Катталар: “Диққат, болалар!”

Янги ўқув йили бошланди.Эрта тонгданоқ пойтахтимиз йўллари ва кўчалари гул ва ичи китоб-дафтарларга тўла папкаларини кўтарган ўғил-қизларга тўлди. Уч ой таътил кўз юмгунча ўтиб кетди. Ота-оналар учун фарзандларнинг ўқув жиҳозлари, уст-бошини тайёрлаш ҳам бир масалаю, мактабга қандай бориб-келиши иккинчи масалага айланди. Ахир кимлардир катта кўчани, кимлардир серқатнов йўлни кесиб ўтишига тўғри келади-да. Бола эса болалигига боради.
 
Болаларнинг йўлларда хавфсиз ҳаракатланиши ҳукуматимиз, мутасадди маҳкамалар, хизматлар раҳбарларининг доимий эътиборида.Уларнинг кўча, йўлларда хавфсиз ҳаракатланишини таъминлаш, болалар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, йўл ҳаракати қоидаларини тушунтириб, хавфсиз ҳаракатланиш кўникмаларини шакллантириш мақсадида, ҳар йили янги ўқув йилининг бошланиши муносабати билан республикамизда “Диққат, болалар!” тадбири ўтказилади. Тадбир ўтказилишидан аввал эса мактаблар ён атрофларидаги кўча ва йўлларнинг техник ҳолати, светофор, зарур йўл белгилари ҳамда чизиқларининг мавжудлиги текшириб чиқилади. Аниқланган камчиликлар бартараф этилади.
 
photo5440898007349439380.jpg
 
Бу йил ҳам анъана давом эттирилди. Мазкур тадбир бугундан бошланиб, ўн кун яъни, 14 сентябргача давом этади. Шу мақсадда пойтахтимиздаги мавжуд уч юздан ортиқ мактабларга шаҳар ИИББ ЙҲХБ ходимлари бириктирилиб, тонгданоқ ходимлар мактабга туташ йўлларда ўқувчиларнинг хавфсиз ҳаракатланишини назоратга олишди. Шундай тадбирлардан бири пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги 71-сонли умумий ўрта таълим мактабида бўлиб ўтди.Мана янги ўқув йили бошланганини маълум қилган қўнғироқ овозларидан сўнг, мактаб остонасига илк қадам қўйган жажжи болажонлар синфга киришди. Уларни мазкур мактабга бириктирилган ИИББ ЙҲХБ ходими кутиб олди ва йўлларда ҳаракатланиш тўғрисида илк сабоқларни берди ҳамда ҳаракат қоидаларининг зарурий шартлари расмлар орқали изоҳланган,ўзбек ва рус тилларида тайёрланган буклетлар жажжи ўқувчиларга тақдим этилди. Шунингдек, мазкур тадбирлар нафақат шаҳримизнинг барча мактабларида балки пойтахтимизда мавжудэлликдан ортиқ академик лицей ва коллежларда ҳам ўтказилди.
 
Шу ўнлик ичида Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ЙПХ ходимларининг хизмати машғулотларнинг бошланиш ва тугаши арафасида ўқув муассасаларига яқин чорраҳаларда, серқатнов йўллар ва кўчаларда олиб борилади. Ўқувчиларнинг ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлашишларини кучайтириш мақсадида, бу ишларга ёш автоназоратчилар отрядларининг аъзолари ҳам жалб этилади, ўқитувчиларнинг навбатчилиги ташкиллаштирилади. Тадбирдан сўнг юқоридаги ишлар барҳам топади, деганлар адашади. Ҳар бир ўқув муассасаларига бириктирилган ходим ўқув йили давомида ўқитувчилар томонидан“Йўл ҳаракати қоидалари” машғулотларининг ўтказилиши, унинг сифати, тегишли кўргазмали қуроллар билан таъминланишини назорат қилиб боради. Болалар иштирокидаги кўнгилсиз ҳодисаларнинг олдини олиш борасида ҳамкорликда машғулотлар ўтказади. Аниқланган камчиликлар, қоидабузарликлар муҳокама этилиб, келгусида олдини олиш чоралари кўрилади. Ҳар бир содир этилган қоидабузарликлар таҳлил этилиб,қайси тури кўпроқлигига қараб, уни бартараф этишга эътибор кучайтирилади.
 
photo5440898007349439379.jpg
 
Бироқ бу билан ота-оналарнинг ҳам масъулиятини, ушбу ишдаги ўрнини назардан четда қолдирмаслигимиз лозим. Ҳурматли ота-оналар, мактаб бор, йўл ҳаракати хавфсизлигига масъул ходимлар бор, деб жавобгарликни ўзингиздан соқит қилманг. Кези келганда, ҳар бир ота-она, катталардан мазкур тадбирда фаол иштирок этишлари, фарзандларимизнинг ҳаёти ва соғлиғини асрашдек муҳим вазифага ўз ҳиссаларини қўшишлари амалга ошираётган ишимизнинг пировард натижасини таъминлашга хизмат қилишини таъкидламоқчимиз. Ҳурматли катталар, ота-оналар, фарзандингизни ҳар куни огоҳлантириш, қоидаларни эслатишдан чарчаманг. Уйдаги эслатмалар мактабларда кенгайтирилса, мустаҳкамланса, мактабларда олинган билимлар оилада такрорланса, болаларимизнинг кўча ва йўлларга ҳаракатланиши борасида хавотирга ўрин қолмайди.