Ёлғиз боласи билан кўчада қолиб кетган аёлга уй берилди

Тошкент шаҳар ИИББ мултимедиа марказининг хабар беришича, бундан бир ой аввал ички ишлар ходимлари Хожа Аҳрор Валий масжиди ёнида ёш боласи билан ўтирган Муяссар исмли аёлнинг вазиятини ўрганишиб унга ёрдам беришган.

Аёлнинг сўзларига кўра, у бир неча кун боласи билан кўчада қолиб кетган, бекатларда тунашга мажбур бўлган.

Шундан сўнг, аёлнинг фарзанди шаҳар онкология шифохонасига жойлаштирилиб, пластик карточка очилди, моддий ёрдам кўрсатилди.

«Замон» дастурида маълум қилинишича, Ўзбекистон хотин-қизлари қўмитаси раиси Танзила Норбоева ҳам мазкур аёл билан учрашиб, унга бошпана топишда кўмак берилишини маълум қилган.

Натижада ташкилот ёрдами билан аёлга Наманган шаҳридан бир хоналик уй берилди.