Ўзбекистон Республикасининг туси ўзгартирилган (қорайтирилган) транспорт воситаларидан фойдаланиш масаласига оид қонунчилигига ўзгаришлар киритилди

Республикамиз ҳудудидаги иқлим шароитларини инобатга олган ҳолда, шунингдек, давлатимизнинг туристик потенциалини ўсиб бораётганлигини, юртимизга қизиқиш билдириб келаётган чет-эллик меҳмонларнинг маълум қисми ойналари қорайтирилган хусусий автомобилларда келишаётганлигини инобатга олган ҳолда, транспорт воситалари ҳайдовчилари ва уларнинг йўловчилари учун қулай шароит яратиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси ҳукумати автомобиль ойналарининг тусини ўзгартириш (қорайтириш) рухсати учун тўловлар нархини пасайтиришга қарор қилди.

Жорий йилнинг 2-август куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали енгил автотранспорт воситаларидан фойдаланишни тартибга солиш қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги 646-сонли Қарори қабул қилинди. Шу муносабат билан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018-йил 18-июль кунидаги «Туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали енгил автотранспорт воситаларидан фойдаланишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарорига тегишли қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди. Қарорда, Ўзбекистон Республикаси ИИВ, Бош прокуратураси ва ДХХнинг 2018-йил 24-августдаги «Енгил автотранспорт воситалари ойналарининг тусини ўзгартиришга (қорайтиришга) рухсатнома бериш, уни рўйхатга олиш ва рухсатноманинг амал қилишини бекор қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорига тегишли қўшимча ва ўзгартиришлар киритилиши муддати ҳам белгиланган.   

Илгари енгил автотранспорт воситалари ойналарининг тусини ўзгартиришга рухсатнома бериш нархлари қуйидагича бўлган:

жисмоний шахслар учун энг кам иш ҳақининг 90 бараварини (жорий йилнинг 1-август кунидан ЭКИҲнинг ставкаси 223 000 сўмгача ошишини инобатга олиб, 20 070 000 сўмни ташкил қилади);

юридик шахслар учун ЭКИҲнинг 120 баравари (26 760 000 сўм);

чет эллик юридик шахслар учун ЭКИҲнинг 140 баравари (31 200 000 сўм);

бундан ташқари, илгари фақатгина орқа ва орқа ён ойналарини қорайтириш мумкин эди.

Энди тўловлар қуйидаги нархларни ташкил этади:

орқа ён ойналарнинг тусини ўзгартиришга рухсат олиш:

жисмоний шахслар учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари (2 230 000);

юридик шахслар учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баравари (2 230 000 сўм);

Ўзбекистон Республикасида фаолият кўрсатаётган хорижий давлатлар юридик шахслари учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баравари (4 460 000 сўм).

 

 орқа ва олд ён ойналарининг тусини ўзгартириш (қорайтириш):

жисмоний шахслар учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари (11 150 000 сўм);

юридик шахслар учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараварини (11 150 000 сўм);

Ўзбекистон Республикасида фаолият кўрсатаётган хорижий давлатлар юридик шахслари учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг 80 баравари (17 840 000 сўм).

 

“Базавий ҳисоблаш миқдори” ўзи нима? Ушбу таъриф “энг кам иш ҳақи” таърифининг ўрнига қўлланилади. Ҳозирда 1 БҲМ 223 000 сўмга тенг.

Шу билан бирга, автомобилларнинг орқа ойналарини тусини ёруғлик ўтказувчанлигини чегараламасдан ўзгартириш рухсат этилади.

Шунингдек, туристик транспорт сифатида лизензияга эга бўлган М3 тоифа III класс автотранспорт воситалари ойналарининг ҳам тусини қорайтириш мумкин.

Туристик автобусларни ён ойналарини қорайтириш масаласига келсак, рухсат нархи қуйидаги омилларни инобатга олган ҳолда белгиланади: автобус юридик шахси рўйхатга олинганлиги; кимга тегишлилиги; Ўзбекистон, ёки бошқа давлат ҳудудида рўйхатда туриши.

Келиб тушаётган кўплаб саволларга жавобан шуни маълум қиламизки, парда, дарпарда, жалюзилар бўйича қонунчиликда ўзгаришлар рўй бермади. Енгил автомобиллар билан боғлиқ ҳолларда пардаларни ён кўзгулар мавжуд бўлган ҳолда фақатгина орқа ойнага ўрнатиш мумкин. Ён ойналарга пардалар ўрнатиш фақатгина М3 тоифадаги III класс автотранспорт воситаларига мумкин (ҳайдовчи ўриндиғидан ташқари саккизтадан ортиқ ўриндиқлари бўлган ва оғирлиги 5 тоннадан ошиқ бўлган йўловчи транспорти). Шунингдек, автомобиль олд ойнасининг 14 см.дан кўп бўлмаган тепа қисми тусини полоса шаклида ёруғлик ўтказувчанлиги чегараламаган даражада ўзгартириш, илгаригидек рухсатномасиз амалга оширилади.