ТОШКЕНТ ШАҲАР ИЧКИ ИШЛАР БОШ БОШҚАРМАСИ

Талаба ёшлар ўртасида содир этилган жиноят муҳокамаси ўтказилди

Шу кунларда Тошкент шаҳар ИИББ мутасаддилари томонидан пойтахтдаги олий ўқув юртларида таҳлилий йиғилишлар ўтказилиб, талабалар томонидан содир этилган жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг сабаб ва оқибатлари муҳокама қилинмоқда.Ана шундай йиғилиш Олмазор тумани ИИО ФМБ томонидан Ўзбекистон миллий университетида ўтказилди. Йиғилиш давомида мазкур ўқув юрти талабалари томонидан содир этилган безорилик жинояти сабаб ва оқибатлари муҳокама қилинди. Тадбирда Олмазор тумани ИИО ФМБ раҳбарияти ҳамда туман 4-сектор бошлиғи, жиноят содир этган талабалар, университет раҳбарияти иштирок этди. Учрашувда инсон ҳаётига хавф солувчи тиғли жисмларни олиб юриш қонунга хилоф эканлиги бўйича ҳам тушунтиришлар берилди.Келгусида ёшлар ўртасида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, олий таълим муассасалари маъмурияти ва ҳуқуқ-тартибот органлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада яхшилаш юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.

1 Ноябр 2024 йил

197

Расмий маълумот

Ижтимоий тармоқларда икки нафар фуқаро ўзаро жанжаллашганлиги акс этган видео тарқалиб, турли муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Мазкур видеотасвир Тошкент шаҳар ИИББ томонидан ўрганилганда, қуйидагилар маълум бўлган.Жорий йилнинг 25 октябрь куни тахминан соат 18.20 ларда Matiz вa Spark русумли автомашина ҳайдовчилари - 1998 йилда туғилган М.Ж. ва 1997 йилда туғилган У.С.лар Сергели тумани, Янги Сергели кўчасида ҳаракатланган вақтида йўл талашган. Сўнг ҳайдовчилар автомашинасидан тушиб, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан йўлнинг қатнов қисмида жамоат тартибини бузиб ўзаро уришишган.Ҳайдовчилар бу ҳолат юзасидан муқаддам ИИОга мурожаат қилмаган.Ҳолат юзасидан ҳайдовчиларга нисбатан Сергели тумани ИИО ФМБ томонидан Ўзбекистон Республикаси маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (“Майда безорилик”) билан маъмурий баённома расмийлаштирилган. Тўпланган ҳужжатлар қонуний чора кўришлик учун жиноят ишлари бўйича туман судига тақдим этилган.Ҳурматли ҳайдовчилар, йўлларда ҳаракатланаётганингизда нафақат ўзингиз, балки йўловчилар ва пиёдаларнинг ҳаёти учун ҳам масъул эканлигингизни унутманг. Йўлларда ҳаракатланиш маданиятига риоя этинг!

31 Октябр 2024 йил

619

Олифтагарчиликни эплолмади

Кимдир яшаш учун овқатланади, кимдир овқатланиш учун яшаши ҳақидаги машойихларнинг қайдлари кўпчиликка таниш. Емакнинг ҳалол бўлиши, кам-кам ейишлик саломатликнинг гарови ҳақида ҳам. Бироқ қарзга, гаров эвазига овқатланиш ҳақида эшитмаган бўлсангиз керак. Камига туҳмат қилишдек жирканч қилмиш асло оқлаб бўлмайдиган ҳолат. Фарруҳ оилали, бир нафар вояга етмаган фарзанднинг отаси. Ёлланма меҳнат билан шуғулланади. Омади чопса, кўпроқ пул топиши мумкин. Баъзан ҳеч нарса топмаслиги ҳам мумкин. Ботир билан баъзан шерикликда ишлайди. Омади чопиб иккови уч кунлик иш олишди. Ғайрат қилиб уни икки кунда бажаришиб  пулни олишаркан, Фарруҳ Ботирга: ”бир тунги клубга бормаймизми? Тўғриси сира ҳам бормаганман. Кел, бир ёшликда ўйнаб қолайлик”, дея таклиф берди.— Мен оғир меҳнат қилиб топганимни қанақангидир тунги клубга сарф қилишни хоҳламайман. Ундан кўра  уйимга рўзғор қиламан, – деди қатъий Ботир. Бир ўзи нотаниш жойга сўппайиб кириб боришни ўзига эп билмаган Фарруҳ:— Мен сени меҳмон қиламан, менга шерик бўлсанг бўлгани, – дея Ботирнинг ҳоли-жонига қўймади.Улар тунги учларга яқин Учтепа туманида жойлашган тунги клубларнинг бирига ташриф буюришди. Ботирнинг огоҳлантиришига қарамай, Фарруҳ ўзи билган-билмаган таомлар, ичимликларга буюртмалар бера бошлади. Тунги клуб деганлари Ботирга ёқмади ва у узрини сўраб, кетишга чоғланди. Фарруҳ эса яна таом ва ичимликлар буюрди. Тун тонгга уланар маҳал, ҳисоб-китоб қилиш мавриди етганда ҳисобни кўриб, Фарруҳнинг кўзи қинидан чиқиб кетай деди. Ҳисоб қоғозига 1 миллион 200 минг сўм ёзилганди. Унинг кўз олди хиралашиб, йиқилиб тушишига оз қолди. Устки кийимидаги барча чўнтакларни титсада бунча пул чиқмади. Официант эса “олифтагарчилик шунақа бўлади”, дегандек масхараомуз унга қараб турар, пул беришини сабрсизлик билан кутарди. Ер ёрилса-ю Фарруҳ ерга кириб кетса... У қўлидаги “Redmi” уяли телефонини гаровга қўйиб, пулни олиб келиб беришга клуб ходимини аранг кўндирди. Шовқин-сурон, мусиқа, турли-туман ўткир ва ғалати ҳидлардан қутулиб кўчага чиққан Фарруҳнинг ҳуши ўзига келди ва нима қилиб қўйганини, уйда хотинига нима деб жавоб беришини, бирор нарса илинжида югуриб қаршисига пешвоз чиқадиган  ўғлининг кўзига қандай қарашини ўйлаб кўз олди қоронғилашиб кетди. Шунча пулни қаердан олади, ўзи зўрға етишган янги телефонини  гаровга бергани-чи?! Эҳ, шунақанги ҳам аҳмоқ бўладими?! Бир ярим ойга етадиган  рўзғор пули  икки соатлик кайфу сафосига етмаса-я... Икки кун бетон қориб, эзилиб ишлаганига алам-алам... Пулига куйган, қалампир чайнар, деган мақол шундай “орзу-ҳавас”қилиб, топганидан айрилганларга нисбатан айтилган бўлса, ажабмас. Бироқ у бўш келгиси келмади.  “102” га қўнғироқ қилиб: “Тунги клуб ходимлари уриб,телефонимни  тортиб олишди ва мени ҳайдаб юборишди”, дея арзу-дод қилди.— Қилғиликни қилиб, ҳолатдан бундай жирканч ҳолда чиқишни ўйлаган Фаррруҳнинг режаси иш бермади, – дейди Учтепа тумани ИИО ФМБ Тергов бўлими катта терговчиси, майор Олим Раззаков. – Гувоҳлар, видеокузатувдаги тасвирлар унинг ёлғон гувоҳлик бераётганини фош этди. Келтирилган далиллар олдида ўзи ҳам уялди, аммо кеч бўлганди.   1989 йилда туғилган Фарруҳнинг қилмиши Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман судининг очиқ суд мажлисида кўриб чиқилди. У Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 237-моддаси, 2-қисми “Б” банди (“Ёлғон хабар бериш”) билан айбли деб топилди ва мазкур кодекснинг 72-моддаси қўлланиб, 3 йил синов муддати белгиланди.

31 Октябр 2024 йил

181

Бектемир туманида жиноят муҳокамаси ўтказилди

Бектемир туманида содир этилган талончилик жинояти жамоатчилик вакиллари ўртасида муҳокама қилинди. Унда Тошкент шаҳар ИИББ Жамоат тартибини сақлаш бошқармаси бошлиғи подполковник Баходир Анваров, туман ИИО ФМБ раҳбарияти ва масъул ходимлари иштирок этди.Муҳокама йиғилишида жорий йилнинг 26 октябрь куни тахминан соат 14.30 ларда Нурафшон маҳалласида содир этилган талончилик жиноятининг келиб чиқиш сабаблари ва оқибатлари таҳлил қилинди. Йиғилиш давомида туман ИИО ФМБ ходимлари бу каби жиноятларнинг олдини олишда “хонадонбой”, “фуқаробай” усулда иш олиб боришни кучайтириш кераклиги, кўча ва бошқа жамоат жойларида хизмат олиб бораётган ходимлар ҳар бир ҳолатга эътиборли бўлиши лозимлиги, фуқаролар ҳам бу каби ҳолатларга гувоҳ бўлганда зудлик билан ИИОга хабар бериши кераклиги таъкидланди. Ҳар қандай содир этилган жиноий қилмиш жазосиз қолмаслиги алоҳида таъкидланди. Келгусида бундай салбий ҳолатларнинг олдини олиш бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берилди.Сўзга чиққан маҳалла фаоллари ўз фикр ва мулоҳазаларини билдиришди, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида сўз юритилди.

31 Октябр 2024 йил

306

Интерактив хизматлар

Text to speech