ТОШКЕНТ ШАҲАР ИЧКИ ИШЛАР БОШ БОШҚАРМАСИ

Касбидан эъзоз топган аёл

Нодира Зокирова ички ишларда хизматни 2004 йилда Миробод тумани ИИБда сафдор лавозимидан бошлаб, турли лавозимларда хизматни давом эттирди. Хусусан, туман бўлими профилактика бўлинмасида хотин-қизлар масаласи бўйича катта инспектор, бўлинма бошлиғи лавозимидаги фаолиятини ўзгача хотирлайди.- Фуқароларнинг муаммоларини ҳал қилиш учун туну кун ишлашга тўғри келарди, - дея хотирлайди қаҳрамонимиз суҳбатда. – Куннинг, туннинг исталган вақтида содир этиладиган оилавий келишмовчиликлар, қўни-қўшниларнинг жанжали, ўзаро тушунмаслик оқибатида рўй берувчи кўнгилсизликларни ҳал этиш, қонуний кўриб чиқиш, ҳуқуқий йўл-йўриқ кўрсатиш керак бўларди. Хизмат вазифаси тақозоси билан кўплаб оилаларни ўрганишим, уй шароити, рўзғор тутуми билан танишишимга тўғри келган. Уларни ўрганиб шунга амин бўлдимки, қаерда ёлғон, риёкорлик, нопоклик, ҳаром луқма бўлса, эр-хотин, ота-она ва бола муносабатларида оила парокандаликка юз тутиши мумкин экан. Бу менга катта мактаб бўлди, олган тажрибаларим хизматимнинг кейинги даврларида жуда асқотганини алоҳида таъкидлашим лозим. Ўша кезлари менга яқиндан ёрдам берган, касб сирларини беминнат ўргатган устозларим – айни дамда қарилик гаштини сураётган, нафақадаги подполковниклар – Гулнора Ҳолиқова ва Раҳматилла Хожимуҳамедовлардан жуда миннатдорман.Нодира аҳоли билан, хусусан, хотин-қизлар билан ишлашда самарали фаолият олиб боргани, муаммо ва масалаларини ўз вақтида ҳал қилгани, ҳуқуқий билимларини ошириш борасида сезиларли ишларни амалга оширгани алоҳида эътироф этилиб, “Йил аёли-2019” республика миллий танловида ташаккурнома билан тақдирланган.Хизмати давомида Нодира эксперт-криминалистика соҳасига жуда катта қизиқиши уни 2009 йилда эксперт-криминалистика бўлимига етаклади. Соҳага оид махсус билимларни ўзлаштиргач, хатшунослик борасида иш бошлади.Нодиранинг ўз ишига масъулият ва талабчанлик билан ёндашиши, ҳар бир топширилган ишни мантиқий якунига етказиши раҳбарият эътиборидан четда қолмади. 2020 йилда у пойтахт ИИББ Эксперт-криминалистика марказига катта эксперт лавозимига тайинланди.Айни пайтда подполковник, Нодира Зокирова Эксперт-криминалистика марказининг таҳлил ва ҳисобга олиш бўлими катта эксперти лавозимида хизмат олиб бормоқда. Пойтахтимиздаги туманлар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаларидаги эксперт-криминалистика бўлимлари фаолиятини таҳлил қилиш билан бирга қабул қилинган режа ва тадбирларнинг ижросини таъминлаш борасидаги ишларнинг назоратини олиб боради. Шунингдек, ходимларнинг хизмат интизомига риоя қилишлари, юриш-туриши, фуқаролар билан муомаласи, йўл қўйилган хато - камчиликларни бартараф этиш бўйича амалий ёрдам кўрсатади. Айтиш мумкинки, у бундай масъулиятли ва шарафли вазифани фидойилик билан бажариб келмоқда.Албатта, аёл учун энг муҳими – оила. Уй юмушлари, давлат ишлари, фарзандлар тарбияси, яқинлари билан муносабатларни тенг равишда олиб бориш осон иш эмас. Айниқса, ички ишлар идораларида хизмат олиб бораётган аёллар учун. Эҳтимол, шунинг учун бу соҳада ишловчи аёллар иродали, кучли ва чидамлидир. Бундай аёлларнинг жисмида қандайдир табиий бир устун борки, унга таяниб машаққатларни енгиб ўтишади. Бунга Н.Зокированинг ҳаёти ва иш фаолияти яққол мисолдир.- Профилактика бўлимида ишлаган даврим мен учун катта ҳаётий сабоқ бўлганини айтишим жоиз. Билдимки, кўплаб кўнгилсизликлар, ҳуқуқбузарликлар, адоват-низолар оилалардаги муҳит, тарбияга, кўп жиҳатдан ота-онанинг бир-бирига ўзаро ҳурмати, муносабатига боғлиқ экан. Шу боис, фарзандларимнинг тарбиясига бефарқ бўлмадим. Имкон қадар улар билан кўпроқ мулоқот қилишга, дўст тутинишга ҳаракат қилдим, - дея таъкидлайди қаҳрамонимиз.Уч нафар фарзандни ҳалол ризқ билан тарбиялаб, касб-корли қилган, икки нафар қизини яхши жойларга узатиб, тўрт неваранинг бувиси бўлиш билан бирга хизматини муваффақиятли давом эттираётган бу аёл ҳамкасблари, бош бошқарма ходимлари ўртасида катта обрў-эътиборга эга. Раҳбарият томонидан Нодиранинг хизматлари рағбатлантириб борилиши унинг фаолиятига бўлган эътибор ва масъулиятининг маҳсули эканлигига шубҳа йўқ.

25 Апрел 2024 йил

20

Бектемир тумани секторлар фаолияти мониторинг қилинди

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг Тошкент шаҳар филиали раҳбари Шохрух Мамаджанов ҳамда сектор раҳбарлари, туман Халқ қабулхонаси раҳбари ва тегишли мутасаддилар томонидан Бектемир тумани секторлари фаолияти таҳлил қилинди.Ўрганишлар давомида ишчи гуруҳ туманнинг  ҳар 4 та сектор штабида бўлиб, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишди. Шунингдек, сектор масъуллари билан йиғилиш ўтказилиб, Вазирлар Маҳкамасининг “Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолияти самарадорлигини баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарор ҳамда “samaradorlik.uz” электрон платформасининг мазмун-моҳияти батафсил тушунтирилди. Уларга келгуси вазифалар, йўл қўйилган камчиликлар юзасидан тегишли тавсиялар берилди.

24 Апрел 2024 йил

175

Нима учун «Mening Inspektorim» иловасини пойтахтимизнинг ҳар бир фуқароси ўрнатиши керак?

Ҳозирда туман профилактика инспекторлари фуқароларнинг хонадонларига бориб, уларга Тошкент шаҳар ИИББнинг “Mening Inspektorim” мобил иловасининг афзалликларини тушунтирган ҳолда, смартфонларига юклаб олишда кўмаклашмоқдалар. Ушбу дастур нима учун яратилган, унинг хусусиятлари ва ундан фойдаланишнинг афзалликлари нимада?“Mening Inspektorim” иловаси фуқароларга бир қатор қулайликларни тақдим этади, жумладан:— Шаҳардаги жиноятчилик ҳолати, янги турдаги жиноятлар ва улардан ҳимояланиш йўллари ҳақида ўз вақтида маълумот олиш имконияти;— Муайян ҳудуддаги туман профилактика инспектори кимлигини ва у билан қайси телефон рақами орқали боғланиш мумкинлиги (ҳозирда онлайн мулоқот функцияси ҳам ишлаб чиқилмоқда);— Харита орқали энг яқин ИИБнинг таянч пунктлари қаерда жойлашганлигини ва уларга борадиган йўналишларни кўриш;— Шошилинч хизматлар (Ёнғин хавфсизлиги хизмати, ички ишлар органлари, шошилинч тиббий ёрдам, авария газ хизмати, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги), шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Бош прокуратураси билан боғланиш;— Ягона оператив бошқарув марказига интеграция қилинган SOS тугмаси босилганда, оператор тезкорлик билан мурожаатчига алоқага чиқади. Шу билан бирга, сиз тугмани босиш орқали йўл-транспорт ҳодисасига учраганингиз ёки бошқа бахтсиз ҳодиса юз бергани ёхуд тўсатдан соғлиғингиз ёмонлашганлигини кўрсатишингиз мумкин;— Илованинг имкониятларини кенгайтириш ҳамда аниқланган хато ва камчиликларни тузатиш бўйича таклифларни онлайн юбориш имконияти;— Шунингдек, ички ишлар органларига онлайн ариза юбориш имкониятлари ҳам ишлаб чиқилмоқда.Сиз мазкур илова орқали кўп қаватли уйлар олдидаги кириш йўлакларини тўсиб қўйган автомашиналар, тунги вақтларда уйингиз олдида юрган шубҳали шахслар, қўшни хонадонлардаги маиший шовқинлар, дарахтларнинг ноқонуний кесилиши, хонадон кириш эшиги қулфланиб қолганлиги, коммунал соҳада ва бошқа турдаги муаммолар юзасидан мурожаат юборишингиз мумкин. Иловани қаердан юклаб олиш мумкин?Ҳозирда синов тариқасида ишлаётган “Mening Inspektorim” иловасини Google Play да (Android операцион системасида ишлайдиган смартфон фойдаланувчилари учун) қуйидаги илова орқали юклаб олиш мумкин: https://play.google.com/store/apps/details?id=uz.smartbase.myinspector .Шунингдек, iOS ва iPadOS операцион тизимларда ишловчи мобил қурилмалар фойдаланувчилари учун иловани юклаб олиш имкониятлари устида ишлар давом эттирилмоқда. Тез орада у App Store да ҳам пайдо бўлади.Рўйхатдан қандай ўтилади?1. Телефонингизда иловани ишга туширгандан сўнг, сиздан мобил телефон рақамингиз, шахсингизни тасдиқловчи ҳужжат (биометрик паспорт ёки ID-карта) серияси ва рақамини, шунингдек, туғилган кунингизни кўрсатиш талаб қилинади. Шундан сўнг, тизим сизга FaceID (телефонингизнинг видеокамераси) ёрдамида кўрсатилган идентификация маълумотларини тасдиқлашингизни сўрайди. Бу сизнинг мурожаатларингизни қайд этиш, айрим ҳолларда маълумотларга аниқлик киритиш ҳамда сиз билан бевосита боғланиш учун зарурдир. Шахсий маълумотларингизнинг махфийлиги ва хавфсизлиги кафолатланади.2. Шундан сўнг, илова сиздан жойлашувингиз ҳақида  маълумотларни (геолокация) билиш учун рухсат сўрайди. Сиз ушбу ҳаракатга рухсат беришингиз керак. Шу орқали сиз, шу ҳудуддаги профилактика инспектори ҳақида маълумотга эга бўласиз, шунингдек, бирор фавқулодда ҳолат юзага келган тақдирда, мазкур жойлашувингиз ҳақидаги маълумотларни тегишли хизматларга юборишингиз мумкин бўлади.Ҳозирда мазкур илова ўзбек (лотин ва кирилл), рус ва инглиз тилларида мавжуд.Ҳурматли пойтахтимиз аҳолиси ва меҳмонлари! Биз ҳар куни дастур устида ишлаб, уни такомиллаштириш ва имкониятларини кенгайтириш ишларини давом эттирмоқдамиз. Агар бирор бир хато топсангиз ёки иловани такомиллаштириш бўйича таклифларингиз бўлса, илтимос, улар ҳақида Бош саҳифада жойлашган «Таклифлар» бўлими орқали бизга хабар беринг - ҳар бир мурожаат ўрганилади.

23 Апрел 2024 йил

618

Тошкент шаҳар ИИББ ёш ходимлари “Заковат”да баҳслашди

Пойтахт ички ишлар органлари ходимларининг маънавий-маърифий билимларини, интеллектуал салоҳиятини ошириш, ўз иқтидорини намоён этишлари учун шарт-шароитлар яратиш ҳамда уларни муносиб рағбатлантириш мақсадида ёш ходимлари ўртасида “Заковат” интеллектуал ўйини ташкил этилди.Унда Тошкент шаҳар ИИББ таркибий бўлимлари ва соҳавий хизматлари ҳамда туман ИИО ФМБлари ходимларидан иборат 22 та жамоа иштирок этди.Қизғин баҳс ва мунозаралар асосида бўлиб ўтган интеллектуал ўйиннинг якуний натижаларига кўра, Бош бшқарма хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси жамоаси ғолиб деб топилди. Навбатдаги совринли ўринларни Юнусобод тумани бўйича ИИО ФМБ ва Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқамаси ходимларидан иборат жамоалар қўлга киритди.Ғолиблар диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

22 Апрел 2024 йил

219

Интерактив хизматлар

Text to speech