ТОШКЕНТ ШАҲАР ИЧКИ ИШЛАР БОШ БОШҚАРМАСИ

Терговчи бўлиш осонмас, аммо ...

Ички ишлар органларида ҳар бир соҳавий хизматнинг ўз ўрни ва вазифаси бор. Соҳаларнинг бир бири билан чамбарчас уйғунликда фаолият юритиши иш самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Бироқ тергов соҳаси инсон тақдири, бугуни ҳамда келгуси ҳаётини ҳал қилишда ўзгача аҳамият касб этиши билан ажралиб туради. Ҳолбуки, терговчининг содир этилган жиноятнинг мазмун-моҳиятини тўғри англаб қонуний таснифлаш, ҳақиқатни очишда чуқур билим, тажрибага таяниш, далилларни очиқлаш, синчковлик ва пухталик билан иш юритиши инсонни адолатга бўлган ишончини оширибгина қолмай, жамиятда қонунга бўлган ҳурматни шакллантиради. Буни узоқ йиллардан буён пойтахтимизнинг Чилонзор тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлимида терговчи лавозимида фаолият юритиб келаётган подполковник Лариса Парахина ўзига шиор қилиб олган. Лавҳамиз қаҳрамони раҳбарият томонидан топширилган ҳар бир жиноий ишни қонуний ниҳоясига етказишга киришаркан, ҳолат ортида инсон ҳаёти турганини, унинг ортида эса оиласи, яқинлари, жамият турганини чуқур ҳис қилади. Илк устози – Чилонзор тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими бўлинма бошлиғи, подполковник Леонора Исакова ўргатганидек, ҳар бир тергов жараёнига нафақат терговчи балки психолог сифатида пухта тайёргарлик кўради. Бу унинг ўз касбига чуқур меҳр қўйгани, зиммасидаги масъулиятни теран ҳис қилишидан далолатдир. Подполковник Л.Парахина томонидан юритилган ҳар бир жиноий иш малакали таснифлангани боис қайта терговга қайтарилмаган. Унинг масъулиятлилиги, ўз хизмат вазифаларини сидқидилдан бажариши Республика Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, пойтахт ИИББ, туман ИИО ФМБ раҳбарияти томонидан ташаккурнома, миннатдорлик, Фахрий ёрлик, пул мукофотлари билан эътироф этиб келинмоқда. Лавҳамиз қаҳрамони ўзининг илк мустақил тергов ишини шундай хотирлайди. – Безорилик ҳолати бўйича бир неча ўзим тенгги йигитларни ҳодиса бўйича сўроқ қилишим керак бўлганди. Улар мени терговчи сифатида кўрмай, турли қочириқлар қилишар, ўзларини кўчада юргандек, гапларимни жиддий қабул қилишмасди. Тўғриси, катталардан ёрдам сўрашга ийманганман. Очиғи, бу иш менга жуда қийин кечган, руҳий қийинчиликлар туғдирганди ўшанда. Лекин катта дарс бўлган. Терговчи бўлиш осонмаслиги, ҳали ўз устимда кўп ишлашим, доимо ишлашим кераклигини англаганман. Ички ишлар органларида илк фаолиятини 2001 йилда сафдорликдан бошлаган Лариса Парахина бугун подполковник. Хизматдошлари орасида ҳурмат-эътиборга эга, тажрибали ходим. Куни кеча 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан подполковник Л.Парахина Республика Ички ишлар вазирлигининг “Аъло хизматлари учун” кўкрак нишони билан тақдирлангани унинг хизматларига берилган муносиб баҳо бўлиб, уни янада янги марралар сари ундаши шубҳасиз.

13 Март 2026 йил

113

Мақсад: ёшлар истиқболини яратиш

Ёшлик даври – ғўрлик даври деб бежизга айтилмайди. Бу даврда ҳис-туйғулар оқимини жиловлай олмай, оқни қорадан ажратишга қодир бўлмаган, нопок кимсаларнинг ғараз тўрларига илиниб қинғир ишга қўл уриб, афсус-надомат чекаётган ёшлар ҳам йўқ эмас. Аммо хатосини англаб, тўғри йўлни танлаган ёшлар учун барча имконият ва имтиёзлар эшиклари ҳамиша очиқ. Жорий йилнинг 24 февралида Президентимизнинг ёшлар билан ўтказган учрашувида ҳар ҳафтанинг пайшанбасини “Ёшлар куни” деб белгилангани ёшлар билан ишлаш, уларнинг муаммо ва мурожаатларини ўрганиш борасидаги ишларни янада жадаллашувига туртки бўлди. Ушбу ёшлар куни муносабати билан пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманида жойлашган “Сархумдон” маҳалла фуқаролар йиғини биносида Жиноят ишлари бўйича туман суди судьяси А.Мирзаханов, С.Ҳасановлар иштирокида сайёр суд мажлиси ҳамда ёшлар билан профилактик учрашув бўлиб ўтди. Унда туман ИИО ФМБ Пробация бўлими бошлиғи С.Эшанкулов ҳам қатнашиб, содир этган жиноятлари учун чин пушаймон бўлиб, тузалиш йўлини танлаган ўндан ортиқ ёшлар бўйича тайёрланган ҳужжатларни тақдим этди. Ўтказилган савол-жавоблар, маҳкумларнинг хулқи бўйича тақдим этилган маълумотлар чуқур ўрганиб чиқилиб, Республика Жиноят кодексининг 73-моддасига биноан уларнинг 11 нафари жазони ўташ муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди. Шунинг билан бирга ёшларга ўз бахтли келажагини яратиш, фойдали меҳнат билан шуғулланиш, жамият ҳаётида ўз ўрнини топиш бўйича яратилган имконият ва имтиёзлар, амалдаги ижтимоий-маиший, тиббий дастурлар ҳақида маълумотлар берилди. Ёшларни қайта жиноят содир этмаслик, ҳуқуқий саводхонлигини ошириш борасида ўтказилаётган бу каби тадбирлар пойтахтимизнинг барча туманларида тизимли равишда амалга оширилмоқда.

13 Март 2026 йил

300

Ёшларни келажакка тайёрлаш – бурчимиз

Ўсиб келаётган келажагимиз пойдевори бўлмиш ёш авлодни анъаналаримизга содиқлик, қонунга ҳурмат руҳида, билим ва салоҳияти кучли, маънавий-маърифий баркамол инсонлар этиб тарбиялаш ишлари бугунги глобаллашув даврида муҳим аҳамият касб этмоқда. Ёшлар билан манзилли ишлаш мақсадида бугун пайшанба “Ёшлар куни” муносабати билан пойтахтимизнинг Юнусобод туманида “Раҳбар ва ёшлар учрашуви” доирасида оғир тоифага кирувчи, уюшмаган ҳамда туман ёшлари иштирокида учрашув ўтказилди. Унда пойтахт ИИББ бошлиғининг биринчи ўринбосари, полковник Фарҳод Ҳасанов, туман ИИО ФМБ бошлиғи, полковник Маҳкам Вафоевлар йиғилган 150 дан ортиқ ёшлар ўртасида маъруза қилишди. Унда ёшларнинг ғаразли кимсаларнинг жиноий тўрига илиниб қолмаслик, гиёҳвандлик ва психотроп моддаларининг ноқонуний айланмаси, киберфирибгарлик ва бошқа салбий иллатлардан йироқ бўлиш масалалари ва бу билан боғлиқ ҳолатлар муҳокама этилди. Шунингдек, учрашув давомида ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, уларни спорт ва таълим, соғлом турмуш тарзига жалб этиш, ҳуқуқий саводхонлигини ошириш орқали улар ўртасида турли ҳуқуқбузарликлар ва салбий ҳолатларнинг олдини олиш муҳимлиги таъкидланди. Шунингдек, ёшларга ўз ҳаётларини тўғри изга солиш, куч ва имкониятларини рўёбга чиқариш борасида давлатимиз томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланиши, яратилаётган шарт-шароитлар, имкониятлар ҳақидаги маълумотлар тақдим этилди. Тадбирда қатнашган Жиноят ишлари бўйича туман суди судьяси томонидан ўтказилган сайёр суд мажлисида Пробация бўлими томонидан ижобий кўрсаткичларга эришган, тузалиш йўлини танлаган, қилмишидан чин пушаймон бўлган икки нафар ёш маҳкумларга нисбатан тайёрланган тақдимномалар кўриб чиқилди. Маълумотларни диққат билан ўрганиб, ўтказилган савол-жавоблардан қониқиш ҳосил қилингач, улар жазо муддатидан илгари шартли равишда озод этилдилар. Тадбир сўнгида юқоридаги маъруза ва суҳбатлар ҳамда икки ёшга кўрсатилган ишонч борасида ёшларнинг ўзлари қандай фикр ва ҳаракатда эканлигига қизиқиш билдирилиб, уларнинг муаммо ва мурожаатлари тингланди. Учрашувда тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган ёшларга малакали ҳуқуқий тавсиялар, ижтимоий-моддий ёрдам кўрсатиш бўйича тегишли масъулларга топшириқлар берилди. Бу каби ёшларга кўрсатилаётган ғамхўрлик ва ишонч уларни нафақат оилада балки жамиятда ҳам ўз муносиб ўринларини топиш, бахтли келажагини яратишга бўлган интилишларига куч бағишлаб, янги муваффақиятлар сари одимлашига хизмат қилиши, шубҳасиз.

12 Март 2026 йил

278

Интерактив хизматлар

Text to speech