Яшнобод туманида Тошкент шаҳар ИИББ раҳбариятининг сайёр қабули ташкил этилди

Сайёр қабул “Ўқчи-Олмазор” маҳалла фуқаролар йиғинида Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғининг ўринбосари – Тергов бошқармаси бошлиғи полковник Зафар Алимов томонидан ўтказилди. Қабулда шунингдек Яшнобод тумани ҳокими Бахтиёр Раҳмонқулов, мазкур туман ИИО ФМБ бошлиғи подполковник Тохир Зупаров, ҳудудий тиббиёт бирлашмаси, йўл ва турар-жой коммунал хизмати соҳалари вакиллари, туман маҳаллалари раислари ва фаоллари иштирок этишди.

Жами қабулга йигирмадан ортиқ фуқаролар келишди. Фуқаролар илтимослари йўл белгиларини ўрнатиш ва чизмаларни янгилаш, паспорт, прописка олишда, ишга жойлашишда ёрдам сўраш билан боғлиқ эди. Бир нечта мурожаатлар ички ишлар органларига хизматга кириш ҳақида бўлди.

Ҳар бир мурожаат Тошкент шаҳар ИИББ раҳбариятининг назоратига олинди, улардан бир қатори жойда ҳал этилди.

Пойтахт ички ишлар органларига муқаддам мурожаат қилган “Ўқчи-Олмазор” маҳалласида яшовчи аёлга тантанали равишда асосий ҳужжат – ID-карта топширилди. 

Сайёр қабул давомида турли хил мурожаатлар келиб тушди, уларнинг аксарияти жойда ҳал этилди. Малакали тиббий ёрдамга муҳтож фуқароларга имтиёзли шартда даволанишга ордер топширилди. Турар жой коммунал ва йўл хизматлари билан боғлиқ масалалар бўйича тегишли хизматларга топшириқлар берилди.