29 Январ 2026 йил 162

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академиясининг кундузги таълим шаклига ўқишга қабул қилиш бўйича эълон

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академияси бакалавриатига 2026/2027-ўқув йили учун кундузги таълим йўналишига номзодлар ўртасида танлов эълон қилади!

Академияга ўқишга кириш учун номзодлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017-йил 29-ноябрдаги ПҚ-3413-сон қарори билан тасдиқланган “Ички ишлар органларида хизматни ўташ тартиби тўғрисидаги низом”да белгиланган талабларга жавоб бериши зарур.

Номзодлар Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиши, 17 ёшдан кичик (қабул йилида 17 ёшга тўладиганлар) ва 25 ёшдан катта бўлмаслиги (шу жумладан, 25 ёшдагилар), умумий ўрта, ўрта махсус ёки профессионал маълумотга эга бўлиши керак.

Номзодлардан аризалар 2026-йил 15-феврал кунига қадар Тошкент шаҳар ИИББ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати Ички ишлар органларига номзодларни қабул қилиш марказида қабул қилинади.

Манзил: Тошкент шаҳар, Миробод тумани, Сайид Барака кўчаси, 7-уй.

ҚЎШИМЧА МАЪЛУМОТЛАР:

Ўқишга қабул қилиш қуйидаги босқичларда амалга оширилади:

1) дастлабки танлов;

2) махсус касбий танлов;

3) якка тартибдаги якуний суҳбат.

Дастлабки танлов номзодга тегишли ҳужжатларни ва уни тавсифловчи маълумотларни тўплаш, номзод тўғрисидаги турли маълумотлар, шунингдек, унинг соғлиги жиҳатдан ўқишга яроқлилигини аниқлашдан иборат. Номзодлар вазирлик ҳамда ички ишлар органларида махсус ташкил этилган ҳарбий-тиббий комиссиялар томонидан тиббий кўрикдан ўтказилади.

Махсус касбий танлов қуйидагилардан иборат:

- ҳужжатларни ўрганиш;

- тиббий кўрикдан ўтказиш;

Махсус касбий танловдан муваффақиятли ўтган номзод якка тартибдаги якуний суҳбатга қўйилади.

Якка тартибдаги якуний суҳбат ҳуқуқшунослик, Ўзбекистон тарихи, тарбия фанлари бўйича ўтказилади.

Махсус касбий танлов ва якка тартибдаги якуний суҳбат ИИВ Академиясида бўлиб ўтади.

Номзодлар махсус касбий танлов ва якка тартибдаги якуний суҳбат натижалари асосида Академияга ўқишга қабул қилинади.

ИМТИЁЗЛАР:

Халқаро ва республика олимпиадалари ғолиблари, “Мард ўғлон” давлат мукофоти соҳиблари, шунингдек, вазирлик академик лицейларининг ҳуқуқшунослик фани бўйича идоравий фан олимпиадаси ғолиблари дастлабки ва махсус касбий танловдан муваффақиятли ўтгандан сўнг якка тартибдаги якуний суҳбатсиз ўқишга қабул қилинади.

Шунингдек, математика, информатика, дастурлаш ва ахборот технологиялари бўйича нуфузли халқаро, минтақавий ҳамда республика олимпиадалари совриндорлари дастлабки танловдан муваффақиятли ўтгач, Ўзбекистон Республикаси таълим ташкилотларига қабул қилиш бўйича давлат комиссиясининг қарорига кўра, белгиланган қабул квоталари доирасида якка тартибдаги якуний суҳбатсиз ўқишга қабул қилинади.

Барча янгиликлар

Text to speech