Юнусобод бозорида сотувчилардан 7 минг доллар “солиқ” йиғган шахс ушланди
Фирибгар бозор атрофида жойлашган ерости йўлида савдо қилаётган фуқаролардан ҳар ой 250 доллардан жой ҳақи олган. Ҳисоб-китобларга кўра, унинг 2021 йил февралидан ноябригача йиғган “солиқ”лари 73 млн сўмни ташкил этган.
Тошкент шаҳри Юнусобод туманида сотувчилик қилмоқчи бўлган аёлдан 200 доллар жой ҳақи олаётган фирибгар ИИББ ходимлари томонидан ушланди.
Маълум бўлишича, Лайло исмли шахс Юнусобод бозори атрофидаги ерости йўлагида кийим-кечак сотадиганларга бу ҳудуд унга қарашли эканини айтиб жой учун ойига 250 доллардан пул олган.
Мазкур ҳудудда 9 ойдан бери савдо қилаётган фуқаролардан бири фирибгар тўлов вақти бир кун кечикса ҳам таҳдид қилганини айтади.
“Биринчи бор келганимда Лайло опа бу ерда савдо қилиш ойига 1 ярим млн сўмдан бошланишини айтди. Март ва апрел ойларида 1,5 млн сўмдан бердим. Кейин “ҳар бир столга 1,5 млн сўмдан берасиз”, деди. Майдан бошлаб шу пайтгача 5 млн сўмдан тўлаб, ишлаб келяпман.
Охирги пайтда “нархи кўтармаса чиқиб кетинг, 6-7 млн сўмга харидор бор”, деяверди. Ойнинг ҳар 10-санасида пул берардим, агар сал кечикса, “жойни бўшатинг бошқа одам қўяман”, дейди. Мол олиб қўйганман, пулни мажбур бераман”, дейди савдогар.
Ўрганишларга кўра, фирибгар 2021 йил февралдан ноябр ойига қадар фуқаролардан 73 млн сўм ўзлаштирган.
“Айбимни тан оламан. Бир аёлдан савдо қилиши учун 200 доллар пул сўрадим, у бераман деди. Ўша пулни олаётган пайтимда ИИБ ходимлари томонидан тўхтатилиб, қамоққа олиб келиндим. Қилган ишимдан афсусдаман. Адашдим”, дейди у айбига иқрор бўлиб.
Тошкент шаҳар ИИББ томонидан мазкур ҳолат юзасидан Лайло исмли шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми “а” банди (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилди ва қамоқ эҳтиёт чораси қўлланди.