Ички ишлар органлари ходимлари хизмат давомида турли вазиятларга дуч келишади.
Фуқаро Д. Шарифбоева Тошкент шаҳар ИИББнинг Facebook саҳифасидаги «Аҳоли билан мулоқот» гуруҳига ёзиб, унга ёрдам берган ЙПХ ходимига ўз миннатдорлигини билдирди. Шошилинчда аёл осойишталик посбонининг исми-шарифини, қайси бўлимда фаолият олиб боришини сўрашга улгурмаган. Сўнгра ИИББга келиб, содир бўлган воқеани батафсил айтиб берди.
– Мен бозорда эдим. Ўша ердан қизимга қўнғироқ қилдим, лекин у жавоб бермади. Кейин куёвимга қўнғироқ қилдим – юрагим негадир безовта бўла бошлади... Кейин набирам куйиб қолганини маълум қилишди. Мен дарҳол уларнинг ёнига ошиқдим, – дейди у.
Аёлнинг сўзларига кўра, унинг 2 ёшу 8 ойлик невараси куйиб қолган ва ҳушини йўқотган. Болани зудлик билан шифохонага олиб бориш керак эди.
– Машинада кетдик. Шаҳарда тиғиз вақт. Йўллар тирбанд. Ҳайдовчилар ўтказиб юборай, демасди. – Бирдан патруль машинасини кўриб қолдим, унинг ёнига бориб тўхтадик. Нималар деганимни ҳозир эслай олмайман... Ходим автомобиль салонига назар ташлаб, набирамнинг аҳволини кўрди ва дарҳол машинасининг ортидан боришни айтди. Унинг ёрдами билан бир неча дақиқа ичида касалхонага етиб боришга муваффақ бўлдик.
Ички ишлар органи ходимининг тезкор қабул қилган қарори туфайли оғир аҳволдаги набирамнинг ҳаёти сақлаб қолинди. Ундан миннатдорман, мана шундай фидойи ходимлар бор бўлсин. Бу ходимнинг ўз вақтида қилган тезкор ҳаракати ҳамкасбларига ўрнак бўлади, албатта, – дейди болажоннинг бувиси.
ИИББ ЙҲХБ ЙПХ бригадаси 3-батальон 3-сафарбар гуруҳи инспектори, кичик сержант Фарруҳ Чориқуловнинг айтишича, у аввал ҳам бу каби ҳолатлар ҳақида ҳамкасбларидан эшитган ва шу боис ўзини йўқотиб қўймай, тўғри қарор қабул қилган.
– Шайхонтоҳур тумани Нурафшон кўчасида хизмат олиб бораётганимизда ёнимга бир машина келиб тўхтади. Набираси тиббий ёрдамга муҳтожлиги сабабли кучли ҳаяжонга тушган аёл уни тезроқ Чилонзорда жойлашган шифохонага етказиш зарурлигини айтиб, ёрдам сўради. Кўчалар ниҳоятда тирбанд эди, ҳайдовчилар уларга зўрға йўл беришарди... Лекин кечикиштириш мумкин эмасди, – дейди кичик сержант Фарруҳ Чориқулов.
© POSTDA – На посту