ТОШКЕНТ ШАҲАР ИЧКИ ИШЛАР БОШ БОШҚАРМАСИ

Орзулар сари

Ҳар бир идоранинг иш фаолияти келди-кетди хат, қоғозларнинг  “ўчоғи” бўлмиш Котибиятдан бошланади. Ҳар бир ҳужжат у  юқори турувчи идораникими, ташкилот, корхонаникими, фуқароникими биринчи навбатда раҳбариятга киради. Кейинги босқич эса унинг ижросини  кечиктирмай қонун доирасида таъминлаш. Бу ўринда Котибият ходимларининг ўз ишларини аниқ ва тўғри бажариши  катта аҳамият касб этади. Ҳужжатларнинг ижро муддатларини назоратга олиш, ижрочига етказиш, ижро натижаларидан уларни хабардор этиш тўхтовсиз ва доимий жараёндир.Бектемир тумани ИИБ Котибиятида ёлланма ходим бўлиб иш бошлаган  Бахтия Содиқова иш жараёнига тезда киришиб кета олмади. Бироқ тиришқоқлиги ва  зийраклиги сабаб устозлари – таҳлилий бўлим бошлиғи, подполковник Фахриддин Эгамбердиев, Котибият бошлиғи, сержант Зулфия Бахтиева, катта иш юритувчи, сафдор Жадгерова Айгулларнинг маслаҳати ва йўл-йўриқларига амал қилиб, зарур кўникмаларни ҳосил қилди. Орадан бир йил ўтиб,  соҳанинг сир-асрорларини ўзлаштирган, ишлаш жараёнида  касбига меҳр қўйган Бахтия туман ИИБ Котибиятининг катта иш юритувчиси лавозимига тайинланиб, сафдор унвони берилди.Ҳар бир касбнинг ўзига яраша қийинчиликлари, машаққатлари бор. Лекин инсон уларни енгиб ўтишни ўз олдига мақсад қилиб қўйса, албатта унга эришади,- дейди суҳбатда Бахтия. – Туманимизда  саноат корхоналари талайгина. Айтарли,  ҳар куни ўнлаб мурожаатлар, сўровномаларни қайд этамиз. Уларнинг ижроларини таҳлилий бўлим ходимлари билан биргаликда  назорат қилиб борамиз. Ҳар бир ҳужжат ортида инсон, юртимиз равнақи, ривожланиши учун  ҳаракат туради. Эҳтимол айримлар учун ишимиз осондек туюлар. Бироқ  кўзга кўринмасдек туюлган бу иш катта масъулият ва эътиборни  тақозо  этади.Ойлик, чорак ва йиллик ҳисоботларни муддатида тайёрлаш, хатога йўл қўймаслик, тўғри таснифлаш диққат ва жавобгарликни талаб қилади.  Баъзан ишда узоқ вақт қолиб кетишга, байрам, дам олиш кунлари ҳам ишлашга тўғри келади. Бахтиянинг турмуш ўртоғи ҳам шу соҳа вакили бўлганлиги боис бу ҳолатларни  тўғри тушунади. Турмуш ўртоғининг хайрихоҳлиги, қўллаб-қувватлаши  туфайли, Бахтия янада юқори марраларни забт этиш ва олий маълумотли бўлиш мақсадида Республика ИИВ Академиясига ҳужжат топширди. Имтиҳонлардан муваффақиятли ўтган Бахтия ҳозир 2-босқичда ўқишни иш билан бирга олиб бормоқда. Келгусида унинг орзулари бисёр. Билимга, ўқиб ўрганишга чанқоқ бу аёлнинг албатта, орзуларига етишишига шубҳа йўқ.

10 Май 2024 йил

16

Ички ишлар вазири бир нечта хонадонларга ташриф буюриб, фахрийлар, нуронийлар ва кекса авлод билан учрашиб, давлатимиз раҳбарининг эзгу тилакларини етказди

«9 май — Хотира ва қадрлаш куни» муносабати билан Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов соҳа мутасаддилари ва масъуллар иштирокида бугун Тошкент шаҳридаги бир нечта хонадонларга ташриф буюриб, фахрийлар, нуронийлар ва кекса авлод билан учрашиб, давлатимиз раҳбарининг эзгу тилакларини етказди.Хотира – азиз, қадр – муқаддас. Юртимизда байрамлар олдидан кекса авлод вакилларига ҳурмат кўрсатиш, нуроний, фахрийлар ҳолидан хабар олиш яхши анъанага айланган. Сабаби, бугунги осуда кунларимиз, фаровон турмушимиз уларнинг машаққатли хизмати ва букилмас иродаси эвазига эканини унутмаслик лозим.Айни шу мақсадда Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов ва масъуллар пойтахтимизда истиқомат қилиб келаётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, фронт ва фронт орти фахрийлари хонадонларида бўлиб, Президентимизнинг байрам табрикларини етказишди, шунингдек байрам совғаларини улашиб, қувончларига шерик бўлишди.Пойтахтимизнинг Миробод туманида яшовчи Циглинцева Тамара Петровнанинг болалик пайтлари Ленинград қамалида ўтган. Урушнинг машъум хотиралари унинг мурғак қалбида муҳрланган. Эллик тўққиз йил умрини меҳнат қилишга сарфлаган, кўплаб қийинчиликларни бошидан ўтказган қаҳрамонимиз бугунги дориламон кунларга шукрона келтиради.Яна бир фахрийимиз – Чилонзор тумани, Нафосат маҳалласида истиқомат қилувчи Комарова Мария Сергеевна бўлади. Иккинчи жаҳон урушининг инсонлар қалбидаги оғриқли онларининг даҳшатини кинофильмлар орқали эмас, ўз хотиралари билан эслайди. Кучли ирода, матонат ва ҳаётсеварлик Мария Сергеевнани бугунги тинч ҳамда фаровон кунларгача етиб келишида муҳим восита бўлди. Қаҳрамонимиз Ички ишлар вазири билан учрашувда албатта, бугунги осойишта кунларга етиб келганидан бахтиёрлиги, давлат раҳбарининг эътиборидан миннатдор эканини билдирди.Масъуллар ушбу маҳаллада яшовчи яна бир фахрий – Соколова Тамара Михайловна хонадонида бўлиб, нуроний онахон билан суҳбатда бўлишди. Ҳаётининг кўп қисмини ўзбек халқи билан ўтказган қаҳрамонимиз ўттиз олти йил умрини илмга, ёш авлодга таълим-тарбия беришга бағишлади. Ички ишлар вазири хонадонига ташрифи давомида Тамара Михайловна билан самимий суҳбатлашар экан, унинг машаққатга тўла умр йўли бугунги ёш авлод учун чинакам ҳаёт мактаби эканини таъкидлади.Мутасаддилар кекса фахрийлар билан учрашиш асносида уларнинг яшаш шароити, саломатлиги ҳамда муаммоларини ҳам ўрганишди. Фахрийлар хонадонларига ташрифлар давомида Ички ишлар вазирлиги ҳамда Қоровул қўшинлари оркестрлари томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар уларга яна бир бор кўтаринки кайфият улашди. Бу каби тадбирлар республика миқёсида ўтказилмоқда ва уларда ҳудудий ички ишлар органлари раҳбарлари ҳам иштирок этмоқда.

8 Май 2024 йил

368

Ходимлар тунги хизматга шай

 Тошкент шаҳар ИИББ ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари пойтахтимиз хавфсизлигини таъминлаш ва жамоат тартибини сақлаш мақсадида туну кун хизмат олиб бормоқда.Тунги хизматга жалб қилинган ходимларнинг шайлигини текшириш, улар билан хизмат олди йўриқномасини ўтказиш мақсадида “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройи олдида йиғилиш ўтказилди. Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи генерал-майор Азиз Ташпулатов бошчилигида ўтказилган йўриқномада прокуратура масъуллари ҳам иштирок этди.Йўриқномада генерал-майор А.Ташпулатов сўзга чиқиб, ходимлар хизматни ҳушёрлик билан олиб бориши, ҳар қандай шубҳали шахслар ва буюмларга эътиборли бўлиши, аниқланган ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар бўйича зудлик билан қонуний чора кўриши кераклигини таъкидлади. Шунингдек сўзга чиққан Бош бошқарма бошлиғининг маслаҳатчиси Муроджон Каримов ички ишлар ходимлари халқ хизматчиси эканлигини, қонунларга қатъий риоя қилиши ва бошқа фуқароларга намуна бўлиши лозимлигини алоҳида таъкидлади.     Йўриқномадан сўнг барча ходимлар хизматни ўташ учун ўз йўналишлари бўйича ишга жалб этилди.

8 Май 2024 йил

260

Интерактив хизматлар

Text to speech