Россия Федерацияси ички ишлар вазирининг ёрдамчиси полиция полковниги Ирина Волк Тошкентда тренинг ўтказди

Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлигининг Москва шаҳри бўйича бош бошқармаси бошлиғи полиция генерал-лейтенанти О.Баранов бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга ташриф буюрди. 
 
Мазкур ташриф доирасида Тошкентда Россия Федерацияси ички ишлар вазирининг ёрдамчиси полиция полковниги Ирина Волк ўзбекистонлик ҳамкасблари учун тренинг ўтказди.
 
Тренингда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси ҳамда ички ишлар органлари тизимидаги барча хизматлар матбуот хизматлари ходимлари иштирок этди.
 
И.Волк ўз чиқишида Россия Федерацияси ички ишлар органлари тизими, соҳада рўй бераётган янгиликлар, ҳодисалар, тезкор воқеликларни оммавий ахборот воситаларида ёритиш амалиёти ҳақида батафсил маълумот берди. Аҳоли эътиборига ҳавола этилаётган ҳар қандай хабар, аввало, тезкор ва ишончли бўлиши зарурлигига урғу берди. Ҳар қандай шароитда ҳам ахборотнинг ишонлилиги албатта текширилиши шарт.
 
“Телефон рақамим ички ишлар тизимини ёритадиган барча россиялик журналистларда бор ва улар менга сутканинг исталган вақтида қўнғироқ қилади. Барча қўнғироқларга жавоб бериш жуда қийин, аммо бу жуда муҳим”, деди И.Волк.
 
Тренингда иштирокчилар ўзаро фикр алмашиш, қизиқтирган саволларига жавоб олиш имконига эга бўлди.