбининг устаси бўлиб улгурганди. Кадрлар йўналиши бўйича хат-ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятига жиддий эътибор берар, хато-камчиликларга ўта синчковлик билан қарар эди. Шундан бўлса керак, ёш ходимлар ҳам, ҳатто ҳамкасблари ҳам кўпинча подполковник Жамила Юнусовадан маслаҳат оларди.

– Бирга ишлаган кезларимизда Жамила опадан соҳага оид кўп нарсаларни ўргандим, – дейди ИИББ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати Маънавий-маърифий ишлар бўлими ИИОда хотин-қизлар масалалари бўйича бош инспектори, подполковник Идалия Минилиева. – Ҳалигача эсимда, Тошкентнинг «Чорсу» бозорида содир этилган хунрезликларда жабр кўрган фуқаролар билан мулоқот жараёнида, уларнинг дардига малҳам бўлиб, далда бўлган эди. Ҳам хизматда, ҳам оилада ва одамлар ташвишига шерик бўлиш учун инсонда бағрикенглик ва катта қалб бўлиши даркор. Бу жиҳатлар Жамила опада мужассам эди.

– Ота-онам мени ер билан тиллашиб, ҳалол меҳнат орқасидан катта қилишди. – Кам бўлмадим, форма кийиб, юртим тинчлиги ва хотиржамлиги учун хизмат қилаётганлар қаторида фаолият юритиш насиб қилди. Шунинг учун фарзандларимнинг ҳам ёшлигидан тарбиясига жиддий эътибор қаратдим. Бўш вақтларининг унумли ўтиши учун китобга ошно тутинтирдим. Бугун фарзандларим ичида икки ўғлим ички ишлар органлари ходими сифатида фаолият юритмоқда. Бу мен учун ғурур ва фахр бағишлайди.

Сафдор Тоҳиржон Набиев Юнусобод тумани ИИОФМБ ЖТСБ ППХ отрядида ҳайдовчи ходим, сафдор Баҳодиржон Набиев эса Яшнобод тумани ИИОФМБ ЖТСБ ППХ отрядида фаолият олиб боряпти. Ҳозирда уларнинг иккиси ҳам олий таълимда таҳсил олмоқда.   

Жамила Юнусова 2007 йилда иззат-икром билан пенсияга кузатилган бўлса-да, уйида бекор ўтирмади. Тошкент шаҳар ИИББ Тиббиёт бўлими поликлиникасида кадрлар масаласи бўйича хизматни давом эттирди. Шу билан бир қаторда, ИИББ Фахрийлар кенгашида ҳам фаол қатнашиб келди.

Жамила Юнусованинг ҳаётда ва соҳада эришган муваффақиятларининг калити – меҳнатда, ўз устида тинмай ишлашида бўлган. Ҳар бир масалага диққат билан ёндашиб, то уни ўзлаштирмагунича тинчимаган. Бу эса ўсиб келаётган авлодга, айниқса,  ёш ходимларга ўрнак қилиб кўрсатса арзийдиган жиҳат.

Ҳозирда турмуш ўртоғи Собиржон ака билан қарилик гаштини сураётган Жамила опа набиралари тарбияси билан машғул. Келгусида уларнинг ҳам она Ватанга, эл-юртга садоқат руҳида, буюк аждодларимизга муносиб тарзда улғайиши йўлида қилаётган саъй-ҳаракатларининг ўзи ҳам фидойилик аслида.

Сарвар СОБИРОВ, «Postda» мухбири.

Barcha yangiliklar

Text to speech