Совуқ қурол олиб юриш учун жавобгарлик белгиланган кундан бошлаб 19 кун ичида Тошкентда 63 та маъмурий баённомалар расмийлаштирилди

Жорий йилнинг 5 ноябрь куни Ўзбекистон Республикасининг “Жамоат хавфсизлигини таъминлашга доир қонун ҳужжатлари янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” Қонуни имзоланди, унга кўра Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига 185-2 ва 185-3 моддалари киритилди. Мазкур моддалар билан совуқ қурол, ёки совуқ қурол сифатида ишлатилиши мумкин бўлган буюмларни олиб юриш ва уларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги савдоси учун маъмурий жавобгарлик белгиланди. Илгарироқ Тошкент шаҳар ИИББ совуқ қурол олиб юриш учун жавобгарлик йўқлиги муаммосини бир неча бор кўтариб, ахборот ресурсларида сўровномалар ўтказган. 

Жамоат жойларида совуқ қурол олиб юриш учун жавобгарликни жорий қилиш тўғрисидаги қонун имзоланган кундан бошлаб Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари томонидан 122 та пичоқ олиб юриш билан боғлиқ фактлар қайд этилди, шулардан 63 таси бўйича маъмурий баённомалар расмийлаштирилди. Шулардан 47 таси бўйича 185-2 “ Совуқ қуролни ёки совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни олиб юриш” моддасига мувофиқ, 16 та баённома – 185-3 “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фуқаровий ва хизмат қуроли сифатида муомалада бўлиши тақиқланган ашёларнинг қонунга хилоф равишда муомалада бўлиши” моддасига мувофиқ расмийлаштирилди.

Суд органлари томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этганликда айбдор деб топилган 59 нафар фуқароларга нисбатан жарима белгиланди, тўрт нафар фуқаролар маъмурий қамоққа олиндилар.