Президент Шавкат Мирзиёевнинг кичик ва ўрта бизнес вакиллари билан соҳанинг иқтисодиётдаги ўрнини ошириш ва ривожланишини янги босқичга олиб чиқиш масалаларига бағишланган учрашуви бўлиб ўтди
“Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш – бу бизнинг стратегик йўлимиз! Тадбиркорлик қанча тез ривожланса, мамлакатимиз шунча қудратли бўлади, халқимиз шунча фаровон яшайди.
Декабрь ойидаги “очиқ мулоқот”да асосан йирик тадбиркорлар билан гаплашиб, кейинги режаларни белгилаб олдик.
Бугун кичик ва ўрта бизнесда тез ўсаётган тадбиркорларга кўмак бериб, уларни ҳам “чемпион”га айлантириш учун нима қилиш керак, деган саволга сизлар билан биргаликда жавоб топишимиз зарур”, - деди давлатимиз раҳбари сўзининг аввалида.
Юртимизда кичик ва ўрта бизнес иш ўрни, инвестиция, инновация, рақобат, қўшилган қиймат ва экспортни кўпайтиришга энг катта туртки бераётган йўналишга айланди.
Учрашувда таъкидланганидек, яратилган шароитлар ҳисобига кичик ва ўрта тадбиркорлар сони беш йилда 2 карра кўпайди. Уларда 10,5 миллион одам даромад топиб, рўзғор тебратмоқда.
Иқтисодиётнинг ярмидан кўпи, саноат ва экспортнинг учдан бири шу соҳа вакиллари ҳиссасига тўғри келаяпти.
“Бир ҳақиқатни яхши англаб олиш керак. Ҳар қандай муваффақиятли йирик бизнесга эришиш, энг аввало, кичик ғоя ва ҳаракатдан бошланади.
Ўзгаришларга тез мослашадиган, янгилик ва рақобатдан қўрқмайдиган, муҳими, одамларни ишли қилиб, даромадини кўпайтиришда энг фаол соҳа ҳам бу – кичик бизнес.
Шу боис, кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш бундан кейин ҳам давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолади”, - деди Президент.
Президентимиз 2025 йил учун соҳадаги асосий мақсад ва вазифаларга тўхталди. Булар:
– кичик ва ўрта бизнеснинг иқтисодиётдаги улушини 55 фоизга кўтариб, 70 миллиард долларлик қўшилган қиймат яратиш;
- янги бозорларга кириб боришда транспорт, сертификат ва стандарт масалаларига кўмаклашиб, кичик бизнес экспортини ўтган йилги 9 миллиарддан 12 миллиард долларга олиб чиқиш;
- ичимлик суви, канализация, йўл, қурилиш, коммунал хўжалик, етказиб бериш, утилизация, миграция, маданият ва ижтимоий хизматларда кичик бизнес улушини 2-3 карра ошириш;
- 1,5 миллион доимий иш ўрни ташкил қилиб, соҳада банд аҳоли улушини 75 фоизга етказиш;
- 100 нафардан кўп ишчиси бор корхоналарни 4 мингтага олиб чиқиш;
- кичик бизнесда янги 100 та бренд маҳсулот чиқаришни йўлга қўйиш;
- кичик бизнес иштирокида 200 та стартап лойиҳаларни молиялаштириш.
Президент соҳа учун янги ташаббусларни илгари сурди.
Жумладан, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш бўйича хорижий экспертлар билан катта дастур ишлаб чиқилди. Бунга 2025 йилда барча манбалар ҳисобидан 10 миллиард доллар ажратилади.
"Бу йил кичик ва ўрта бизнесга 120 триллион сўм ресурс берилади. Бунча катта маблағ илгари ҳеч қачон бўлмаган", - деди давлатимиз раҳбари.
Хусусан, аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш учун 22 триллион сўмлик имтиёзли ресурс ажратилади. Шундан 2,5 триллион сўм ёшларга, яна шунчаси аёллар тадбиркорлиги лойиҳалари учун йўналтирилади.
Аёл тадбиркорларга кредит ставкаси бошқаларга нисбатан 2 фоиз арзон бўлади.
"Уй-рўзғор ва фарзанд тарбиясидан ортиб, тадбиркорлик билан одамларни ишли, даромадли қилаётган аёлларимизга ҳар қанча раҳмат айтсак, арзийди", - деди Президент.
Бу йилдан кичик бизнесга 300 миллион сўмгача кредит бериш бошланди. Эндиликда бир йилда йириклашиб, кичик ёки ўрта корхонага айланган тадбиркорларга шуни 150 миллион сўми гаровсиз берилади. Худди шундай, оилавий тадбиркорлик бўйича ҳам 50 миллион сўмгача гаровсиз кредит берилади.
Мутасаддиларга олдинги кредитидан кечиккан қарзи бўлмаган тадбиркорларга янги имтиёзли кредит олиш имконини яратиш топширилди.
Бизнесни молиялаштиришда муқобил манба сифатида венчур фондлар оммалашмоқда.
Ўзбекистонда беш йилда венчур фондлар иштирокида 145 миллион долларлик 53 та стартап лойиҳа амалга оширилди.
Бу ҳали камлиги қайд этилиб, 9 та давлат банки 3 та венчур компания очиб, 50 миллион долларлик фонд шакллантиргани бизнесни бошлаётган тадбиркорлар учун жуда катта имконият экани таъкидланди.
"Энг муҳими, бундай лойиҳалар иқтисодиётга янги йўналиш, технология, инновация ва юқори қўшилган қиймат олиб киради.
Стартап орқали яратилган юқори самарали инновацион маҳсулот ёки хизматлар техник регламент ва стандартларга киритилади. Бу уларга давлат буюртмаси учун йўл очади", - деди Президент.
Давлатимиз раҳбари венчур фондлар маблағининг бир қисмини сунъий интеллект лойиҳаларига йўналтириш таклифини қўллаб-қувватлади.
Яратилган шароитлар ҳисобига уч йилда 250 мингта янги корхона иш бошлади. Уларнинг кўпчилиги “оёққа туриб”, фаолиятини кенгайтириши учун ер ва бино керак.
"Ҳокимлар ерларни танлашда, энг аввало, кенгайиш истагида юрган, лойиҳаси тайёр тадбиркорлар сўраган жойларни аукционга чиқариши зарур", - деди Президент.
Масалан, Юнусободдаги “Мингбоев роботикс” корхонаси ногиронлиги борлар учун протез ва экзо-скелетлар ясаб, 100 га яқин одамни фаол ижтимоий ҳаётга қайтарган. Тадбиркор фаолиятини кенгайтириш учун ногиронлиги бўлган одамлар бемалол кириб-чиқиши учун қулай жой сўраган.
Бундай юқори технологияли маҳсулот яратадиган тадбиркорларга 10 минг квадрат метргача бўлган давлат объектлари 5 йилга бепул ижарага берилиши белгиланди.
Шу билан бирга, бу борада янги тизим жорий қилинади: 15 та туман ва шаҳарда барча давлат идоралари туманлар марказидаги битта кўп қаватли бинога кўчирилади. Янги биноларнинг 1-2-қаватлари тадбиркорларга сотилади.
Ушбу туманларда давлат идораларидан бўшайдиган 150 та бино аукционда тадбиркорларга таклиф қилинади.
Бу йил кичик ва ўрта бизнес лойиҳалари инфратузилмасига ажратилиши белгиланган 1 триллион сўмга қўшимча 500 миллиард сўм ажратилади.
Қорақалпоғистон, Жиззах, Тошкент ва водий вилоятларида 5,2 минг гектар ерни яхлит ҳолда савдога қўйиб, 49 йилга ижарага бериш бошланди.
Бу ерда тадбиркорларга ўзи хоҳлаган экинни экиб, бир қисмига сақлаш, саралаш, қадоқлаш қувватлари қуришига ҳам рухсат берилди.
Эндиликда шу йилнинг ўзида яна 30 минг гектар ерлар янги тизим асосида савдога чиқарилади.
Яқинда “Узагро-стар” холдинг компанияси ташкил қилинди. 9 та банк ушбу холдинг таркибида мева-сабзавотчиликка ихтисослашган 16 та компания очди.
Бу компаниялар ҳар бир вилоятда мева-сабзавотни қайта ишлайдиган агросаноат комплексини қуради. Бунга дастлабки босқичда яна 200 миллиард сўм берилади.
Президентимиз тадбиркорларда янгилик қилиш, таннархни пасайтириш, сифатни яхшилаш орқали янги бозорларга чиқишга иштиёқ тобора кучайиб бораётганини таъкидлади.
Лекин уларнинг ҳаммаси ҳам бунинг учун қаерга бориб, кимга учрашиш, қаердан мутахассис, янги технология олиб келишни билмаслиги қайд этилди.
Шу боис 20 та туманда кичик ва ўрта саноат корхоналарини ривожлантириш бўйича лойиҳа офислари ташкил этилади. Уларга хорижий муҳандис, технолог, дизайнер, бухгалтер ва маркетологлар олиб келинади. Бу мақсадларга шу йилнинг ўзида 100 миллиард сўм ажратилиши белгиланди.
Лойиҳа офислари корхоналарга таннархни тушириш, сифат ва технологияни яхшилашга, уларни йириклаштириб, саноат даражасига олиб чиқишга кўмаклашади.
Бундан ташқари, кичик бизнесда янги “драйвер” бўладиган ускуна ва дастгоҳлар, тиббий воситалар, электроника саноати, логистика каби соҳаларда тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш бўйича алоҳида дастурлар қабул қилинади.
Янги тадбиркорлар “оёққа туриб олиши” учун, айниқса, улар фаолият бошлаган биринчи йилда қўллаб-қувватлаш жуда муҳимлиги таъкидланди.
Масалан, охирги уч йилда 17,5 минг корхона ташкил этилганига бир йил тўлмасдан тугатилган. Айниқса, Самарқанд, Қашқадарё, Хоразм, Жиззах вилоятлари масъуллари янги корхоналар билан ишлашда энг орқада экани кўрсатиб ўтилди.
"Бундан буён, тадбиркорликка энди қадам қўйганлар учун “биринчи имконият” тамойили жорий этилади. Яъни, илк бор маъмурий ҳуқуқбузарлик қилган тадбиркор жавобгарликдан озод қилиниб, камчиликни бартараф этиш учун имконият берилади.
Бир сўз билан айтганда, янги иш бошлаган тадбиркорлар биринчи хато учун “жавобгарликдан суғурталанган” бўлади", - деди Президент.
Ҳозирда барча тоифадаги тадбиркорларга фаолиятини тугатиш учун бир хил талаб белгиланган. Яъни, каттами-кичикми, барчаси молиявий аудитдан ўтишга мажбур. Оқибатда, ихтиёрий тугатишга ариза берган минглаб кичик корхоналар қачон текширувчи келиб, аудитдан ўтказишини кутиб турибди.
Шу боис бу жараён ҳам соддалашиши эълон қилинди. Охирги уч йиллик айланмаси 10 миллиард сўмдан ошмаган, солиқдан қарзи бўлмаган корхонани ихтиёрий тугатишда текширув ўтказилмайди.
2028 йил 1 январга қадар ҚҚС ва фойда солиғи ставкаси оширилмаслиги белгилаб қўйилган.
"Эндиликда кичик ва ўрта бизнесга қўшимча талаб ва мажбурият юклайдиган норматив ҳужжатлар қабул қилишга ҳам уч йиллик мораторий эълон қилинади.
Фермерлар учун ҳам муҳим янгилик – солиқдан қарзини вақтида тўлай олмагани учун шу пайтгача йиғилиб қолган 1 триллион сўмлик пеняни ундиришдан воз кечилади", - деди Президент.
"Дунёда сунъий интеллект, инновация, рақамли ва яшил технологиялар, креатив хизматлар орқали “катта сакраш” бўлаяпти.
Юртимизнинг бетакрор табиати, тоғ ва яйловлари, тарихий обидалари – кино индустрияси, концерт-томоша фаолияти ва туризмда янги лойиҳаларни амалга ошириш учун катта имконият", - деди давлатимиз раҳбари.
Масалан, “Ичан қалъа” тарихий кино ва сериал олиш учун тайёр саҳна. Кўп давлатлар бундай саҳна павильони қуришга миллионлаб доллар сарфлаяпти.
Ёки, Самарқанд, Бухоро, Шаҳрисабз, Қўқон, Наманган каби йирик шаҳарларимизда халқаро кўргазма, форум ва концертлар ўтказиш учун барча имкониятлар бор.
“Мен ҳам мана шундай соҳаларда лойиҳа қиламан, деган интилувчан тадбиркорларга энг қулай шароитлар яратиб беришга тайёрман”, - деди давлатимиз раҳбари.
Учрашувда кичик бизнесдаги келгуси қадамларни белгилаб берадиган беш йиллик стратегия ишлаб чиқилгани таъкидланди.
Буни халқаро молия ташкилотлари ҳам қўллаб-қувватлаб, янги бизнес йўналишлари бўйича илғор тажриба, инновация, технология ва халқаро стандартларни жорий қилишда кўмаклашишга, бунинг учун ҳозирни ўзида 470 миллион доллар ресурс ажратишга тайёр.
Жумладан, Осиё тараққиёт банки "Молиявий оммабоплик" дастури доирасида кичик ва ўрта бизнесга 100 миллион доллар, Европа тикланиш ва тараққиёт банки "яшил" ва инновацион лойиҳалар учун 200 миллион доллар, Франция тараққиёт агентлиги аёллар тадбиркорлиги учун 30 миллион евро ажратмоқда.
Учрашувда ушбу ташкилотларнинг Ўзбекистондаги ваколатхоналари раҳбарлари сўзга чиқиб, ўз фикр ва таклифларини айтди.
Давлатимиз раҳбари улар вакиллик қилаётган тузилмаларга кўрсатилаётган кўмак учун миннатдорлик билдирди, ҳамкорлик янада кенгайиши учун барча шароитлар яратилишини таъкидлади.
Президентимиз бугун муҳокама қилинган долзарб масалалар: рақобатбардош бўлиш, янги бозорларга кириб бориш, стандарт, янгиликларга ўқитиш, бренд яратиш, стартапларни юзага чиқариб, кўпайтириш учун Кичик бизнес уюшмасини ташкил қилиш ташаббусини қўллаб-қувватлади.
Кичик бизнес билан ишлашга маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси, маҳалла банкиридан тортиб, банклар, бандлик вазири ҳамда Бош вазир ўринбосарларигача жуда катта тизим сафарбар қилингани таъкидланди.
Мутасаддиларга, вилоят ҳокимларига кичик бизнес вакиллари билан самарали мулоқотни йўлга қўйиб, улар кўтарган тизимли масалаларни тезкор ҳал қилиб бориш топширилди.
Давлатимиз раҳбари кичик ва ўрта бизнес вакиллари билан мулоқот қилди, уларнинг фикр ва таклифларини тинглаб, мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.
“Янги Ўзбекистоннинг бизнес салоҳиятини оширишда биз сизларга ишонамиз.
Бир нарсадан кўнгилларинг тўқ бўлсин: Президент доимо сизларга энг яқин кўмакчи, таянч ва суянч бўлади. Сизлар янгилик қилишдан чарчаманглар, мен қўллаб-қувватлашдан чарчамайман.
Шу мақсадда бугун муҳокама қилинган, сизларнинг ҳамма таклиф ва ташаббусларингиз ўрин олган фармонни имзолайман. Ушбу фармоннинг барча енгилликлари бугундан қўшимча ҳужжатларни кутмасдан тўғридан-тўғри амалиётга киритилади”, - деди Президент учрашув якунида.