Яхши ташаббус — она паспорт олади, бола эса ўйнайди

Она паспорт олиш билан банд бўлганда, фарзандлар болалар майдончасида ўйнаб туришади. Тошкент шаҳрининг Яккасарой тумани миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимида айнан шундай ташаббусга қўл уришди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати хабар берди.

Ёш болали оналар хонама-хона юриб қийналишларига кўп гувоҳ бўлганмиз. Болалар бир жойда ўтиролмай тезда зерикиб қолишиб, ота-оналарини муҳим ишдан чалғита бошлашади. Шунинг учун Яккасарой тумани миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими ходимлари болалар майдончасини жиҳозлашга қарор қилишди.

Энди ота-оналар паспорт олиш, фуқароликни расмийлаштириш ёки виза ҳамда прописка масалаларини ҳал этиш зарур ҳужжатларни расмийлаштириш билан банд бўлишганда, болалар бемалол ўз тенгдошлари билан ўйингоҳда вақтичоғлик қилишлари мумкин.

МваФР бўлимларида ёши катта инсонлар, ҳомиладор аёллар ва ёш болали ота-оналарга навбатдан ташқари хизмат кўрсатилади.