Икки ёш йигитнинг ишламай шоҳона яшашга бўлган иштиёқи уларни жиноятга қўл уришга мажбур қилди. Тоғни урса талқон қиладиган ёшда бўлган икки ҳамтовоқ 2023 йилнинг октябрь ойида учрашиб, жиноий тил бириктиришди.
Гўёки тун уларнинг қилмишини яширадигандек тун қоронғусида “ўлжа” қидириб, кўча кеза бошлашди. Уларнинг кўзи уйларнинг ёнидаги ўриндиқда суҳбатлашиб ўтирган йигит-қизга тушди. Ҳар иккиси улар атрофида қузғундек айлана бошлашди. Йигитларнинг нияти бузуқлигини сезган Жасур қизни уйига кузатиб қўйди, бироқ қайтишда уларнинг чангалидан қочиб қутула олмади.
– Диёр, бор анавидан бу ерда нима қилиб юрганини сўра! Атай жанжал бошла! У ёғини менга қўйиб бер, – деб шеригига буйруқ берди Дилшод.
Хожасининг амрини кутиб тургандек, Диёрбек зумда Жасурнинг олдида пайдо бўлди. Жасур ўз навбатида қаерда хоҳласа ўша ерда юришини, унга ҳисобот бермаслигини айтганида, Диёрбек уни атай баланд овозда ҳақоратлашга ўтди. Бақир-чақирга Дилшод аралашди. Жасурнинг қаршилик кўрсатишига қарамай, қўлларидан тортқилаб, овлоқ жойга судрашди. Ёнида қимматбаҳо буюмлари, пули бўлса яхшиликча беришини, йўқса калтакланишини айтди. Жасурнинг 3 миллион сўмлик уяли телефонини тортиб олгач, эртага кечки соат олтигача бир миллион сўм топиб келса, телефонини қайтариб беришини айтиб, тун қаърига шўнғишди.
Жасур Чилонзор тумани ички ишлар идорасига мурожаат қилиб, воқеани сўзлаб берди. Эртаси куни келишилган жойда зўравонларни кутиб турди. Улар айтилган вақтда пайдо бўлишди. Аммо талончилар Жасурнинг ёнига яқинлашганда, тезкор ходимлар қўлга олишди.
– Одатда тергов жараёнида шериклар жазодан қочиб қутулиш учун бир-бирини жарга ирғитишга ҳаракат қиладилар. Бунинг учун ҳар қандай ёлғон ва туҳматларни ишга солишади. Илгари судланган Дилшод ҳам барча айбларни ҳамтовоғи Диёрбекка ағдаришга уринди. Бироқ далиллар ушбу жиноятни уюштирган Дилшоднинг ўзи эканини тасдиқлади, – дейди ушбу жиноят иши терговини олиб борган Чилонзор тумани ИИО ФМБ терговчиси, майор К.Нарзиев.
Жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани судида зўравонларнинг қилмишларига қонуний баҳо берилиб, улар Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 166-моддаси 2-қисми “а”, “в” бандлари билан айбли деб топилди. Диёрбекка 2 йилу 8 ой, Дилшодга 2 йилу 9 ой озодликдан чеклаш жазоси тайинланди.
Нилуфар ИСОХОНОВА,
Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот хизмати бошлиғи
© Газета «Mahalla»,№43 (2181), 2024 йил 1 август