"Бу кунларни 18 йил кутганман": президент уй совға қилган Олег Ощепков билан учрашув

ТОШКЕНТ, 30 июн — Sputnik, Дилшода Раҳматова. Ҳаётда ғаройиб воқеалар бўлиб туради. Ўзбекистон карлар жамияти аъзоси Олег Ощепков ана шундай мўъжизани бошдан кечирган инсонлардан. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев куни кеча Олмазордаги Карлар жамиятининг кар-соқовлар маданият марказига ташриф буюрганида, Ощепковлар оиласига Тошкент шаҳридан уй совға қилган.

"Мен 102-карлар учун мўлжалланган мактаб-интернатда ўқиганман. Эшитиш қобилиятим яхши эмас, ногиронлигим бор. Лекин бир умр раққос бўлиш орзуси билан яшаганман. Кўпгина хорижий давлатларда ўтказилган танловларда ғолиб бўлганман", — деб ўзи ҳақида ҳикоя қилади Ошепков. 

Олег Ўзбекистон Карлар жамияти аъзолари учун ажратилган общежитиеда 18 йилдан буён яшаб келар экан.

"Кар-соқовлар маданият марказида ишлайман. Шунингдек, 102-сонли Кар-соқовлар мактабида ҳам. Мен 56 нафар болалардан иборат 3та гуруҳга раҳбарлик қилиб келаман. Ягона орзуим эшитиш қобилияти чекланган болалар ҳаётига гўзаллик олиб кириш, уларни ҳамиша хурсанд кўриш", — дейди у.

Суҳбатдошимнинг кайфияти аъло. Сабаби, куни кеча Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Ощепковлар оиласига Тошкент шаҳридан уй совға қилди. Тошкент шаҳар Олмазор тумани ҳокимлиги мутасаддилари эртага, 1-июл куни қаҳрамонимизга квартира калитини тантанали равишда топширишни режалаштирган.

У ўз ҳаяжонини яширолмайди. Чунки квартира бу Олегни хурсанд қилган ягона баҳона эмас.

Карлар жамияти вакиллари яшайдиган ҳудуд тўлиқ ободонлаштирилган, улар истиқомат қиладиган общежитие ҳам капитал таъмирдан чиқарилган. Ҳар битта хонага эски ромлар ўрнига пластик ромлар ўрнатиб берилган.

Тошкент шаҳар ИИББ жамиятнинг рўйхатга олинмай қолиб кетган қисмига "прописка" масаласида ёрдам кўрсатган. Жамият аъзоларининг олти нафари Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилинган.

Ўзбекистон карлар жамияти вакиллари ҳаётини енгиллаштириш мақсадида улар яшайдиган ҳудудда ҳар бири 100та ишчи ўринларига мўлжалланган 3та блокдан иборат тикув корхоналари барпо этилган ва тез кунларда ишга тушиши режалаштирилмоқда.

Эндиликда жамият вакиллари иш сўраб идораларга зир қатнаб сарсон бўлмайди.

Суҳбат давомида Олег қўлини кўксига қўйиб, Ўзбекистон президентига тинмай миннатдорлик билдиради.

"Ҳаммаси ўзгарди. Ҳаёт яхшиланди. Мана шу ўзгаришлар рўй беришини 18 йилдан бери кутиб яшаганман. Ҳеч қачон умидни йўқотмаганман ", дейди у. Олегнинг кўзларида чексиз қувонч акс этади.

Ҳа, ҳаётда баъзан мўъжизалар бўлиб туради. Ўзбекистон карлар жамияти аъзоларига озгина бўлса-да хурсандчилик улашиш мақсадида, шу ернинг ўзида ўрганиб, имо-ишоралар тилида "Раҳмат сизларга, умидни йўқотмаганингиз учун" дейман. Уларнинг чеҳралари ёришиб кетади.

Хайрлашув чоғида шундай сўзларни айтишади: "Биз кеча президентимизни общежитиеда ҳам кутган эдик. У кишига ҳаётимизга ёруғлик олиб кирганлари учун шахсан раҳмат айтмоқчи эдик… Илтимос, президентимизга чексиз миннатдорлигимизни етказиб қўйинг".




Manba : Sputniknews.uz