9 Март 2024 йил 1654

Чилонзор туманида кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний савдосига чек қўйилди

Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва уларнинг аналоглари билан қонунга хилоф равишда муомала қилиш фактларини аниқлаш ва уларга чек қўйиш борасида самарали ишларни давом эттирмоқда.

Жорий йилнинг 12-13 февраль кунлари ўтказилган тезкор тадбирлар давомида Чилонзор туманида кучли таъсир қилувчи моддаларнинг муомаласи билан боғлиқ ҳолат аниқланди. Ўзини шубҳали тутган икки нафар шахслар ходимлар томонидан тўхтатилди. Холислар иштирокида текширилган 29 ёшли Шохрух Мухаммедов ва 25 ёшли Абдулвосит Мухаммедовнинг ёнида, шунингдек Ш. Мухаммедовга тегишли “СПАРК” русумли автомобиль салонида 53 дона “Зардекс” капсулалари аниқланиб, ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган.

Суҳбат давомида гумонланувчилар ушбу моддаларни 29 ёшли Шохумардан ноқонуний равишда сотиб олганликларини маълум қилишган. Тезкор тадбир давомида ходимлар кучли таъсир қилувчи дори воситаларини ноқонуний сотиш билан шуғулланган Шохумар Йўлдошевни қўлга олишди. Унинг яшаш манзили холислар иштирокида текширилганда, 1 939 дона “Зардекс” номли кучли таъсир қилувчи дори воситалари аниқланиб, ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан гумонланувчиларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273, 251-1-моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов давом этмоқда.

Ҳурматли фуқаролар, агар сиз ушбу шахсларнинг кучли таъсир қилувчи дори воситалари савдоси билан шуғулланганлиги, гиёҳвандлик воситаларини яширганлиги ёки бошқа жиноятларга алоқадорлиги ҳақида бирор маълумотга эга бўлсангиз, Тошкент шаҳар ИИББнинг 71-206-45-69, 71-206-49-46 ёки 102 рақамларига ёхуд яқин орадаги ИИБга мурожаат қилишингизни сўраймиз. Мурожаат қилувчининг шахси сир сақланиши кафолатланади.

Барча янгиликлар

Text to speech