26 Январ 2024 йил 445

Абжирлиги кўнгилсизликнинг олдини олди

Тошкент шаҳар Яшнобод тумани ИИОФМБ ЖТСБ ППХ отряди ходими, сафдор Атабек Мошкалов хизмат автоуловида ўз йўналиши бўйлаб кетаётганда, супермаркет олдида турган «Волга»нинг ёнаётганини кўриб қолди. Зудлик билан ёнғин бўлаётган жойга бораркан, саросимага тушган автомашина эгасига дуч келди.

Ходим тезда хизмат автомашинасидаги ўтўчиргични олиб, оловга сепа бошлади. Бироқ ўтўчиргичдаги суюқлик тугади. У супермаркет ишчиларига яна ўтўчиргичлар олиб келишини айтди ва бир нечта мосламалардан фойдаланиб, алангани бартараф этди. Машина эгасининг қўлига шикаст етганини инобатга олмаганда, ҳеч кимга жабр етмади. Осойишталик посбонининг абжирлиги ва тезкорлиги натижасида бир кўнгилсизликнинг олди олинди.     

– Мен ишимни битириб чиқсам, машинамнинг олд қисми ёнаётган экан, – дейди ҳайдовчи. – Тезда капотни очиб, оловни ўчирмоқчи бўлдим. Қўлимни куйдириб олиб, нима қилишимни билмай турганимда, ички ишлар ходими келиб, оловни ўчиришга тушиб кетди. Мана шундай ходимларнинг борлиги, уларнинг жасорати туфайли, биз фуқаролар хотиржам ва тинч яшаймиз. Минг раҳмат Отабекжонга.

Маълумот ўрнида, сафдор Атабек Мошкалов 1988 йилда таваллуд топган. Ички ишлар органларидаги фаолиятини 2013 йилда бошлаган. Оилали, турмуш ўртоғи Ферузахон билан икки нафар фарзандни вояга етказмоқда.

Сарвар СОБИРОВ,

Ўз мухбиримиз.

Тошкент шаҳри. 


© POSTDA – На посту


Барча янгиликлар

Text to speech