Пора бериш вақтида қўлга олинди

9 май куни Яшнобод тумани ИИО ФМБ 7-сон ички ишлар бўлими терговчиси лейтенант Ш. Тураев Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи номига рапорт билан мурожаат қилди. Ходимнинг маълум қилишича, унинг тергови остида бўлган шахс ундан “ишни ёпишни” илтимос қилиб, эвазига 1000 АҚШ доллари миқдорида ноқонуний пул мукофоти таклиф қилган. Шу муносабат билан терговчи гумонланувчи Нодиржон И.га нисбатан қонуний чора кўрилишини сўрар эди.  

Гумонланувчи Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 276 моддаси бўйича жиноий жавобгарликка тортилди.

31 март куни кечқурун соат 17.00 да Яшнобод тумани Чўлпон ЙПХ постида Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари Нодиржон И.ни текширув учун тўхтатишган. Нодиржон И.нинг ўзини тутиши шубҳа уйғотгач, холислар таклиф этилиб, унинг сумкаси текширилди. Текширув давомида сумкадан “Тропикамид”, “Регапен”, “Трамадол”, “Селофен” каби сотувга тақиқланган бир нечта дори воситалари ва бошқа психотроп дори воситалари турига кирувчи воситалар топилди.

Нодиржон И. ички ишлар бўлимига етказилгач, у ерда маълум бўлишича 27 ёшли Миробод туманида яшовчи фуқаро муқаддам бир неча бор судланган экан.  

Психотроп воситалари топилганлиги факти бўйича Яшнобод тумани ИИО ФМБ 7-сон ички ишлар бўлими терговчиси лейтенант Шохруҳ Тўраев томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 276 моддаси “а” банди 2 қисми (“Гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар”) бўйича жиноий иш қўзғатилди.

Тергов давомида айбланувчи терговчига “минг АҚШ доллари эвазига ишни ёпишни таклиф қилган”, бу ҳақда лейтенант Ш. Тўраев рапорт орқали Тошкент шаҳар ИИББ раҳбариятига маълум қилди.

Шу куннинг ўзида, 9-май куни саот 17.35 да Нодиржон И. терговчига ноқонуний пул мукофоти бераётганида Ўзбекистон Республикаси ИИВ Ўз хавфсизлик бошқармасининг Тошкент шаҳри бўйича масъул ходимлари ва пойтахт прокуратураси ходимлари томонидан томонидан қўлга олинди .

Нодиржон И.га нисбатан Ўзбекситон Республикаси Жиноят кодексининг 211 моддаси (“Пора бериш”) бўйича жиноий иш қўзғатилди. Тергов давом этмоқда.

Жорий йилнинг бошидан буён мазкур факт Тошкент шаҳар ИИББ ходимига пора беришга уриниш билан боғлиқ учинчи ҳолат бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 211 моддаси бўйича қўзғатилган учинчи жиноий ишдир.