Огоҳлик қўнғироғи - “Диққат, болалар!”

Ёз давомида нисбатан ҳаракат камроқ бўлган йўлларимиз, ёзги таътилдан қайтган ўқувчилар ва талабалар ҳисобидан эртадан гавжумлашади. Буни инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлари вазирлиги, хусусан Йўл ҳаракати хавфсизлиги Бош бошқармаси 4 сентябрдан 14 сентябрга қадар ҳудудларда “Диққат, болалар!” тадбирини ўтказади.
 
Йўл қоидаси – умр фойдаси, деб бежиз айтилмаган. Зеро, ҳар бир йўловчи ва ҳайдовчининг йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиши қанчадан-қанча фалокатларнинг олдини олиши барчамизга маълум. Афсуски, оддий эҳтиёткорлик қоидаларига ҳамма ҳам ҳар доим риоя этавермайди. Мисол учун, йўлда мобиль телефонда гаплашиш, мусиқа тинглаш, маст ҳолда бошқариш, тезликни ошириш ёки пиёдаларнинг нотўғри ҳаракатланиш шулар сирасидандир.
 
Бунда пиёда болалар бўлса-чи? Аслида болалар билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, уларга “Йўл ҳаракати қоидалари” талабларини тушунтириб, хавфсиз ҳаракатланиш кўникмаларини ҳосил қилиш ички ишлар органлари ходимларининг доимий вазифаларидан бири ҳисобланади.
 
Шу боис ҳам янги ўқув йили бошланиши муносабати билан болалар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, серқатнов йўлларда , чорраҳаларда , болалар муассасалари атрофида болалар қатнови устида назоратни кучайтириш, йўл ҳаракати иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлаш чоралари кўрилмоқда.
 
– Айни вақтда умумий ўрта таълим мактаблари, мактабгача тарбия муассасалари, академик лицей ва коллежларга ДЙХХХ ходимлари бириктириб қўйилмоқда, – дейди Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ матбуот хизмати бошлиғи Қаҳрамон Худойберганов. – Улар ўқув йили давомида ўқитувчиларнинг “Йўл ҳаракати қоидалари” машғулотларининг ўтказиши, тегишли адабиётларнинг мавжудлиги, сифати текширилиб, аниқланган камчиликлар юзасидан тақдимномалар киритади. “Биринчи кўнғироқ” тантаналарида ДЙХХХ ходимлари иштирок этиб, йўл ҳаракати хавфсизлиги мавзусида маърузалар қилишади.
 
“Диққат, болалар!” тадбири доирасида машғулот бошланиши ва тугаши арафасида ЙҲХБ инспекторларининг хизмати ўқув муассасаларига яқин чорраҳаларда ташкил этилади. Автомобиль йўллари ёқасида жойлашган ўқув муассасалари олдида эса ўқитувчиларнинг ва ёш автоназоратчилар отрядларининг навбатчилиги йўлга қўйилади.
 
Айни вақтда транспорт воситалари серқатнов чорраҳаларга яқин жойлашган ўқув муассасалари атрофидаги йўл белгилари, светофор, йўл чизиқларининг мавжудлиги, уларнинг техник ҳолати, кўриниши текширилиб, камчиликлар зудлик билан бартараф этилмоқда.