9 Май 2025 йил 1378

Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири, генерал-майор Азиз Ташпулатовнинг байрам табриги

Ҳаётини элу юрт тинчлиги, осойишталигини сақлашдек улуғ ва олийжаноб ишга бағишлаган, бу борада фидойилик билан хизмат қилиб келаётган ички ишлар органларининг барча ходимлари ва ҳарбий хизматчиларини, фахрийлар ҳамда хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ходимларнинг оила аъзоларини қутлуғ айём – Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган буюк Ғалабанинг 80 йиллиги билан самимий табриклайман.

Ўтган асрнинг энг мудҳиш урушида қаҳрамонларча ҳалок бўлган ўғлонлар, шу билан бирга, оиласи бағрига соғ-омон қайтиб, мамлакат ичкарисида меҳнат қилган фидойи юртдошларимизга бўлган ҳурмат ва эҳтиром ҳеч қачон йўқолмайди.

Истиқлол йилларида кексаларни қадрлаш ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланди. Кекса авлод вакилларига меҳр-оқибат, ғамхўрлик кўрсатиш, эъзозлаш каби боқий қадриятларимиз янада юксалди.

Бу йилги байрам тадбирлари юртимизда “Ватан равнақи, тинчлиги ва ҳимояси йўлидаги қаҳрамонлик унутилмайди” шиори остида ўтказилаётганида ҳам катта маъно мужассам.

Бугун барчамиз биргаликда янги Ўзбекистонни барпо этмоқдамиз. Янги ҳаёт, беқиёс ўзгаришлар ҳаммамиздан фидойилик ва бунёдкорликни, янада кенг кўламли сафарбарликни тақозо этмоқда.

Юртимиздаги тинчлик ва осойишталикни таъминлаш йўлида мард, жасур ота-боболаримизнинг Иккинчи жаҳон уруши йилларида кўрсатган сабот ва матонати биз учун ҳамиша ибрат мактаби бўлиб хизмат қилади.

Ушбу унутилмас айём билан барча юртдошларимизни яна бир бор самимий табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, хонадонларингизга файзу барака тилайман.

Вазир генерал-майор                                                      
А. Ташпулатов

Барча янгиликлар

Text to speech