Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот ходимлари одамларни уйда қолишга чақирувчи челленжга қўшилди

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари ҳам коронавирус пандемияси вақтида фуқароларни уйда ўтиришга чақирувчи челленжга қўшилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизмати хабар берди.

«Шу кунларда кўчаларда, жамоат жойларида, пойтахт йўлларида, шунингдек карантин эълон қилинган даволаниш муассасалари яқинида ҳуқуқ-тартибот ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш билан машғул бўлган Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари ҳамшаҳарлар ва пойтахт меҳмонларини шифокорлар тавсияларига амал қилишга, санитария ва шахсий гигиена чораларига риоя қилишга, имкон қадар уйда қолишга чақирмоқда», — дейилади хабарда.

ИИВ ва Миллий гвардия ходимлари «Биз сизнинг хавфсизлигингиз учун хизматдамиз. Сиз биз учун уйда бўлинг!» ёзуви қайд этилган варақлар билан тушган суратларини тармоқларга жойламоқда.

Аввалроқ тиббиёт ходимлари фуқароларни карантин вақтида иложи борича кўчага чиқмасликка, санитария ва шахсий гигена қоидаларида риоя қилишга чақирувчи челленж билан чиқишган эди. Энди бу ташаббусни ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари ҳам қўллаб-қувватлашмоқда.

Эслатиб ўтамиз: 2020 йил 16 мартдан юртимизда вирус кенг тарқалишининг олдини олиш мақсадида карантин эълон қилинган. Бугунги кунда фуқароларга касаллик юқиши кўрсаткичини камайтириш учун айрим аҳолига хизмат кўрсатиш объектлари фаолиятига ҳам вақтинча чек қўйилмоқда. 

20 март ҳолатига кўра Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 33 нафарга етган. Бу ҳақда Коронавирус.инфо канали доимий тарзда ахборот бериб турибди.