“Тилимга боғланг, тилимга”
Фирибгарлик жинояти билан муқаддам 2021 йилда судланиб, 13.380.000 сўм жаримага тортилган Иззат унга берилган енгилликдан тегишли хулоса чиқариш ўрнига қайта-қайта, яъни яна уч бора жиноятга қўл урди. Фирибгарликнинг ҳадисини олган “қаҳрамон”имиз ҳар сафар суд аъзоларидан икки нафар вояга етмаган фарзандларини рўкач қиларкан, енгиллик беришни сўраб, қилмишига пушаймонлиги, бундан бу ёғига ҳалол ва фақат ҳалол яшаши, тўғри йўлга кириши ҳақида қандай ваъдалар бермади, дейсиз. Аммо ҳар сафар ваъдалари унутилиб, “касбини” қўмсайверди. 2022 йилнинг июлида уяли алоқа воситалари олди-сотдиси билан шуғулланишни ният қилиб, масъулияти чекланган жамият очди. Пойтахтнинг йирик алоқа воситалари билан улгуржи савдо қилувчи дўконларидан товар олиб, устига нарх қўйиб сотиш билан машғул бўлди. 12 сентябрь куни товар олгани дўконга келган Иззатга улгуржи сотадиган сотувчи энди насияга бермаслигини фақат нақдига сотишини айтди. Товарларни сотилганидан кейин пулини бериш шарти билан олиб юрган Иззатнинг ёнида бунча пул йўқ эди. У таниши Жабборга қўнғироқ қилиб қарз сўради. Содда, оққўнгил Жаббор пули бору аммо “Lacetti” автомашинаси сотиб олмоқчилигини айтди. Кейинчалик у “тилимга боғланг, тилимга” деган Афандининг сўзларини қанчалик ҳаётий ва тўғри айтилганини қайта-қайта эслашига, ўзи билан ўзи уришишига тўғри келди. Билмаганлар учун билдириб қўяйлик: Афандининг уйига келган меҳмон ҳадеганда кетишни хаёлига келтирмайди. Меҳмоннинг иззати уч кун, дегандек, охири мезбон уни сийламай, хушламай муомала қила бошлайди. Буни сезган меҳмон кетишга чоғланиб, отига минаётганида, Афанди мулозамат ўрнида “яна бир-икки кун меҳмон бўлсангиз бўларди”, деганида меҳмон “отимни қаерга боғлайин?” дейди, ўсал бўлган Афанди “тилимга боғланг, тилимга”, деган экан. Жабборнинг автомашина сотиб олмоқчилигидан хабар топган Иззатнинг мияси яшин тезлигида ишлаб кетди. У Жабборга пул бериб қўллаворса, ўз ёнидан пул қўшиб, заводдан ўз нархида олиб беришга ишонтирди. Унинг 11.000 АҚШ долларини оларкан, беш кун ичида машина билан бирга қайтаришга лафз қилди.
— Иззат олаётган уяли телефонларни сотиб, пулини автомашинага қўшишига, салондан янгисини олиб беришга Жабборни ишонтиради, – дейди Сергели тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими катта терговчиси, капитан Д.Нусратиллаев. – Афсуски, Жабборнинг ишонувчанлиги панд бериб, беш кун эмас, бир неча ойлаб унинг ваъдаларига ишониб келади. Ҳожатбарори чув туширганини кеч англаган жабрдийда ички ишлар органларига мурожаат қилишга мажбур бўлади.
Жиноят ишлари бўйича Сергели туман суди очиқ суд мажлисида 1990 йилда туғилган, муқаддам бир неча бор судланган Н.Иззатни қилмишларини ўрганиб чиқди. Суд жазо тайинлаш масаласини муҳокама қилиб, унинг айбига тўлиқ иқрорлиги ва пушаймонлигини енгиллаштирувчи ҳолатлар деб баҳолади. Жиноят оқибатида етказилган зарарнинг тўлиқ қопланганлиги, жабрланувчининг унга нисбатан даъвоси йўқлиги ва енгиллик бериш ҳақидаги фикрларини инобатга олиб, унга нисбатан санкция доирасида жарима жазосини тайинлади. Иззатни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “а,б” бандларида (“Фирибгарлик”) назарда тутилган жиноятда айбли деб топди ва унга шу модда билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 баравари миқдорида, яъни 90.000.000 сўм жарима жазоси тайинлади.
#tergov_amaliyotidan #из_следственной_практики