Ўғлонларин унутмас Ватан: ҚАЛБДАГИ СЎНМАС ОҒРИҚ

Ички ишлар органлари ходимларини кечаю кундуз, жазирама ва аёзда ҳам байрам ва бегим кунлари ҳам ҳар вақт ва ҳамма хизмат жойда кўришга одатланганмиз. Фаолияти доимо кўчада, одамлар билан кечадиган ЙПХ инспекторлари ҳар хил вазиятларга бой иш сменасидан сўнг улар ҳам уйига, оиласига шошади. Уларни ҳам шириндан-ширин фарзандлари кутади. Бир олам орзулари бўлади уларнинг ҳам. Афсуски, ҳаммага ҳам бундай бахт насиб этавермас экан...

Тошкент вилоятининг Паркент туманидаги қишлоқлардан бирида вояга етган Салим Умаров эндигина 30 ёшни қаршилаганди. Лекин мудҳиш ўлим уни орамиздан эрта олиб кетди. Онаси билан охирги марта гаплашганида тез орада ҳузурига етиб боришга сўз берган, волидаси ҳам унинг йўлларига кўз тикиб ўтирган эди. У ота уйига келди... Фақат уни жонсиз ҳолда олиб келишди.

1 сентябрь соат 19:00 лар атрофи... Ҳамма байрам оғушида. Пойтахт аҳли Мустақиллик кунини нишонламоқда эди. Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ 2-батальон ЙПХ инспектори, катта сержант Салим Умаров эса Миробод тумани ҳудудида, Grand Mir Hotel меҳмонхонасига яқин жойда кучайтирилган режимда хизматни ўтарди. Кўтаринки кайфиятда, ҳайдовчиларга оқ йўл, пиёдаларга эса омад тилаган ҳолда,  фаолият олиб бораётган инспектор бугунги кун унинг учун энг сўнггиси бўлишини хаёлига ҳам келтирмаганди.

У «Каптива» автомашинасини текшириш учун тўхтатди. Ҳайдовчига ҳужжатларини қайтариб берган катта сержант автоуловни айланиб ўтиб, йўл чети томон йўналган ҳам эдики, кутилмаганда фалокат юз берди. Катта тезликда ҳаракатланаётган «Ласетти» автомашинаси ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб, тўхтаб турган «Каптива» билан тўқнашди. Сўнг инерция бўйича ҳаракатни давом эттириб, йўл четидаги ходимни уриб юборди. «Ласетти» рулида ишончнома билан автомобилни бошқараётган 19 ёшли йигит ўтирарди. Осойишталик посбони шу заҳотиёқ шифохонага етказилди.

Саломатлик посбонлари уни асраб қолиш учун қўлидан келганини қилишди. Бу дунёдан ҳали умидлари кўп, катта-катта орзулари бўлган Салим уч кун ҳаёт учун курашди. Афсуски, шифокорларнинг барча уриниши бесамар кетди. Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ йўл-патруль хизмати инспектори, катта сержант Салим Усмонали ўғли Умаров 4 сентябрь куни, тонгги соат 7:00 да, хизмат бурчини бажариш чоғида олган оғир жароҳатлари оқибатида вафот этди.

– Ўша куни ҳамкасбим Салим Умаров билан Шаҳрисабз кўчасида хизматда эдик. У ҳар доимгидек масъулият билан ҳз хизмат мажбуриятини байрамона кайфиятда бажарар, ҳайдовчиларга яхши тилаклар билдирарди. Кутилмаганда бу фожеа... Ҳаммаси сониялар ичида юз берди, – дея хотирлайди 2-батальон ЙПХ инспектори, кичик сержант Фаррух Атаев. – Биз у билан икки йилча бирга хизмат қилиб, қадрдон бўлиб кетгандик. Ҳамкасб дўстим энди йўқ. Унинг йўқлигига ҳеч кўниколмаяпман. Салим жуда масъулиятли, интизомли, ҳалол, виждонли ва ҳта тартибли инсон эди.

Салим Умаровнинг вояга етмаган фарзандлари: 8 ёшли Учқунбек, 5 ёшли Ҳасан ва Зуҳра ота меҳридан мосуво бўлишди.

– Турмуш ўртоғимнинг орамизда йўқлигига ишонгим келмайди, – дейди Наврўза Умарова. – Болаларим ҳар куни отасини сўрайди. Уларга нима деб жавоб қилишни ҳам билмайман...

Аслида марҳум катта сержант Салим Умаровга бу ота касб эди. Сулола касбини давом эттираётган икки ака ва бир укаси каби, у ҳам отаси Усмонали Умаровнинг изидан бориб, осойишталик посбони бўлганди.

– Ҳеч кимга бундай кўргуликни раво кўрмайман, – ўксиб-ўксиб йиғлайди онаизор Матлуба Умарова. – Ҳеч бир ота-онага фарзанди орқасидан куйиш, «боламлаб» қолиш насиб қилмасин. Бу қалбимиздаги сўнмас оғриқ бўлди. Начора, Оллоҳнинг ишларига кўникишга мажбурмиз. Ҳамкасблари орасида ҳурмат-эътибор қозонган шундай ўғлим билан фахрланаман.