9 Август 2024 йил 0

Оиладаги можарога болаларнинг дахли йўқ

Ҳар бир жамият, ҳар бир оила бола тарбияси учун масъул. Бироқ беш қўл баравар бўлмаганидек, айрим оилаларда фарзанд тақдирига бефарқ, тарбиясига лоқайд ота-оналар учраб туради. Айрим ҳолларда болаларнинг ўзлари “ўтиш” ёшида ўзгаришга юз тутади.

Ҳозирги вақтда кўчадаги турли дилтортар, кўзни ўйнатадиган бренду тренд нарсалар ҳам уларнинг тушунчаю феълини ўзгартириб юбормоқда. Кимнингдир шароити бор, кимникидир оддий телефон олишга ҳам қурби етмайди. Бола эса бундан ўксийди. Ота-онасидан кўнгли қолади, тушунмовчиликлар ортидан, ҳатто уйидан қочиб кетади.

Тошкент шаҳар ИИББ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази ана шундай тарбияси оғир, давлат ва жамоатчиликнинг ёрдамига муҳтож, уйидан қочган ёки ота-онасини йўқотган, назоратсиз ва қаровсиз қолдирилган болаларни қабул қилади. Бу ерда уларнинг соғлиғи текширилади, психологлар ёрдамида ҳар бирининг шахсий портрети шакллантирилади. Оиласи, қизиқишлари ўрганилиб, имкониятлари чегарасида тегишли машғулотларга жалб этилади.

Марказда турли спорт секциялари, шахмат-шашка, робототехника, “IT” хоналари, тикув-бичув тўгараклари фаолият юритади. Бу ерда ҳар бир бола ўз қизиқишлари бўйича шуғулланиш имкониятига эга. Шинам ва ёруғ ётоқхоналар, кутубхона, ошхона, спорт заллари туну кун болажонлар хизматида.

– Марказимизда нафақат болаларни тарбиялаш, ўқитиш, балки уларни, яъни ота-онасиз қолганларни оилага бериш масаласи ҳам мутасадди идоралар билан ҳамкорликда ҳал этилади, –дейди Марказ бошлиғи ўринбосари, капитан Зафар Исроилов. – Оилага жойлаштирилгани масъулият соқит қилинди, дегани эмас. Тез-тез хабар олиниб, тарбия, муомала жараёнлари узлуксиз назорат қилинади. Зарурий педагогик, психологик ёрдам кўрсатилади. Мазкур даргоҳда болаларнинг жисмоний ҳамда маънавий ривожланиши учун барча шарт-шароитлар яратилган.

Марказга нафақат пойтахт, вилоятлар, баъзан қўшни давлатлардан ҳам вояга етмаганлар қабул қилинади. Чет давлатларга ишлаш учун бориб, у ерда айрим сабабларга кўра саломатлигини йўқотиш ёки вафот этиш оқибатида болаларнинг қаровсиз ёки ёлғиз қолиши ҳолатларида улар юртимизга олиб келинади.

– Амалиётимизда қиз ёки ўғил болаларни асраб олгани, аммо бирмунча вақт ўтиб, тарбиясини эплай олмай, қайтариб олиб келгани ёки боланинг ўзи қочиб келган мисоллар ҳам йўқ эмас, – дейди Зафар суҳбатни давом эттирар экан. – Албатта, ҳар бир бола оилада, ўз ота-онаси қучоғида ўсиши шарт. Бу масканда қанчалик уларга шароит яратмайлик, ғамхўрлик қилмайлик, кулбада яшаса ҳам ота-она билан бирга яшашнинг бахтини бера олмаймиз. Шу ўринда оталарга қарата айтардимки, фарзандингиз тақдирига бефарқ бўлманг! Ўғил-қизларингиз тарбиясини аёлингизни ўзига ташлаб қўйманг!

Оилавий муаммолар, низо ва можароларга болаларнинг дахли йўқ. Болалар тўлиқ оилада, тинч-тотувликда вояга етишга ҳақли. Вояга етмаган болаларнинг тарбиясида нафақат оналар, балки оталар ҳам фаол иштирок этиши шарт. Айниқса, ўғил болалар тарбияси билан бевосита оталарнинг ўзи шуғулланиб, балоғат ёшидаги инқирозларни енгиб ўтишида фарзандларига елкадош-сирдош ота бўлишлари тавсия этилади.

Болаларнинг яшаш шароитларини ўрганар эканмиз, ижтимоий ёрдамга муҳтож бўлганлар, кам таъминланган, ёлғиз ўзи тарбиялаётган оилаларга ҳам ёрдам кўрсатамиз. Бу хайрли ишлар ҳокимлик, ИИББ ва бошқа ҳамкор ташкилотларнинг доимий эътиборида.

Тарбияси оғир, жиноятга мойил деб топилганларнинг келгуси тақдирига ҳам бефарқ қаралмайди. Улар бу ердан чиққач, маҳалла профилактика инспектори, фаоллар, Ёшлар агентлиги ходимларига бириктирилади. Ўрганиш хулосаларига кўра, меҳрибонлик уйларига, ихтисослаштирилган мактаб-интернатларига жойлаштирилганларнинг кейинги ҳаётлари ҳам кузатувга олиниб, назорат ўрнатилади.

Марказ ҳаёти бир сония тинмайди. Ходимлар доим ҳаракатда. Ҳолбуки, ҳар бир боланинг кейинги тақдирига ҳеч ким бефарқ эмас. Шу боис мазкур даргоҳдаги барчанинг диққат-эътибори боланинг бугунги кунига эмас, ўнлаб йиллар олдинга қаратилган.

Нилуфар ИСОХОНОВА,

Тошкент шаҳар ИИББ

Ахборот хизмати бошлиғи

© Газета «Mahalla»,№45 (2183), 2024 йил 8 август

Барча янгиликлар

Text to speech