ТОШКЕНТ ШАҲАР ИЧКИ ИШЛАР БОШ БОШҚАРМАСИ

Ҳалол, сидқидилдан хизмат эътиборсиз қолмайди

Ички ишлар органлари ходимларининг юртимизда тинчлик-осойишталикни таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш борасида амалга ошираётган ишлари ҳукуматимиз ҳамда фуқароларнинг эътиборидан четда қолаётгани йўқ. Йилдан йилга ички ишлар органларининг моддий-техника базаси замонавий куч-воситалар ҳамда салоҳиятли, маънавий-маърифий етук ходимлар билан жамланиб, такомиллашиб бормоқда. Жумладан, ўз хизмат вазифаларига сидқидилдан ёндашиб, давлатимиз, халқимизнинг манфаатларини муносиб ҳимоя қилиб келаётган ходимларнинг хизматлари эътироф этилиб, тизимли равишда рағбатлантириб келинаётганини қайд этиш лозим. Шундай тадбирларнинг бири “Наврўз” умумхалқ байрами арафасида Республика Мудофаа вазирлигига қарашли Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари давлат музейи, “Ватанга қасамёд” ҳайкали майдонида бўлиб ўтди. Тадбирда Мирзо Улуғбек тумани ҳокими Б.Гаибназаров, туман прокурори, адлия катта маслаҳатчиси О.Маннанов, Тошкент шаҳар ИИББ Молия ва моддий-техника таъминоти бошқармаси бошлиғи, полковник Х.Шамсутдинов, туман ИИО ФМБ бошлиғи, подполковник И.Рашидов ва унинг ўринбосарлари, соҳавий хизмат раҳбарлари, фахрийлар ҳамда меҳмонлар иштирок этишди. Йиғилишда ички ишлар ходимларининг жиноятчиликка қарши кураш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш, фуқароларнинг эркинликлари, ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида олиб бораётган фидойи хизматлари эътироф этилиб, ҳамкасбларига ўрнак бўлиб келаётган 16 нафар ходимларга навбатдаги унвонлар, бир қатор ходимларга эса пул мукофотлари топширилди. Бир нафар аёл ходима III-даражали “Ички ишлар органларида бенуқсон хизматлари учун” кўкрак нишони яна бири ИИББнинг Фахрий ёрлиғи билан рағбатлантирилди. Тадбир давомида туман ҳокими томонидан 2 нафар профилактика инспекторига хизмат уйлари, туман ИИО ФМБ ЖТСБ ППХ инспекторларига хизматда фойдаланиш учун 11 дона “Cobalt” автомашиналарининг калитлари тантанали равишда топширилди. Ушбу тадбир эл-юрт тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш йўлига тақдирларини боғлаган ходимларни руҳлантириб, хизмат вазифаларига садоқат ҳамда янада масъулият билан ёндашиш, янги ютуқлар сари иккиланмай қадам ташлашларига хизмат қилишига аминмиз.

18 Март 2026 йил

315

Фидойи ходимлар орамизда

Юртбошимизнинг республикамиз маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш,  ҳуқуқбузарликларни барвақт аниқлаш орқали уларга барҳам бериш борасида имзолаган қарорининг ижроси пойтахт ички ишлар ходимларининг, айниқса маҳаллаларда фаолият юритувчи профилактика инспекторларининг кундалик долзарб вазифасига айланиб, барча куч-воситалар ҳудудларда криминоген вазиятни барқарорлаштириш, иш самарадорлигини оширишга қаратилган. Профилактика инспекторларининг  маҳалла аҳли, “еттилиги”, корхона-ташкилотлар масъуллари билан бир ёқадан бош чиқариб жиноятчилик ҳамда ҳуқуқбузарликларга қарши кураши натижасида кўплаб маҳаллаларда тинчлик ва осойишталик ҳукм сурмоқда. Пойтахтимизнинг Чилонзор туманида жойлашган “Хирмонтепа” маҳалласида етти мингга яқин турли миллат вакиллари истиқомат қилиб келишади. Маҳалла “сариқ” тоифада. Маҳаллада тинчлик-осойишталикни таъминлаш, жиноятчилик, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш орқали маҳаллани намунали “яшил” тоифага ўзгартириш   мазкур ҳудудда хизмат олиб бораётган ички ишлар ходимлари, профилактика инспекторларининг мақсади. Жорий йилнинг 13 март куни маҳалла ҳудудини айланиб юрган капитан Лазиз Абдикаримов  42-уйнинг олдидан ўтаётиб, икки йигитнинг хатти-ҳаракатига эътиборини қаратди. Улар формали ходимни кўрибоқ, кўзларини олиб қочиб, кетишга тараддудланишди. Лазиз уларнинг олдига бориб, шахси, кимни кутаётгани ҳақида сўраб-суриштираётганида улар гапни чалғитиб, тезроқ кетишга уринишди. Лазиз уларнинг қўлидаги қора сумкасини очишни сўраганида улар сумкани ташлаб қоча бошлашди. Жисмоний машғулотларда чиниққан Лазиз уларни қувиб кетаркан, маҳалла аҳли ёрдамга ошиқишди. 2004 йилда туғилган ҳар икки заҳри-қотил тарқатувчи йигитлар қўлга олиниб, холислар иштирокида сумка текширилганда, унинг ичида капсула шаклидаги 285 дона кучли таъсир қилувчи психотроп моддалар аниқланиб олинди. Йигитларнинг телефони текширилганида, улар  2 жойга 5тадан 10та худди шундай капсулаларни махфий яшириб қўйганлиги аниқланди. Капитан Лазиз Абдикаримов ички ишлар органларидаги фаолиятини 2019 йилда Республика ИИВ Академиясини битириб, Миробод тумани “Янги Миробод” маҳалласи профилактика инспектори лавозимидан бошлаган. Сўнг Чилонзор туманида жойлашган оғир  – “қизил” тоифада бўлган “Бешқўрғон” маҳалласида хизматни давом эттирди. 2025 йилдан мазкур “Хирмонтепа” маҳалласида профилактика инспектори бўлиб хизмат қилиб келмоқда. Унинг ҳушёрлиги ва тезкор ҳаракатлари туфайли неча ўнлаб хонадонларга кулфат келтирувчи, оилалар парокандалигига сабаб бўлувчи жиноятлар келиб чиқишининг олди олинишига эришилди. Унинг касбига фидойилиги,  бурчига садоқати, матонати раҳбарият томонидан эътиборсиз қолдирилмади. Куни кеча Тошкент шаҳар ИИББ мажлислар залида ўтказилган йиғилишда пойтахтнинг Чилонзор тумани ИИО ФМБ  ҲПБ профилактика инспектори, капитан Лазиз Абдикаримовга навбатдан ташқари “майор” унвони берилди. Мазкур унвон лавҳамиз қаҳрамонини  ўз бурчига масъулиятини янада кучайтириб, зиммасидаги вазифаларни сидқидилдан  бажаришида руҳлантириб, янги муваффақиятлар сари етаклаши, табиий.

17 Март 2026 йил

599

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасида   маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди

Наврўз – инсоният тарихидаги энг қадимий байрамлардан биридир. Манбааларда келтирилишича,  мазкур байрам камида уч минг йиллик тарихга эга. Асрлар давомида Марказий Осиё, Эрон, Кавказ, Яқин шарқ ва бошқа кўплаб ҳудудларда яшовчи халқлар томонидан нишонланиб келинади. Тошкент шаҳар ИИББ мажлислар залида ўтказилган бугунги “Маънавият ва маърифат дарси” “Қадим қадриятлар таровати” номи билан айнан шу мавзуга бағишланди. Уни Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти доценти, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Умида Элмуратова кенг кўламда ёритиб берди. Абу Райхон Беруний, Маҳмуд Қошғарий, Умар Ҳайём, Абулқосим Фирдавсий, Ҳаким Термизий, Абу Бакр Наршахий каби буюк алломаларнинг асарларида Наврўз ҳақида келтирилган маълумотларни таъкидлаб ўтди. Шунингдек, асрлар қаъридан омон чиққан Наврўз мустақиллик даврида мазмунан бойитилгани, Халқимизнинг қадим маданияти, эзгу фазилатлари тимсолига айланганини қайд этди. Маърузада кўплаб тарихий маълумотларнинг келтирилиши йиғилганларда катта қизиқиш уйғотди. Тадбир “Таҳлилнома” ахборот дастури  намойиши билан якунланди.

16 Март 2026 йил

337

Пайшанба — профилактика куни

"Пайшанба" профилактика куни муносабати билан, Янгиҳаёт тумани 332-сонли умумтаълим мактабида Янгиҳаёт тумани ИИО ФМБ ХПБ ХҚМБ катта инспекторлари Р.Т. Бинали ҳамда капитан Х.Х. Бойқўзиева иштирокида мактаб ўқувчи қизлари билан “Эрта туғруқнинг олдини олиш” мавзусида профилактик йиғилиш ташкил этилди. Учрашув давомида ўқувчи қизларга ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, эрта никоҳ ва эрта ҳомиладорликнинг салбий оқибатлари, она ва бола саломатлигига таъсири ҳақида атрофлича тушунтиришлар берилди. Шунингдек, қизларга ўз саломатлигига масъулият билан ёндашиш, таълимга жиддий эътибор қаратиш, ҳаётда тўғри қарорлар қабул қилиш муҳимлиги таъкидлаб ўтилди. Йиғилиш давомида мутахассислар томонидан ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар ва турли салбий ҳолатларнинг олдини олиш, қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек уларнинг келажаги учун билим ва тарбиянинг аҳамияти ҳақида ҳам тушунтириш ишлари олиб борилди.

16 Март 2026 йил

411

Интерактив хизматлар

Text to speech