YOUTUBE ижтимоий тармоғида “Ноқонуний ишлаётган саводсиз гаи ходимлари” сарлавҳаси остида жойлаштирилган видеотасвир юзасидан расмий маълумот

2019 йил 14 октябрь куни ИИББ ЙҲХБ ходими Тошкент шаҳри Яшнобод тумани, Фарғона йўли кўчаси Қўйлиқ бозори қаршисида хизмат олиб бораётиб, “Дамас” русумли давлат рақами 10 P832 QA бўлган автоуловни Йўл ҳаракати қоидаларининг 9-банди талабини бажармасдан яъни хавфсизлик камарини тақмасдан бошқариб келаётган ҳайдовчини тўхтатиб, ҳайдовчидан транспорт воситасининг ҳужжатларини тақдим қилишини сўраган. Ҳайдовчи эса ҳужжатларни тақдим қилишдан бош тортиб, ЙПХ инспекторидан хизмат гувоҳномасини ва дислокациясини кўрсатишни талаб қилган.

 Шундан сўнг ЙПХ инспектори жойлашув дислокациясини кўрсатмагани учун ҳайдовчи ЙПХ инспекторига бўйсунмасдан ҳуқуқбузарлик содир бўлган жойдан кетиб қолган.

Шу куни тасдиқланган жойлашув тақсимотига кўра ЙПХ инспектори 1-навбатга “ТХАЙ-Толариқ” кўчалари чорраҳасига жалб қилинган. Хизматини якунлаб, батальон базасига борган ва иш натижалари ҳамда дислокация кўчирмасини гуруҳ командирига топширган. Аммо Қўйлиқ бозори олдида тирбандликлар юзага келганлиги сабабли батальон командирининг кўрсатмасига асосан гуруҳ командири томонидан қўшимча дислокация қилиниб, шахсий таркиб ёрдамчи куч сифатида Қўйлиқ бозори олдида хизмат ўташга жалб қилинган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 декабрдаги 975-сонли қарори Иловаси 1-боби   9-банди талабларига асосан:

- Транспорт воситаси тўхтатилганида ҳайдовчи ЙПХ ходими айнан тўхтатилган ҳудудда дислокацияга асосан хизмат ўтаётганлиги ҳақида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланган шаклдаги тасдиқланган дислокациянинг кўчирмаси билан шу жойнинг ўзида танишиши мумкинлиги;

-ЙПХ ходимининг дислокацияси ушбу ходим хизмат олиб бораётган Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг саф бўлими бошлиғида сақланиши ва ҳайдовчининг мурожаатига биноан ўн беш кун ичида ёзма равишда маълумот берилиши белгилаб қўйилган.

Қарор Иловасининг 4-боби (Йўл ҳаракати қатнашчиларининг йўл-патруль хизмати ходимлари билан ўзаро муносабатларидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари)    18-бандига мувофиқ, йўл ҳаракати қатнашчилари ЙПХ ходимлари билан ўзаро муносабатларда қуйидаги ҳуқуқларга эга:

- ўзи тўхтатилган ҳудудда ЙПХ ходими хизмат олиб бориши мумкинлиги ҳақидаги дислокация кўчирмаси билан шу жойнинг ўзида танишиш ёки махсус тадбирлар ўтказилаётганлиги ҳақида МАДХ — АДХдан маълумот олиш;

- ҳуқуқбузарлик тўғрисида маъмурий баённома расмийлаштирилганидан сўнг ЙПХ ходимининг дислокацияси сақланаётган саф бўлими (бўлинмаси) бошлиғидан дислокация ҳақида ёзма маълумот беришни талаб қилиш.

Шу билан бир қаторда Қарор Иловасининг 19-бандига мувофиқ Йўл ҳаракати қатнашчилари ЙПХ ходимлари билан ўзаро муносабатларда қуйидагиларга мажбур:

- ЙПХ ходимининг қонуний талабларига бўйсуниши ва уларни бажариш;

- транспорт воситасини бошқаришда белгиланган ҳужжатларни (транспорт воситасини қайд этиш гувоҳномаси, ҳайдовчилик гувоҳномаси, суғурта полиси, юк ҳужжатлари), шахсини тасдиқловчи (ҳайдовчи транспорт воситасини ҳайдовчилик гувоҳномасисиз бошқарган ҳолларда) ҳужжатларни ЙПХ ходимлари талаб қилганда текшириш учун тақдим этиш.

Бундан ташқари, ушбу Қарорда ЙПХ инспектори томонидан тўхтатилган йўл ҳаракати қатнашчисига шу жойнинг ўзида инспекторнинг хизмат олиб бориши дислокацияси кўчирмаси кўрсатилмаган тақдирда, ҳайдовчи транспорт воситасини бошқаришда белгиланган ҳужжатларни (транспорт воситасини қайд этиш гувоҳномаси, ҳайдовчилик гувоҳномаси, суғурта полиси, юк ҳужжатлари), шахсини тасдиқловчи (ҳайдовчи транспорт воситасини ҳайдовчилик гувоҳномасисиз бошқарган ҳолларда) ҳужжатларни ЙПХ ходимига тақдим этмаслиги белгиланмаган.

Инспектор ва ҳайдовчининг мазкур вазиятдаги барча ҳатти-ҳаракатларининг қонунийлиги юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ томонидан тегишли ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.

Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ томонидан шаҳримизнинг йўлларида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш борасида олиб бориётган барча чора-тадбирлар фақатгина инсонларнинг саломатлиги ва ҳаётини сақлаш мақсадида амалга оширилади.

Ҳурматли пойтахтимиз аҳолиси ва меҳмонлари! Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ Сизларни йўлларда доимо қоидаларга риоя этиб ҳаракатланишга чақиради.