24 Июл 2025 йил 0

ҚУЛФЛАНИБ ҚОЛГАН КИЧКИНТОЙ — эсон-омон ота-онасига топширилди

Қуёш бутун шиддати билан заминни қиздираётган палла. Бундай иссиқда кўпчилик уйида кондиционер тагида, кўчага чиққанлар эса ўзини сояга олишга уринади. Олмазор тумани «Орзу» маҳалласи профилактика инспектори, катта лейтенант Алижон Жумаев эса маҳалла аҳли дард-у ташвиши билан куннинг тиғида хизматни давом эттирарди.

Шу пайт бир киши югурганча келиб, қўшнисининг боласи уйида қулфланиб қолганини, унга ёрдам кераклигини айтади. Ходим тезда Беруний кўчасидаги 2-уй 32-хонадонга етиб боради. Кўрсаки, хонадон эгаси Мавлуда Норбекова қулфланган эшик олдида йиғлаб ўтирар, ичкаридан эса боланинг чинқирибйиғлаётган овози эшитиларди. Катта лейтенант тезда Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармасига қўнғироқ қилди. Лекин ҳеч бир инсон боланинг йиғлашига ва онаизорнинг «боламлаб» дод солишига чидаб тура олмайди. Алижон ўйлаб ўтирмасдан, абжирлик билан 2-уйнинг 1-йўлаги 5-қаватига чиқиб, қўшнининг деразаси орқали ўтиб, ичкарида қулфланиб қолган – Зубайрни олиб, ичкаридан эшикни очди. Онаизор фарзандини бағрига босди. – Ўғлим эндигина бир ёшдан ошди, – дейди Мавлудахон. – Мен уни ёлғиз қолдириб, дўкондан ул-бул харид қилиш учун пастга тушдим. Бироздан кейин қайтиб чиқсам, эшик қулф. Ҳарчанд уринмай, оча олмадим. Ичкарида болажоним йиғларди. Жон ҳолатда ёрдам сўраб бақира бошладим. Овозимни эшитган қўшнимиз профилактика инспекторимизни ёрдамга чақирибди. У менинг ҳолатимни, боламнинг йиғлаётганини кўриб, тезда қўшнининг деразаси орқали уйимизга кириб, ўғлимни олиб чиқди. Бу ҳолатда барча айб ўзимда. Фарзандимни ёлғиз қолдириб кетмаслигим керак эди. Шу ўринда айтишим керакки, олдинлари ички ишлар органлари ходимларини бунчалик даражада ўз жонини гаровга қўйиб, одамларга ёрдам беради, деб ўйламас эдим. Энди билдимки, мана шундай қўрқмас, жасур ва мард осойишталик посбонларимиз бизнинг ҳақиқий ҳимоячиларимиз экан. Улар бор экан, юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо. – Маҳаллада 15 та кўп қаватли уй мавжуд бўлиб, уларда қарийб 5 минг нафар аҳоли истиқомат қилади, – дейди «Орзу» МФЙ раиси Элмира Умарова. –Ҳудудимизда 1 та умумий ўрта таълим мактаби ва 1 та мактабгача таълим ташкилоти мавжуд. Шунингдек, мамлакатимиздаги энг йирик хусусий кўп тармоқли тиббий марказ – «Акфа Медлине» клиникаси ҳам шу ҳудудда жойлашган. Профилактика инспектори, катта лейтенант Алижон Жумаев ёш бўлишига қарамай, мулоҳазали, изланувчан, энг қийин вазиятларда ҳам тезкор қарор қабул қила оладиган ходим. Унинг уйда ёлғиз қулфланиб қолган болакайни қутқариб қолгани ҳақиқий қаҳрамонлик намунаси бўлди.
Шу ўринда айтиб ўтмоқчимизки, азиз онажонлар, фарзандларингизни ҳеч қачон ёлғиз қолдирманг. Йўқса, юқоридаги каби вазиятга тушиб қолишингиз мумкин. Бу воқеа аянчли тугаши ҳам мумкин эди. Яхшиямки, профилактика инспекторининг ўз вақтида кўрсатган ёрдами туфайли болажон эсон-омон ота-онасига топширилди.

Барча янгиликлар

Text to speech